Инсон ҳуқуқлари фаоли судьяларнинг маҳаллий кенгашлар олдида ахборот бериш амалиётини танқид қилди
Прокурор далага гўнг ташийди, “началник мелиса” далага дори септиради. Шу нуқтайи назардан қарасак, бу нормал. Лекин дунёвий, ҳуқуқий ва халқаро нормалардан келиб чиқсак, бу жуда кулгили, дейди инсон ҳуқуқлари фаоли.
Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Kun.uz'га берган интервьюсида судьяларнинг Маҳаллий Кенгаш депутатлари олдида ахборот бериш амалиётини танқид қилди.
“Вазиятни ҳисобга олсак, бу – нормал. Чунки давлат ҳокимиятининг бошқа тизимларида ҳам шундай ҳолат кетяпти. Прокурор далага гўнг ташийди, “началник мелиса” далага дори септиради. Шу нуқтайи назардан қарасак, бу нормал
Лекин дунёвий, ҳуқуқий ва халқаро нормалардан келиб чиқиб таҳлил қилсак, бу жуда кулгили. Қандай қилиб ахир, у суд-ку? Судлар маҳаллий кенгашлар олдида ахборот бериши мумкинми? Ахир, қонунларда унинг алоҳида ҳокимият экани ёзиб қўйилган-ку.
Судларга ижтимоий вазифалар қўйиб бўлмайди. Унга “суд ундай бўлиши керак, бундай бўлиши керак”, дея ақл ўргатиб бўлмайди. Суд бу – шеърият эмас, суд бу – ҳуқуқ. У жазолаши ёки оқлаши керак, тамом”, – дейди фаол.
“Эзгулик” жамияти раисига кўра, Ўзбекистонда суд тизимидаги муаммолар аввало ҳокимиятларнинг бўлиниши принципи тўғри ишламаётганининг оқибати ҳисобланади.
“Ҳокимларнинг судлар ишига тинимсиз аралашиши ва қарорларига таъсир ўтказиши ҳам бошқарувдаги кемтикликларнинг оқибати.
Биз мутафаккирларнинг фикрига таяниб айтадиган бўлсак, суд жиноятчиларни жазолай олмаётган экан, демак уларга шерик ҳисобланади.
Ёки Аврелий айтганидек, одил суд бўлмаган жамиятда ҳамма қароқчига айланади.
Биз мана шуларни тан оларканмиз, ҳаминқадар ишлаётганимизни, ҳокимият идораларида фалажлик борлигини ҳам тан олишимиз керак.
Фикримча, ишламаётган суд тизимини Олий судда раҳбар ўзгариши ишлатолмайди. Масалани ҳал қилиш учун ҳокимиятнинг бўлиниши қоидалари реал ишлаши керак.
Муаммолар муаммоларни келтириб чиқараверади. Муаммоларимиз эса фақат судлар билан боғлиқ эмас. Масалан, прокуратурада, терговда шунчалик кўп муаммолар борки, у муаммоларнинг аҳамияти судникидан кам эмас. Умуман, олганда жамиятимизда иммунитет танқислиги синдроми кечмоқда.
Одамлар бу вазиятдан фақат ўзи ҳаракат қилиб, уйғониш орқали чиқиши керак. Агар жамиятда судга ҳурмат уйғонмаса, битта локомотив кўплаб вагонларни тортиб кетолмайди. Бунча вазифани эплаш мумкин эмас.
Яна бир мисол, яқинда прокуратура фаолиятига бағишланган бир тадбир бўлиб ўтди. Унда бир прокурор чиқиб, прокуратура эришган шарафлар ҳақида гапириб кетди. Мен эса айтдим, қандай қилиб прокуратура шарафга эришади, мамлакат тарихидаги тўртта бош прокурордан учтаси қамоқда ўтирган бўлса? Буни бир мисол сифатида гапиряпман.
Шунинг учун биз факт, рақам ва статистикага эътибор берайлик. Биз рақамлар, фактлардан келиб чиқиб, муаммоларимизга ташхис қўйишимиз керак.
Шунингдек, бизда ақл марказлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ишламагунча ҳам давлат ҳокимиятларининг тўғри ишлашини кутиш қийин”, – дейди Абдураҳмон Ташанов.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
18:39 / 19.12.2024
Қирғизистонда милиция ходимларини суратга олишни тақиқловчи қонун лойиҳаси қабул қилинмади
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
21:02 / 12.12.2024
Янгийўлда 5 болани босиб кетиб, икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи ахлоқ тузатиш жазосини олди
15:29 / 11.12.2024