“Самарқанд руҳи” – халқаро ҳамкорликнинг янги форматини шакллантиришда мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкин
Бир йил муқаддам, 2021 йил 17 сентябр куни Душанбеда бўлиб ўтган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммитида мазкур уюшмада 2021-2022-йилларда раислик қилиш навбати Ўзбекистонга ўтди. Бу давр халқаро муносабатларда мисли кўрилмаган зиддиятлар, бебошдоқлик ва кескин ўзгаришлар тўлқинига тўғри келди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12 сентябрь куни чоп этилган “Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласида ҳам қайд этилганидек, “Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос тарихий эврилиш палласига тўғри келди – бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланмоқда”.
Шу муносабат билан давлатимиз ШҲТда раислик доирасида мисли кўрилмаган сиёсий, дипломатик, ташкилий ва техник жиҳатдан мураккаб вазиятларга дуч келиши аниқ эди. Аммо Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислиги бошланган кундан бери орадан бир йил ўтиб, бугун раислик натижаларини сарҳисоб қилар эканмиз, мамлакатимиз нафақат ўз олдида турган барча вазифаларни муваффақият билан бажариб, халқаро ҳамжамият қаршисида ёруғ юз билан турганини, балки мазкур йирик ташкилотнинг бугунги тараққиёти ва истиқболи учун катта ҳисса қўшганига гувоҳ бўлишимиз, бундан ҳақли равишда ғурурланишимиз мумкин.
Зеро пандемиянинг салбий оқибатлари ва жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик давом этаётган бир шароитда расмий Тошкент ШҲТ шафелигида 80 дан зиёд тадбирни самарали ўтказишга муваффақ бўлди. Бу минтақавий ташкилотлар фаолиятида жуда кам учрайдиган ўта интенсив фаолият кўрсаткичидир. ШҲТ доирасида раислик қилган бошқа ҳеч бир давлат бу қадар кўп тадбир ўтказишга муваффақ бўлмаган.
ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари иштирокида турли даражадаги ва Ўзбекистоннинг ҳар хил шаҳарларида кўп томонлама учрашувлар дипломатик, иқтисодий, ахборот соҳаларидан тортиб, санъат ва маданий-гуманитар алоқаларгача бўлган ҳаётнинг кўплаб соҳаларида ташкил этилди. Улар турли форматларда, жумладан виртуал ва юзма-юз учрашувлар, шунингдек, музокараларнинг ҳар иккала турини ўзини мужассам этган “гибрид режим”ларда бўлиб ўтган. Шу мақсадда ушбу 80 та тадбирнинг ҳар бирининг кун тартиби, дастури, иштирокчилари рўйхати ва якуний ҳужжатларини мувофиқлаштириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.
ШҲТ доирасида тадбирларини ташкил этишда Ўзбекистон томонидан янги ёндашув ва форматлар жорий қилинди. Улар нафақат Тошкентда, балки мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ҳам ўтказилди, бу эса Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига алоқадор давлатларнинг мамлакатимиз вилоятлари салоҳияти билан яқиндан танишиш имконини берди. Шу тариқа, Нукус, Бухоро ва Фарғонада ШҲТ Миллий координаторлари кенгашининг йиғилишлари ташкил этилди. Жорий йилнинг август ойида Самарқанд шаҳрида бир қатор тадбирлар ўтказилди.
Ўзбекистон томонидан ўтказилаётган кўплаб учрашув ва музокаралар нафақат ШҲТ доирасида аллақачон йўлга қўйилган ҳамкорлик йўналишларини, балки унинг фаолияти доирасида янги талаб қилинадиган йўналишларни ҳам қамраб олди. Хусусан, Ўзбекистон раҳбарининг ШҲТ кун тартибини истиқболли ва долзарб масалалар бўйича ўзаро ҳамкорлик орқали кенгайтиришга қаратилган қатор таклифлари амалга оширилди: ташкилот доирасида биринчи марта раислигида Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари, шунингдек, камбағалликни қисқартириш масалаларига бағишланган вазирлик даражасидаги учрашувлар бўлиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси билан ШҲТ доирасида Халқ дипломатияси форуми (11-12 май), ШҲТ Туризм форуми (20 май), ШҲТ анъанавий тиббиёт форуми (7 июн), ШҲТ Ёш истеъдодлар ўртасида стартап лойиҳалар танлови каби тадбирлар ўтказилди.
Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислиги даврида марафон каби давом этган тинимсиз дипломатик фаолият мисли кўрилмаган натижани таъминлади: бир йил ичида ушбу ташкилот доирасида 37 та халқаро ҳужжатнинг келишиш жараёни бошланиб, мувофиқлаштирилди ва Самарқанддаги саммит арафасида муваффақиятли якунига етказилди. Бу ҳам ушбу ташкилот тарихидаги ўзига хос кўрсаткичдир. Қолаверса, ушбу ҳужжатларнинг 30 таси Ўзбекистон ташаббуси билан, аксарият ҳолларда шахсан Президент Шавкат Мирзиёев таклифи билан ишлаб чиқилган бўлиб, улар стратегик муҳим ва амалий характерга эга. Бу ҳужжатлар ШҲТда ўзаро ҳамкорлик соҳаларини мазмунан ва институционал жиҳатдан кенгайтиришга қаратилган.
Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раиcлигининг энг кульминацион нуқтаси 15-16 сентябр кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган саммит бўлади. Қайд этиш жоизки, бу учрашув Ўзбекистон ва ШҲТ тарихида мисли кўрилмаган даражадаги катта халқаро сиёсий-дипломатик тадбир бўлади. Айтиш мумкинки, у оддий ШҲТ саммитларидан фарқли ўлароқ, “ШҲТ+” форматида ўтказилади.
Тадбирда ташкилотга аъзо давлатлар – Ўзбекистон, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, шунингдек, кузатувчи давлатлар, Эрон, Мўғулистон ва қатор бошқа ҳамкор давлатлар – Озарбойжон, Aрманистон, Беларус, Туркия ва Туркманистон раҳбарлари қатнашади. Шунингдек, саммит доирасида Саудия Aрабистони Подшоҳлиги, Қатар, Мисрнинг юқори мартабали вакиллари ҳамда БМТ, МДҲ ва 10 га яқин бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳам Самарқандга ташриф буюради. ШҲТ тарихида ҳеч қачон бундай “катта саммит” бўлмаган. Мазкур тадбирнинг кўлами ва формати шу қадар кенгки, уни “саммитлар саммити”деб атасак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди, зеро унинг доирасида асосий воқеа – ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашувидан ташқари, бошқа кўплаб икки томонлама, уч томонлама саммитлар ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик мақоласида таъкидланганидек, “ШҲТнинг Самарқанд саммити умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив ҳамкорлик принципларига асосланган янги, инклюзив мулоқотни йўлга қўйиш борасида ўзига хос намуна бўла олади. Тарихан шаклланган тушунчага кўра, Самарқанддан туриб қаралганда, дунё тарқоқ эмас, балки яхлит ва бўлинмас бўлиб кўринади. “Самарқанд руҳи” деган ноёб феноменнинг мазмуни ҳам асли шунда мужассам бўлиб, у халқаро ҳамкорликнинг, жумладан, ШҲТ доирасидаги шерикликнинг принципиал жиҳатдан янги форматини шакллантириш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкин”.
Нигора Йигиталиева
Сиёсий фанлар номзоди (PhD)
Мавзуга оид
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
07:24 / 17.12.2024
Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокимларига ўринбосарлар тайинланди
19:08 / 16.12.2024