Ўзбекистон | 11:13 / 12.09.2022
19200
7 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: ШҲТ айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим

Ўзбекистон президенти ШҲТни «маданий-цивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштира олган ўзига хос давлатлараро тузилма», деб атади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг Самарқанддаги саммити арафасида эълон қилинган мақоласида халқаро ҳамкорликнинг универсал принцип ва нормаларга асосланган тизими издан чиқиб бораётганини таъкидлади. У «глобал даражада ишончнинг чуқур таназзулга юз тутаётгани»ни — асосий сабаблардан бири сифатида қайд этди.

Ўзбекистоннинг Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос «тарихий эврилиш» палласига тўғри келди – бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланмоқда.

Халқаро ҳамкорликнинг универсал принцип ва нормаларга асосланган тизими издан чиқиб бораётгани бугунги кун ҳақиқатидир. Бунинг асосий сабабларидан бири – глобал даражада давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончнинг чуқур таназзулга юз тутаётгани билан боғлиқ. Бу эса ўз навбатида геосиёсий қарама-қаршиликларга рағбат бериб, «блокларга мансублик» стереотипларининг қайта туғилиш хавфини юзага келтирмоқда. Давлатлар ўртасидаги бундай ўзаро ишончсизлик жараёни жаҳон иқтисодиётининг аввалги тараққиёт йўлига қайтиши ва глобал таъминот занжирларининг тикланишини мураккаблаштирмоқда.

Дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган қуролли можаролар савдо ва инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги муаммоларини янада кескинлаштирмоқда.

Шу билан бир қаторда, глобал иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши, биохилма-хилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши жамиятларимизнинг заиф томонларини янада яққолроқ кўрсатиб бермоқда. Бу муаммолар инсоният тақдирига бевосита дахлдор бўлган муштарак қадрият ва неъматларнинг емирилишига олиб келиб, одамлар ҳаёти ва фаолиятига таҳдид солмоқда, уларнинг даромад манбаларини қисқартирмоқда.

Бундай мураккаб шароитда бир ҳақиқат аниқ: ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмас.

Бугун биз яшаётган, жараёнлар ўзаро чамбарчас боғланган дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликдир. Айнан инқироз ва бўҳронлар даврида мамлакатлар, улар хоҳ катта, ўрта ёки кичик бўлсин, ўзларининг тор доирадаги манфаатларини устун қўймасдан, аксинча, асосий эътиборни глобал ҳамжиҳатликка қаратишлари лозим. Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга хавф туғдираётган, ҳар қайси мамлакатга рахна соладиган таҳдид ва хатарларга қарши умумий саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштириш ва сафарбар этиш барчамиз учун бирдек манфаатлидир.

Самарали халқаро ҳамкорлик – бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омилидир. Айнан шундай ёндашув замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ, мақбул ва самарали йўл ҳисобланади.

Муваффақиятли минтақавий ҳамкорлик модели

Барчанинг ва ҳар бир томоннинг манфаатларига жавоб берадиган халқаро ҳамкорликни кўп томонлама институтларсиз амалга ошириб бўлмайди. Ушбу институтлар фаолиятидаги муайян камчиликларга қарамасдан, улар минтақавий ва глобал миқёсда давлатлараро ҳамкорликнинг энг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилишда давом этмоқда. Халқаро ва минтақавий ташкилотлар мамлакатлар ўртасидаги турли келишмовчиликларни енгиб ўтиш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтириш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувни рағбатлантиришга ёрдам беради.

Кўп томонлама фаолиятга асосланган энг ёш институтлардан бири – Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти айнан мана шундай мақсад ва вазифаларни кўзлайди. Бу ташкилот маданий-цивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштира олган ўзига хос давлатлараро тузилмадир. Тарихан қисқа даврда ШҲТ катта йўлни босиб ўтиб, глобал сиёсий ва иқтисодий тизимнинг ажралмас қисмига айланди, деб қатъий ишонч билан айтиш мумкин.

Бугунги кунга келиб ШҲТ ҳамжамияти – улкан географик маконни қамраб олган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилотдир.

ШҲТнинг халқаро ташкилот сифатидаги жозибадорлиги унинг фаолияти асосини ташкил этадиган қуйидаги тамойилларда намоён бўлмоқда: Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг турли блоклардан холи мақомга эга экани, очиқлик, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, барча иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймаслик.

Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг муваффақият гарови – минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суришдадир.

ШҲТ ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим.

Шу сабабли ҳам ШҲТ фаолиятига қўшилиш истагидаги давлатлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Бу тенденция халқаро ва минтақавий муносабатлар тизими трансформация жараёнини бошидан кечираётган бугунги шароитда яққол кўзга ташланмоқда.

ШҲТ маконидаги давлатларнинг юксак инсоний, интеллектуал ва технологик салоҳиятга, жадал ривожланаётган иқтисодиётларга ва ҳали тўлақонли фойдаланилмаган табиий захираларга эга экани ташкилотнинг иқтисодий аҳамиятини янада оширишга хизмат қилади.

Бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар ялпи ички маҳсулотининг умумий ҳажми жаҳон кўрсаткичининг қарийб чорак қисмини ташкил қилмоқда. Бу эса эндигина 20 ёшга тўлган ушбу минтақавий Ташкилот томонидан дунёнинг барқарор ривожланишига қўшилаётган ҳиссасининг салмоғи юксак эканидан далолат беради.

Янги синовлар ва имкониятлар вужудга келаётган бугунги дунёда ШҲТнинг трансформацияси ва юксалиши учун нафақат аъзолар сонининг кўпайиши ҳисобига, балки ташкилот ривожининг янги стратегик йўналишларини илгари суриш орқали кенг истиқболлар мавжуд. Бу ўринда гап транспорт ва ўзаро боғлиқлик, энергетика, озиқ-овқат ва экология хавфсизлиги, инновациялар, рақамли трансформация ва «яшил» иқтисодиёт каби муҳим йўналишлар ҳақида бормоқда.

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди