Жаҳон | 18:57 / 19.09.2022
52938
10 дақиқада ўқилади

«Оҳангнинг ўзгариши». ОАВ ва экспертлар Путиннинг ШҲТ саммитидаги учрашувлари ҳақида

У энди куттирмаяпти, балки уни куттиришмоқда.

Фото: EPA

Россия президенти Владимир Путин Самарқандда бўлиб ўтган Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммитида иштирок этди ва Россиянинг ушбу ташкилотдаги энг йирик ҳамкорлари Хитой ва Ҳиндистон раҳбарлари билан учрашди. Иккала учрашувда ҳам Украинадаги уруш тилга олинди, Путин Хитойнинг бу борадаги хавотирини тан олди, Ҳиндистон раҳбари Нарендра Моди эса Кремлнинг ҳаракатларини очиқчасига танқид қилди.

Ғарб оммавий ахборот воситалари Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотини кўпинча Ғарб блоклари – биринчи навбатда, НАТО ва Европа Иттифоқига қарши тузилма сифатида тасаввур қилишади. Россия раҳбари ШҲТ давлатлари раҳбарларини ўзига ва Россиянинг ҳаракатларига мойил бўлган шериклар сифатида кўради. Дарҳақиқат, Ғарб босимига қарамай, блокнинг энг йирик давлатлари Ҳиндистон ва Хитой яқин вақтгача Россиянинг Украинага тажовузини очиқдан очиқ қораламаган эди. Бироқ, сўнгги саммитда бу позиция ўзгариб бораётганининг аломатлари пайдо бўлди.

Путин аввал ҳаммани куттирарди, энди эса ўзи кутди (ҳатто бир неча марта)

Ўзгаришлар ҳатто саммитнинг «хореографияси»да ҳам сезилди. Биринчидан, Путин музокаралар пайтида бошқа давлат раҳбарларини куттириб қўймади. Одатда, олдин ҳамма уни кутиб турарди. Масалан, бир пайтлар Рим Папаси билан бўлган учрашувга Путин 45 дақиқа кечикиб борди. Бу сафар эса унинг ўзи бошқаларни кутишга мажбур бўлди.

«Путин саммитда ўзига хос устунлик аурасига эга эмас эди, буни кузатувчилар пайқашди. Пайшанба куни у Қирғизистон президентини кутиб туришга мажбур бўлди. Кейин эса Туркия президенти Ражаб Эрдўған ҳам Путинни бир неча дақиқа камералар олдида ёлғиз қолдирди», деб ёзди Британиянинг Daily Telegraph нашри.

Кўпчилик буни пайқади. Россия президенти Ражаб Эрдўғанни 45 сония кутиб турди. Ўз нутқида эса уни «бош вазир» деб атади. Бундан ташқари, Путин нафақат Туркия ва Қирғизистон, балки Ҳиндистон ва Озарбойжон раҳбарларини ҳам камералар қаршисида кутиб турди.

Эрдўған уни қўлтиғидан ушлаб олди

ШҲТ саммитидан олинган видеолавҳаларда Эрдўған Путинни қўлтиқлаб бораётгани кўзга ташланди. Ижтимоий тармоқларда буни Россия президентининг соғлиғида муаммолар борлиги билан изоҳлашди. Бу ҳақда матбуотда ҳам хабарлар тарқалиб турган, аммо Кремль уларни инкор қилиб келган.

Си Жинпинг Путин билан ниқобсиз мулоқот қилди

ШҲТ саммити Хитой раҳбари учун пандемия бошланганидан буён илк хориж сафари эди. Си Самарқандга келишдан олдин бир неча соат Қозоғистонда бўлди.

Хитой раҳбари бошқа давлат раҳбарлари билан кечки овқатда иштирок этмади. Бу «ковид билан боғлиқ чекловлар» туфайли экани айтилди.

Си Путин билан тиббий ниқобсиз мулоқот қилди. Аммо Александр Лукашенко билан мулоқотда ҳар иккала давлат раҳбари ниқобда бўлди. Хитой томони буни Беларус раҳбаридан илтимос қилгани айтилди. Аввалроқ Лукашенко тиббий ниқобни «тумшуқбоғ» деган эди.

«Галстуксиз» учрашувда Хитой ва Ҳиндистон раҳбари иштирок этмади

Яна бир муҳим «хореографик» лаҳза – пайшанба куни ташкил этилган «галстуксиз» учрашувида Хитой ва Ҳиндистон раҳбарларининг иштирок этмагани бўлди.

Фото: ANADOLU AGENCY

The Washington Post газетасига кўра, Путиннинг ШҲТ саммитида дунё етакчилари билан учрашуви «россияликларга [Кремлга] унинг жаҳон саҳнасида ҳамон муҳим рол бажараётгани ҳақида фойдали сигнал беради». «Аммо, Путин кечки овқатда қатнашиб, жамоавий суратга тушган бўлса, Си Жинпинг кечки овқатдан ҳам, фотосуратдан ҳам воз кечишга қарор қилди», дея эътибор қаратади нашр.

Путиннинг Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан учрашувида қарама-қаршиликлар яққол кўзга ташланди. Моди йиғилишни «демократия, дипломатия ва тинчлик» зарур экани ҳақидаги нутқи билан очди ва «тинчлик йўлидаги ҳаракатларни муҳокама қилиш» имкониятини олқишлади. Россия президенти билан мулоқотда Моди очиқчасига «ҳозир урушлар даври эмас», деб айтди.

Фото: EPA

«Украинадаги можаро бўйича позициянгиз, шунингдек, доим таъкидлаб келаётган хавотирларингиздан хабарим бор. Биз буни имкон қадар тезроқ тўхтатиш учун ҳамма нарсани қиламиз. Афсуски, қарама-қарши томон, Украина раҳбарияти музокара жараёнидан бош тортди ва ўз мақсадларига ҳарбий йўл билан эришмоқчи эканини, уларнинг сўзларига кўра, жанг майдонида ҳал қилмоқчи эканини айтмоқда», деди Путин.

Ҳиндистон: оҳангнинг ўзгариши

Путиннинг Си ва Моди билан учрашувини АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби шундай изоҳлади: «Ҳиндистон ва Хитой раҳбарларининг сўзлари шуни англатадики, жаноб Путин ўзига ҳамдард бўладиган кўп сонли суҳбатдошларни топа олмаяпти».

Модининг тўғридан тўғри ва оммавий танқиди шарҳловчиларнинг эътиборини тортди. Айримлар унинг позициясини Ҳиндистон нафақат ШҲТ, балки Австралия, АҚШ ва Япония билан бирга хавфсизлик бўйича Тўрт томонлама мулоқотда эканлиги билан изоҳламоқда. Ушбу блок «Шарқий НАТО» деб аталади.

«Албатта, бу оҳангнинг жиддий ўзгариши. Оҳанг унчалик кескин эмас, аммо бу сўзлар албатта танқидни англатади», дейди Деҳлидаги Ананта Аспен таҳлил маркази эксперти Индрани Багчи Financial Times газетасига берган интервюсида.

Брукингс институтининг (АҚШ) ҳиндистонлик эксперти Танви Маданнинг сўзларига кўра, Модининг ишораси самимий эди. Унинг мақсади Ғарб ҳамкорларини ёки Ҳинд-Европа минтақаси давлатларини тинчлантириш эмас эди. Моди ҳақиқатан ҳам Россиянинг хатти-ҳаракатлари ва унинг оқибатларидан ғазабланган ва «одамлар гўё бу хатти-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаяпти деб ўйлашини истамаган».

Россия Украинага бостириб кирганидан бери, Ҳиндистон Ғарб ҳамкорлари, хусусан, АҚШ (сўнгги йилларда у билан анча яқин бўлиб олган), Россия ва Хитой ўртасида эҳтиёткорлик билан мувозанатни сақлашга мажбур бўлмоқда, деб ҳисоблайди Мадан.

Россиянинг Украинадаги уруши Ҳиндистоннинг қатор стратегик мақсадларига таъсир қилиб, қурол-яроғ ва озиқ-овқат таъминоти занжирларига қўшимча босимни юзага келтирди ва ҳиндлар фикрига кўра, халқаро ҳамжамиятни Хитойга эътибор қаратишдан чалғитди, деб қўшимча қилади эксперт. Шу билан бирга, Россия Ҳиндистоннинг энг йирик қурол етказиб берувчи ҳамкори бўлиб қолмоқда

Хитойнинг «саволлари ва хавотирлари»

Путин ШҲТ саммитининг биринчи кунида Хитой раҳбари Си Жинпинг билан учрашганди. Бу икки давлат раҳбарининг Россия Украинага кенг кўламли босқинни бошлаганидан бери биринчи учрашуви бўлди.

Кузатувчиларни биринчи навбатда, Россия президентининг Хитойнинг Украина можароси бўйича «саволлари ва хавотирлари» борлигини ошкора тан олгани қизиқтирди. Аввалроқ Хитой халқаро майдонда Россия тажовузкорлигини танқид қилишдан тийилган, Путин буни тан олиб, Си Жинпингга «вазмин позицияси» учун миннатдорчилик билдирганди.

Фото: Reuters

«Биз хитойлик дўстларнинг Украина инқирози билан боғлиқ вазмин позициясини юқори баҳолаймиз, бу борадаги саволларингиз ва хавотирларингизни тушунамиз. Бугунги учрашувда, албатта, бу масала бўйича позициямизни батафсил тушунтираман, гарчи бу ҳақда аввал ҳам гапирган бўлсак-да», деди Путин.

«Самарқандда Россия президенти Хитойнинг уруш бўйича «саволлари ва хавотирлари» борлигини тан олди ва уларга жавоб қайтаришга ваъда берди, бу борада «тиришқоқлик билан илтимос қилувчи»га ўхшади.

Хитой раҳбари оммавий нутқида «нотинч дунёда барқарорликни ўрнатиш бўйича буюк давлатнинг масъулияти борлиги» ҳақида гапирди ва бу сўзларда яширин танқидни кўриш мумкин», деб ёзди Washington Post.

«Россия шуни тушуниб турибдики, ҳар қандай янгича дунёвий тартибда муҳим ўйинчи бўлолмайди. У халқаро муносабатлар тизимида анархист бўлишга умид қилмоқда. Бошқача қилиб айтганда, у хаос, тартибсизлик, «кулранг ҳудудлар» ва «қора доғлар»дан фойда олади», дейди Австралиянинг Россиядаги собиқ элчиси ўринбосари Бобо Ло.

«Агар АҚШ ёки Хитой бошчилигидаги янгича дунё тузумини ёки кўпқутбли ва қоидаларга асосланган ёки шунга ўхшаш бошқа тузумни тасаввур қилсак, Россиянинг бундай муҳитдаги таъсири жиддий равишда камаяди. Ҳозирги глобал нотинчлик Москвани жуда ҳам қониқтиради», деб ҳисоблайди у.

«Путин саммитда Си Жинпингнинг «Сила Сибири-2» газ қувури бўйича шартнома имзолашига эриша олмади. Бу Россия энергия сиёсатининг Хитойга қаратилган асосий йўналишларидан бири эди. Бу воқеа ифлос ва шафқатсиз уруш давом этаётган бир пайтда Хитойнинг Россияга нисбатан эҳтиёткорлик билан йўл тутаётганини англатади.

Ўтган ҳафтада Путин бу битимнинг барча тафсилотлари келишилганини айтган эди. Бироқ, бу учрашув Россия-Хитой муносабатлари прагматик йўлдан бораётганини тасдиқлади. Хитой ўз манфаатларини кўзлайди, Россия эса халқаро таъсирини йўқотади», деб хулоса қилди Washington Post.

Мавзуга оид