Жаҳон | 19:53 / 25.09.2022
14179
2 дақиқада ўқилади

«Болаларимиз яшашига қўйиб беринг!» Ёқутистонда аёллар сафарбарликка қарши намойишга чиқди

Улар полициячиларни ўраб олиб, миллий рақс ижро этишди.

Ёқутистонда асосан аёллардан иборат бўлган 400 нафарга яқин киши Орджоникидзе майдонида сафарбарликка қарши норозилик акцияси ўтказишди. Бу ҳақда SakhaDay хабар бермоқда.

Акция ёқутларнинг анъанавий айлана осуохай рақси кўринишида ўтказилди. Ёш қизлар биринчи бўлиб қўл ушлашди, уларни ёши катта аёллар қўллаб-қувватлади, шундан сўнг бошқа намойишчилар аста-секин даврага қўшила бошлади. «Урушга йўқ!», «Геноцидга йўқ!», «Чиқиб кет!» шиорлари янгради.

Аввалига полиция намойишчиларни тарқалишга ундаган, кейин четга чиқиб, аёлларга рақсни давом эттириш рухсат берган. Аммо бироздан сўнг полиция айлана рақс марказида пайдо бўлган. SakhaDay томонидан эълон қилинган видеода аёлларнинг «Фарзандларимизнинг яшашига қўйиб беринг!» деган чақириқлар эшитилади.

Маълум вақт ўтгач, намойишчиларни ҳибсга олиш бошланган, намойишчилар уларни «Шармандалик!» деб ҳайқириб қарши олишган. Қанча одам ҳибсга олингани номаълум.

Ёқутистон Жамоатчилик палатаси раҳбари Анжелика Андреева акция чоғида шундай баёнот берди: «Ёқутистоннинг марказий майдонида осуохай рақси бўлиб ўтмоқда – оналар турмуш ўртоқлари ва ўғилларининг тирик қайтиши учун дуо қилмоқда».

Сафарбарликка қарши намойишлар 21 сентябр куниёқ бошланди. Ўша куни Россия шаҳарларида 1300 дан ортиқ киши қўлга олинган. 24 сентябр куни ўтказилган норозилик акцияларида эса, «ОВД-Инфо»нинг сўнгги маълумотларига кўра, 800 дан ортиқ киши қўлга олинди.

Мавзуга оид