Ўзбекистон | 15:43 / 11.10.2022
24269
3 дақиқада ўқилади

Kun.uz – Ўзбекистондаги энг оммабоп миллий сайт — Hostinger

Google, YouTube ва Facebook'ни инобатга олмаганда, Kun.uz – ўзбекистонликлар энг кўп фойдаланадиган сайт. Hostinger сервиси олиб борган ўрганишларда шундай хулосага келинган. Таҳлилчиларнинг эътибор қаратишича, Ўзбекистон – ўз минтақасида миллий домендаги сайти энг оммабоп бўлган кам сонли давлатлардан бири.

Hostinger сервиси дунё мамлакатларида одамлар энг кўп қайси сайтлардан фойдаланиши ҳақида ҳисобот эълон қилди.

Бунда рейтингнинг юқори ўринларида бўлиши деярли аниқлиги сабаб Google қидирув тизими, YouTube видеоҳостинги ва Facebook ижтимоий тармоғи ҳисобга олинмаган.

Таҳлил натижаларига кўра, юқоридаги учта тармоқни инобатга олмаганда, Kun.uz – Ўзбекистонда энг кўп кириладиган сайт ҳисобланади.

Лойиҳа муаллифлари Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақасидаги фақат иккита давлат – Исроил ва Ўзбекистондагина биринчи рақамли сайтлар миллий доменда эканига эътибор қаратган.

“Ўзбекистоннинг машҳур янгиликлар манбаси Kun.uz – мамлакатда энг кўп ташриф буюриладиган сайт ҳисобланади. Нашр маҳаллий мавзуларга ижобий ёндашиш бўйича ҳукуматнинг босимига қарамай, ўзининг ҳаққонийлиги билан эътибор қозонган”, – дея ёзган тадқиқот муаллифлари.

Қайд этилишича, ўзбекистонликлар банк-молиясига оид сайтлардан энг кўп Bank.uz'ни кузатиб боради.

Маълум бўлишича, Mail.ru – Қозоғистон ва Тожикистондаги энг оммабоп сайт. Қирғизистон ва Афғонистонда эса энг кўп Wikipedia онлайн энциклопедиясидан фойдаланилади.

Россия аҳолиси “Вконтакте” ижтимоий тармоғидан, АҚШда эса Amazon онлайн дўконидан кўп фойдаланилади. Британияликлар эса BBC сайтига энг кўп киришади.

Hostinger оммавий ахборот воситалари бўйича алоҳида инфографика ҳам тайёрлаган. Унга кўра, Ўзбекистонда Kun.uz, Қозоғистон ва Қирғизистонда Россиянинг “РИА Новости”, Тожикистонда Россиянинг “Gazeta.ru” сайтлари энг оммабоп ахборот тарқатувчи онлайн нашрлар ҳисобланади.

BBC – дунёнинг 12 та давлатида асосий янгиликлар сайти экани ҳам маълум бўлди. Яна бир хулосага кўра, қидирув тизимлари, ижтимоий тармоқлар ва YouTube'ни инобатга олмаганда, дунё бўйича энг оммабоп сайт – Wikipedia бўлиб, онлайн энциклопедия 43 та мамлакатда биринчи ўринни олган.

Маълумот учун, Hostinger – Литвада жойлашган, халқаро миқёсда хостинг хизматларини кўрсатувчи провайдер бўлиб, дунёнинг 7 та давлатида дата-марказларига эга. Сервис таҳлилчилари юқоридаги ҳисоботларни онлайн маркетинг билан шуғулланувчи SEMRUSH халқаро базаси маълумотларидан келиб чиқиб тайёрлашган. Аниқланган маълумотлар АҚШнинг “PCMag” журнали сайтида ҳам эълон қилинди.

Мавзуга оид