19:16 / 03.11.2022
11389

«Математика бутун дунёда математика» — Комил Алламжонов дарсликлар тайёрлашда Финландия тажрибаси қўлланиши ҳақида

Фото: Telegram / Komil Allamjonov

Президент администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов яна бир бор Финландия таълим тизими асосида дарсликлар яратилиши афзалликлари ҳақида айтиб ўтди.

«Таълим соҳасида ҳам велосипед ихтиро қилмаслик керак деб ўйлайман. Дунёда синовдан ўтган энг илғор тизимни шартта олиб ўзимизга адаптация қилиш керак. 

Математика бутун дунёда математика, физика ёки химия қонунлари бутун дунёда бир хил. Дарсликлар сифати ва ўқитиш методикаси ҳар хил. Улардан Ўзбекистон учун энг маъқули бу — Финландияники, деб қарор қабул қилди мутахассислар. 

Финландия таълим соҳасидаги энг илғор давлатлардан бири. Ва рейтингларда доим энг юқори ўринда. Шунинг учун ҳам Президентимиз Финландия тажрибасини бизда қўллаш топшириғини берди. Демак, 1-4-синфлар фин стандартлари асосида ўзимизнинг мутахассислар томонидан яратилаётган бўлса, 5-11-синфнинг миллий мафкурамизга боғлиқ қисмлари яьни тарих, ўзбек тили, адабиёт кабиларини ўзимиз, табиий фанлар, яъни физика, химия, биология, анатомия кабиларни эса энг зўр, тажрибада синалган, катта натижа берадиганини тайёрини олиб ўзимизга мослаштирамиз. 

Қисқача айтганда, қўлимиздан келганини ўзимиз, келмайдиганини тайёрини оламиз. Шунда ҳам вақтдан ютамиз, ҳам сифатга эришамиз, ҳам муаллифлар етишмовчилиги масаласини ёпамиз, иншааоллоҳ! Президент администрацияси шу ишларни мувофиқлаштиряпти, Халқ таълими вазирлиги ташкил қиляпти. Қисқача ҳисобот шу дўстлар. Саволлар бўлса тайёрман», деган у.

Top