19:07 / 14.11.2022
9571

Вьетнам дунёнинг етакчи туристик йўналиши деб топилди

Вьетнам дунёнинг етакчи туристик йўналиши сифатида World Travel Awards мукофотига сазовор бўлди.

Фото: Reuters

Бу мамлакат соврин учун курашда Арманистон, Бразилия, Миср, Греция, Япония ва Саудия Арабистонини ортда қолдирди. Ғолиблар жума куни кечқурун Уммонда бўлиб ўтган Grand final гала-концертида эълон қилинди.

Вьетнамда ЮНЕСКО томонидан тан олинган 8 та жаҳон мероси объекти жойлашган: Фонг Нха-Ке Банг миллий боғи, Май Сон ибодатхонаси, Хойан қадимий шаҳри ва Ҳюе ёдгорликлари мажмуаси, Ҳалонг кўрфази, Транг Ан ландшафт мажмуаси, Тҳанг Лонг император қалъаси ва Хо сулоласи қалъаси.

Сўнгги йилларда ушбу объектлар нуфузли сайёҳлик журналлари томонидан кўплаб мақтовларга сазовор бўлди.

Шунингдек, Вьетнам пойтахти Ҳаной «дунёнинг етакчи дам олиш маскани» сифатида тан олинди.

Узунлиги 150 метр ва эни 12,8 метр бўлган, шиша тола ва тўр симидан ясалган улкан қўллар кўринишидаги Дананг «Олтин кўприги» дунёдаги энг машҳур туристик кўприк сифатида мукофотга сазовор бўлди.

World Travel Awards 1993 йилда ташкил этилган бўлиб, саёҳат ва сайёҳлик саноатида эришилган ютуқларни тақдирлайди. Бу соврин «саёҳат индустриясининг «Оскар» мукофоти» деб ҳам номланади.

Top