14:42 / 20.11.2022
8186

Абу Дабида «Ўзбекистон» павильони очилди

Абу Даби амирлигининг Ал Ватба ҳудудида 18 ноябр куни бошланган «Шайх Зоид» фестивали доирасида «Ўзбекистон» павильонининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур павильон Ўзбекистон Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан ташкил этилиб, унда давлат рамзи ҳисобланган Ўзбекистон давлат байроғи қабул қилинганининг 31 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабарига кўра, тадбирда Қатардаги футбол бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон туризм салоҳиятини тарғиб қилиш учун Самарқанддан йўлга чиққан ва айни дамда Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб турган делегация ҳам иштирок этди. 

«Таъкидлаш жоизки, «Шайх Зоид» маданий мерос анъанавий фестивали тўртинчи марта ташкил этилмоқда, 2022 йил 18 ноябрдан 2023 йил 18 мартга қадар давом этади. Тадбир доирасида «Хуш келибсиз!» номи остида дронлар ва лазер чироқлари ҳамда Амирлик фавворалари шоулари, мушакбозлик, ҳарбий мерос мусиқаси, мерос мусобақалари ва қизиқарли спорт тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Фестивал учун ташкил этилган шаҳарчада 20 дан ортиқ иштирокчи мамлакат павильонлари, янги қўшилган Санъат шаҳарчаси, Selfie street майдони, Саҳро музейи, болалар майдончалари, гуллар шаҳарчаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари павилёнлари ташкил этилди», дейилади вазирлик хабарида.

«Ўзбекистон» павильони Ўзбекистон Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан ташкил этилиб, Амирликлар томони билан ҳамкорликда ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги кўмагида мусиқий жамоалар, ҳунармандлар ҳамда ошпазлар иштироки таъминланган ҳолда мамлакатимизнинг туризм салоҳияти кенг тарғиб қилинади.

Фестивал давомида Ўзбекистон давлат байроғи қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан мамлакатнинг БААдаги дипломатик ваколатхоналарининг ватандошларга йўлланган табриклари, ўзбек миллий куйлари, санъаткорлар чиқишлари, ҳунармандларнинг маҳорат дарслари ташкил этилди ва давлат байроғи ҳамда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган видеоролик шаҳарчанинг марказий майдонидаги экранларда намойиш этилди. Ўзбекистон павильони томонидан давлат байроғи куни муносабати билан тадбир иштирокчилари учун байрам дастурхони ташкил этилди.

Қатардаги футбол бўйича Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон туризм салоҳиятини тарғиб қилиш учун автотранспортда йўлга чиққан таниқли блогерлар жамоаси (А.Сапарбаева – 3,3 млн. кузатувчи, И.Икромов – 1,3 млн. кузатувчи, О.Жўраев – 530 минг кузатувчи) давлат байроғини нишонлаш тадбирига таклиф этилиб, тадбир жараёнлари ижтимоий тармоқларда ёритилди, марказий телеканалларда ёритиш учун материаллар жамланди. 

Тадбир сўнгида БААдаги ватандошлар, санъаткорлар гуруҳи ва блогерлар жамоаси билан биргаликда фестивал асосий майдони бўйлаб Ўзбекистон байроғи остида парад уюштирилган. 

Top