16:17 / 29.11.2022
11034

Мустақил комиссия Қорақалпоғистон воқеалари бўйича нега фақат 22 киши суд қилинаётганига изоҳ берди

Қайд этилишича, Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбланиб қўлга олинган 516 кишидан 107 нафари уй қамоғига ўтказилган, қолган шахсларни эса маъмурий жавобгарликка тортиш билан чекланилган.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

28 ноябр куни Бухоро вилояти судида Нукусда содир бўлган тартибсизликларда қатнашганликда гумонланган 22 кишига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқиш бошланди.

Иш биринчи инстанция суди томонидан Қорақалпоғистон Республикаси суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судяси Е.Абибуллаев раислигида кўрилмоқда. Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра, 22 нафар судланувчига нисбатан айблов эълон қилинган.

“Миллий гвардия ҳамда Бош прокуратура масъулларининг июл ойидаги оммага элон қилган маълумотларида намойишлардаги иштироки учун 516 киши қўлга олингани маълум қилинган эди. Жамоатчиликда қолган шахслар қаерда деган мазмундаги саволлар юзага келди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Мустақил комиссия шуни маълум қиладики, суд жараёнларида 22 нафар судланувчига оид жиноят иши кўриб чиқилаётган бўлса, қўлга олинганларнинг 107 нафари комиссия ташаббуси билан жамоат кафиллиги ва қамоқ эҳтиёт чораси инсонпарварлик тамойили асосида уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштирилиши орқали ўз оиласи бағрига қайтарилган. Қолган шахслар эса маъмурий жавобгарликка тортилган”, дейилади комиссиянинг расмий баёнотида.

Таъкидланишича, суд мажлисида кузатувчи сифатида иштирок этган Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш ҳамда улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия аъзоларининг маълум қилишича, суд жараёнлари қонунчиликка мувофиқ ўтказилмоқда.

Баёнотда 29 ноябр кунги суд жараёнларида норозилик намойишларга бошчилик қилган Даулетмурат Тажимуратовга нисбатан гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланаётгани қўшимча қилинган.

Аввалроқ Қорақалпоғистон воқеалари бўйича суднинг биринчи куни тафсилотлари эълон қилинганди. Унда Нукус олимпия захиралари коллежи директори спортчиларни жалб қилгани, норасмий имом намойишга даъват қилгани, ИИБ ходими қўшилгани, шу кунлари бошқа вилоятлардан келганларга нисбатан талончилик ҳаракатлари амалга оширилгани ҳақида сўз боради.

Мавзу
Қорақалпоғистондаги намойишлар
1-2 июл кунлари Қорақалпоғистон маркази Нукус шаҳрида тартибсизликлар кузатилди. Миллий гвардия ходимлари билан тўқнашувларда 200 дан ортиқ киши яраланган, 18 киши ҳалок бўлган.
Барчаси
Top