Хоҳиш бўлса бас: ташландиқ ерларни бўстонга айлантирганлар
Бугун Ер юзида яшаётган инсонлар орасида табиатни севувчи ва асровчилар жуда кўп. Бундай одамлар турли мамлакатларда яшайди ва умрини яшил ҳудудларни кўпайтириш учун сарфлаб келмоқда. Улар бу ишни ҳеч бир манфаатсиз, баландпарвоз шиорларсиз амалга оширмоқда. Ушбу материалда ана шундай инсонларнинг бир нечаси билан таништириб ўтамиз.
Саноатнинг кескин ривожланиши бир томондан инсоният ҳаётини фаровон тарафга ўзгартирган бўлса, бошқа томондан атроф-муҳит ва табиат билан боғлиқ жуда жиддий муаммоларни келтириб чиқарди.
Жумладан, инсоният бугун бир томондан чўлланиш, бошқа томондан яшил ҳудудларнинг камайиб кетаётганидан азият чекмоқда.
Чўлланиш туфайли чанг-тўзонлар узоқ масофаларга учиб бораётган бўлса, яшил ҳудудлар камайгани туфайли бошқа муаммолар келиб чиқмоқда.
Шу кунларда интернет оламида Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрида яшовчи 73 ёшли одам жуда катта ҳудудга дарахт кўчатларини экиб, парваришлаб, боғ яратгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Инсоният томонидан йўқ қилинаётган яшил ҳудудларни қайтаришга уринаётганлар биргина шу чол эмас. Саноқли бўлса-да бундай инсонлар бор ва улар дунёнинг турли чеккаларида дарахт экиб, парваришлашда давом этмоқда. Қуйида уларнинг бир нечаси ҳақида ҳикоя қиламиз.
Элио да Силва, Бразилия
Сан-Паулу шаҳри Бразилиядаги энг йирик, Ғарбий яримшардаги учинчи йирик шаҳар ҳисобланади. Бу ерда қарийб 12 млн, шаҳар атрофи билан ҳисоблаганда қарийб 20 млн одам яшайди.
Шаҳарнинг ўртасидан кичикроқ Тикуатира дарёси оқиб ўтади. Ўтган асрнинг охирроқларида бу дарё бўйи қаровсиз ҳолда, уйсизларга бошпана вазифасини ўтарди. Шунингдек, гиёҳвандлар уя қурган жой эди.
2003 йил тадбиркор Элио да Силва хотини билан дарё бўйида сайр қилиб юрганида ҳамма ёқ чиқиндига тўлиб ётганини кўради.
У дарё бўйини обод этишга қарор қилади ва у ерни чиқиндилардан тозалаб, турли дарахт кўчатларини олиб келиб эка бошлайди.
Орадан 8-10 йил ўтгач дастлаб экилган дарахтлар кўкка бўй чўзиб, дарё бўйи истироҳат боғига айланади. Бундан илҳомланган Элио дарахт экишда давом этади.
У 20 йил давомида 40 мингдан ошиқ дарахт кўчатларини экади. Элио дарахт экиш ва уларни парваришлаш учун ҳар йили 8-10 минг доллардан харажат қилади.
Натижада узунлиги 3,2 км, эни 100 метр бўлган жойда ажойиб боғ барпо бўлади. Бугун Элионинг боғида 160 хил турли дарахт ва буталар ўсиб турибди.
Элио ташландиқ жойни обод қилишда шаҳар маъмуриятидан рухсат сўрамаган эди. 2008 йилда шаҳар маъмурияти Элионинг ишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида у боғ барпо қилаётган жойни истироҳат боғи деб эълон қилади.
Шунингдек, шаҳар бюджетидан маблағ ажратилиб, истироҳат боғида мини футбол майдони, амфитеатр, ҳожатхоналар, велосипед йўлакчалари қурилади, ўриндиқлар ўрнатилади.
Шу тариқа, Сан-Паулу шаҳри марказида аҳоли бепул ҳордиқ чиқарадиган 30 гектарлик ажойиб боғ шаклланади. Ҳозирги пайтда Элио асосий вақтини боғда ўтказади ва у дарахт экишда давом этмоқда.
Себастян Салгадо, Бразилия
Себастян Салгадо машҳур фотограф. У халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаган ва дунёнинг 120 дан ортиқ давлатида бўлган. Салгадо асосан флора ва фаунани тасвирга туширган.
Салгадо 1982 йилда Уилям Смит номидаги, 1984 йилда Париж шаҳри мукофотини, 1985 йилда World Press Photo, 1987 йилда Вилла Медичи, 1994 йилда Франциянинг Миллий мукофотини қўлга киритади.
Шунингдек, у 1986 йилда АҚШда Йил фотографи деб топилади. ЮНИСЕФнинг эзгу ният элчиси бўлади. Америка илм ва санъат академияси фахрий аъзоси этиб сайланади.
1998 йилда фотограф Африкада жойлашган Руанда давлатидан Бразилияга, Минас-Жейрас штатидаги ранчосига қайтади.
Шунда Себастян болалиги ўтган қалин ўрмонзор ўрни тақир ер бўлиб ётганини кўради. Дарахтлар мебел ва бошқа буюмлар тайёрлаш учун кесиб кетилганди.
54 ёшли рассом хотини Лейла Ваник билан болалигида сайр қилган ва ўйнаган ўрмонни қайта тиклашга қарор қилади. У энг аввал Ер институти деб номланган ташкилот очади.
Улар аввалига эр-хотин, сўнг жамоа тўплаб ишга киришишади ва тақир ерда турли дарахт кўчатларини ўтқаза бошлайди. Натижа узоқ куттирмайди, 5-6 йилда илк экилган дарахтлар бўй чўзиб қолади. Себастян ва унинг хотини эса ишни давом эттиради.
Ўтган йигирма беш йилдан ошиқроқ вақтда фотограф ва унинг хотини 2,5 млн дона дарахт кўчатларини экади ва 600 гектардан ошиқ тақир ерда ўрмон барпо этади.
Кейинчалик Салгадо ўзи барпо қилган ўрмонни Бразилия халқига совға қилади. Ҳукумат эса у яратган боғни Миллий парк деб эълон қилади.
Жадав Пайенг, Ҳиндистон
Ҳиндистондаги Брахмапутра дарёсида йил давомида жуда кўп марта тошқинлар содир бўлади. Ёмғирлар мавсумида оққан сув дарё ўзанидаги дарахт ва буталарни илдизи билан қўпориб, оқизиб кетади.
1979 йил дарёда тошқин юз бергандан сўнг 16 ёшли Жадав Пайенг судралиб юрувчи жонзотлардан бирининг жасадига дуч келади. Тошқин жонзот яшайдиган дарахтни илдизи билан қўпориб кетган ва оқибатда у ҳалок бўлганди.
Бу ҳодиса Жадавга ёмон таъсир қилади. У инсон ёрдамида табиат ўзини тезроқ тиклашини тушуниб етади. Сўнг дарё қирғоғига дарахт экиб, экотизимни қайта тиклашга қарор қилади.
1980 йилда Жадавнинг ташаббусидан хабар топган маъмурият 200 гектарли ўрмон барпо этиш лойиҳасини эълон қилади.
Лойиҳа беш йил давом этади ва Жадав унда актив қатнашади. У лойиҳа тугагандан кейин ҳам дарахт экишда давом этаверади. Кейинроқ дарахтлар ўсиб ўрмон шакллангандан сўнг у ўша ерда яшаб қолади.
Маъмурият лойиҳасида 200 гектар ерни ўрмонга айлантириш белгиланган бўлса, Жадав дарахт экишда давом этиб, қарийб 600 гектар ерни ўрмонга айлантиради.
Ўтган йиллар мобайнида Жадав барпо этган ўрмонга фил, Бенгал йўлбарси, ҳинд каркидони, кийиклар, ёввойи қуёнлар ва бошқа ёввойи ҳайвонлар келиб ўрнашади.
Шундан сўнг ўрмонга браконерлар ҳужум қила бошлайди. Шундай пайтларда Жадав кўп марта браконерлар ҳақида маҳаллий полицияга хабар бериб, ёввойи ҳайвонларни асраб қолади.
Жадав хотини, уч нафар боласи билан ҳозир ҳам ўзи барпо этган ўрмонда яшаб келмоқда. Унинг чорва моллари бор ва оиланинг тирикчилиги асосан сут сотишдан ўтади.
Ёввойи йиртқичлар бир неча марта Жадавнинг сигирларини бўғизлаб кетади. Шунда у йиртқичларни эмас, одамларни айблайди.
“Агар одамлар ёввойи ҳайвонлар яшайдиган жойларда ўрмонларни йўқ қилмаганида улар озуқа қидириб, одамлар яшайдиган жойларга келишга мажбур бўлмасди”, дейди у.
Жадав Пайенг ҳақида иккита ҳужжатли филм суратга олинган. У ҳозирги пайтда ҳам дарахт кўчатларини ўтқазиш билан шуғулланиб келмоқда.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
08:32 / 28.11.2024
Қурилиш майдонидаги дарахтларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
21:14 / 26.11.2024
Тошкентда ҳаракатланиб кетаётган машиналар устига дарахт шохи қулади
16:47 / 22.11.2024
Дарахтларга кимёвий воситалар билан шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
16:34 / 18.11.2024