2022 йилги Украина даҳшатлари. Урушнинг муҳим 9 палласи суратларда
24 февралдан буён «Медуза» фотомуҳаррирлари ҳар куни бу урушнинг энг асосий кадрларини тақдим этиб келишмоқда. Бу суратларнинг муаллифлари олдинги чизиқларда, доимий отишмалар остида ишлаб, озод этилган шаҳарларга биринчилардан бўлиб кириб, бу жойларда Россия истилосининг даҳшатли оқибатларига гувоҳ бўлишмоқда. Келгусида уруш айнан шу фотосуратлар асосида ўрганилади. Қуйида Россия босқинининг асосий тўққиз воқеаси украиналик фотомухбирлар нигоҳида.
Урушнинг илк ҳафталари. Максим Левин
2006 йилдан бошланган фаолияти давомида Максим Левин Украинанинг «Левый берег», «Громадське» нашрлари ва УНИАН агентлиги учун суратлар олган, BBC, Associated Press ва Reuters билан ҳамкорлик қилган, БМТ учун ҳам фото ва видеолойиҳалар тайёрлаб берган.
2022 йилда Левин дастлаб Харкив мудофаасини ҳужжатлаштирди, кейин Киев областига кетди ва шиддатли жанглар кечаётган вақтда Буча, Бородянка ҳамда Ирпинда бўлди.
13 март кунидан Левин алоқага чиқмай қўйди. 2 апрел куни «Левый берег» таҳририяти фотографнинг жонсиз танаси Киев атрофидаги Гута-Межигорская қишлоғидан топилганини хабар қилди. «Чегарасиз мухбирлар» халқаро ташкилоти ўз мустақил суриштирувини ўтказиб, Максим Левин ва унга ҳамроҳлик қилган украиналик аскар Алексей Чернишов россиялик ҳарбийлар томонидан ўлдирилганини аниқлади — улар аввал қийноқлар остида сўроқ қилинган бўлиши мумкин.
Версиялардан бирига кўра, россияликлар фотографни аскар деб ўйлаб, ўт очган бўлиши мумкин, кейин унинг танаси ва машинасини ёқиб юборишган. Бошқа версияга кўра — россиялик ҳарбийлар Левин ва Чернишов кетаётган автомобилни тўхтатган, уларни сўроқ қилиш учун ўрмон ичкарисига олиб кетган, кейин уларни ўлдириб, изларни яшириш мақсадида ўт қўйишган.
Мариупол қамали. Евгений Малолетка
Евгений Малолетка 2009 йилдан буён фотокорреспондент сифатида фаолият олиб боради. 2013–2014 йилларда у Евромайданни тасвирга олган.
Малолетка ва унинг шериги, видеожурналист Мстислав Чернов кенг кўламли босқиннинг илк соатларидан Мариуполда бўлишган. Йигирма кун мобайнида улар шаҳар ўққа тутилиши оқибатлари, турар жой биноларига зарбалар, маҳаллий шифохоналардаги шифокорлар ишини тасвирга олишган. Бу даврни фотограф «вақт ўтган сайин вазият тобора ёмонлашиб борган адоқсиз кун» деб атаган.
Малолетка ўзининг, балки уруш давридаги энг асосий суратларни Мариупол туғуруқхонасида олган. У шунингдек маҳаллий аҳоли вакиллари қамал чоғида отишмалардан, очлик ва касалликлардан вафот этган яқинлари ҳамда қўшниларини кўмишга мажбур бўлган биродарлик қабристонларини ҳам тасвирга муҳрлаган.
Сентябр ойида Малолетка Украинадаги ишлари учун фотожурналистика соҳасидаги энг нуфузли мукофотлардан бири — Visa dʼor News («Янгиликлар олтин визаси») билан тақдирланди. The Guardian эса уни агентликлар учун ишлаган йил фотографи (Agency photographer of 2022) деб топди.
Харкив метроси. Павел Дорогой
Харкивлик Павел Дорогой урушга қадар ҳужжатли ва архивлаштириш фотографияси билан шуғулланиб, ўзи туғилган шаҳар архитектурасини тасвирга олган. Кенг кўламли босқин бошлангач, Дорогой Харкивда қолади ва рўй бераётган ҳодисаларни объективга муҳрлайди. Унинг ишларининг бир қисми отишмалар чоғида шаҳар аҳолиси учун бошпанага айланган метродаги ҳолатга бағишланади. Фотограф Харкивдаги ер ости бошпаналаридаги ҳолатни шундай тасвирлаган:
Бу ўзига хос тартибларига эга «шаҳар ичидаги шаҳар»га айланди. Соат олтида герметик дарвоза очилади ва одамлар кўчага чиқишади — кимдир уйга, кимдир ишга йўл олади. Кечқурун уларнинг аксари яна қайтиб келади, чунки уйда қолиш қўрқинчли.
Март ойида менинг отам ва оиласи яшаган бекатда 500 га яқин киши тунаган, айрим станцияларда эса бир ярим мингдан икки минггача харкивлик яшаган. Одамлар вақт ўтган сайин ўзлари учун ер остида яшаш шароитларини яратиб олишди, йиғма каравотлар (раскладушка), палаткалар, адёллар келтиришди. Метрода совуқ — 15 даража — ва елвизак эди. Барча қалин кийимларда ва кўрпа-тўшакка ўраниб ётарди. Ток ҳамиша ёниқ турган ва шовқин тинмаган. Вагонлардан ҳам ухлаш учун фойдаланишган — улар «ВИП-жойлар» саналган.
Мен учун энг қизиғи экстремал шароитларда кундалик ҳаёт тарзи қандай давом этаётганини кузатиш эди: одамлар таом тайёрлашар, педагоглар болаларни ўқитиш учун келишар, кимдир нимадир ўқиб ўтирар, кимдир тўқиш билан банд, яна кимдир маникюр қиларди.
Буча. Михайло Палинчак
2014 йилда Майданда ишлаган Михайл Палинчак президент Петро Порошенконинг шахсий фотографига айланиб, бир неча йил мобайнида уни турли давлатлардаги дипломатик учрашувларда суратга олади. 2019 йилда Time журналида унинг халқаро музокаралар олиб борилган хоналарда қилинган ажойиб фотосессияси эълон қилинади — унда НАТО саммитларидан тортиб, Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумигача акс этган.
2022 йил 24 февралидан Палинчак Россиянинг кенг кўламли босқини оқибатларини қайд этишга киришади. У урушнинг илк кунларидаги эвакуация жараёнини, бошпаналардаги одамларни, ҳудудий мудофаа кучлари жангчиларининг тайёргарлик кўришини тасвирга олади — ва озод этилган Бучага биринчилар қаторида киради. Россия қўшини шаҳардан март ойи охирида чекинганди. Украин ҳарбийлари шаҳарга кирганида эса бу ерда ўлдирилган юзлаб тинч аҳоли вакиллари жасадлари устидан чиқади — кўп жасадлар қўли боғлиқ ҳолда кўчаларда ётарди. BBC рус хизматининг август ойида берган маълумотига кўра, Бучада россияликларнинг бир ойлик истилоси чоғида мингдан ортиқ киши ўлдирилган.
Май ойида ушбу фотографнинг суратлари Венадаги «Уруш мусибатлари. Гойя ва бугунги кун» кўргазмасида Гойянинг урушга қарши картиналари билан бир қаторда намойиш этилади. Июн ойида эса «Медуза»да унинг уруш Киев ва унинг атрофидаги ҳудудларини қандай ўзгартиргани тўғрисидаги фототарихи чиққанди.
Мариуполда «Азовстал» қамали. Олександр Ермоченко
Олександр Ермоченко — Reuters агентлигининг 2014 йилдан буён Россия-Украина можаросини кадрларга қайд этиб келувчи фотокорреспондентидир. Шунингдек, Ермоченко — Ғарбдаги ахборот агентликларининг «ДХР» ва Россия назоратидаги ҳудудларда ишлаган ягона фотографи ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, иш вақтида у тинч аҳоли вакилларига алоҳида эътибор қаратади — «чунки бу томон одамлари ҳам ўз овозига эга».
2022 йил июн ойи бошида Ермоченко Северодонецкка борувчи йўлда оператор Павел Климов билан бирга яраланади. Ўшанда улар кетаётган автомобил ўққа тутилган, ҳайдовчи ҳалок бўлганди. Фотограф ва операторга ҳужум рўй берган жойга яқин жойлашган Рубижнеда тиббий ёрдам кўрсатилади ва ой охирига келиб Ермоченко яна ишга қайтади.
Северодонецк мудофааси. Олександр Ратушняк
Украиналик фотограф Олександр Ратушняк 2014 йилдан буён можарони ёритиб келади. 24 февралдан кейин у украинлар онлайн-медиаси «Левый берег» билан, шунингдек Ғарбдаги Reuters, Associated Press ва EPA (European Press Agency) агентликлари билан ҳамкорлик қила бошлади.
Ратушняк — урушни ўққа тутилаётган шаҳарлардан эмас, олдинги чизиқдаги ҳарбий бўлинмалар сафида туриб ёритаётган кам сонли фотографлардан биридир. Шу туфайли у Луҳанск областининг Северодонецк шаҳри мудофасини кадрларга муҳрлашга муваффақ бўлди. 25 июн куни уч ой давом этган оғир жанглардан кейин шаҳар тўлиғича «ЛХР» кучлари назоратига ўтганди.
Харкив областидаги кузги қарши ҳужум. Константин Либеров
Одессалик Константин Либеров ва унинг рафиқаси Влада тинчлик даврида тўйларни съёмка қилиш билан шуғулланишган. Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошлангач, ушбу жуфтлик озод этилган шаҳарларда ва фронт чизиғида рўй бераётган ҳодисаларни тасвирга олишга киришди ва бир неча бор зарбалар остида қолишди. Хусусан, ўзларининг сўзларига кўра, улар март ойи охирида Россия қўшини чекингач, Буча ва Ирпинга биринчилардан бўлиб киришган. Уларнинг суратларини бир неча бор президент Володимир Зеленский ўзининг ижтимоий тармоқлардаги постларида ишлатган.
«Служба поддержки» билан суҳбатда Влада ўзи ва эрида ҳеч қачон «документалист бўлиш амбициялари» бўлмаганини тан олган, аммо улар урушда кўрган-кечирганларидан кейин тўйлар фотографиясига қайтишни режалаштирмаяпти.
Киев ёппасига ўққа тутилиши. Глеб Гаранич
Reuters агентлиги фотографи Глеб Гаранич фаолиятини 1991 йилда бошлаган — у дастлаб Москвадаги август исёни воқеаларини кадрларга муҳрлаган. Унинг сўзларига кўра, бу унинг илк бор чиндан хавфли шароитга тушиб қолиши эди. Шундан кейин у Ироқ (2003–2011) ва Грузиядаги (2008) уруш воқеаларини тасвирга олади, шунингдек 2006 йилда Минскда бўлиб ўтган намойишларни ёритади, Чернобилдан фоторепортаж тайёрлайди ҳамда 2013 йил ноябрида майдандаги талабалар намойиши тарқатилишини кадрларга муҳрлайди, бу акция кейинчалик инқилоб бошланишига туртки бўлганди.
Кенг кўламли уруш бошлангач фотограф асосан Киевда бўлаётган воқеаларни ҳужжатлаштириш билан шуғулланмоқда —масалан, баҳор бошида россияликларнинг пойтахтга ҳужумлари ҳамда 10 октябр куни, Қримдаги портлашга жавобан Россия томонидан бошланган ёппасига ракета зарбалари оқибатларини. Украина ИИВга кўра, ўша куни шаҳарда портлашлар оқибатида 14 киши ҳалок бўлиб, яна 97 киши жабрланганди.
Озод этилган Херсон. Валентин Огиренко
Киевлик фотограф Валентин Огиренконинг биринчи иш кунидаги топшириғи 2008 йилда украин аёллари ҳаракати бўлмиш Femen ҳаракати акциясини тасвирга олиш бўлганди — унинг сўзларига кўра, ўшанда у ўзининг ҳар қадамини ўйлаш ва тезда тўғри қарор қабул қилишни ўрганганди. 2014 йилдан Огиренко Reuters агентлиги учун суратлар олади. Унинг ишлари орасида —Киевда 2014 йилда бўлиб ўтган намойишлар тасвирлари ҳамда журналист Аркадий Бабченконинг 2018 йил майидаги саҳналаштирилган қотиллигидан кейинги матбуот анжумани кадрлари бор.
Россиянинг Украинага босқини бошлангач, Огиренко Киевдаги туғуруқхона ертўласида яширинган аёллар ва уларнинг янги туғилган чақалоқларини, шунингдек, Миколайивда отишма оқибатларини тасвирга олди. Шунингдек Огиренко ноябр ойида озод этилган Херсон шаҳрига етиб борган илк фотографлардан бири бўлади.