18:15 / 28.02.2023
4710

Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тўғрисидаги қонун имзоланди

Вазирлар Маҳкамаси аккредитация соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаши белгиланди.

«Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тўғрисида»ги қонун (ЎРҚ–820, 27.02.2023 й.) президент томонидан имзоланди.

Қонунчиликка кўра, мувофиқликни баҳолаш — маҳсулот, ишлаб чиқариш жараёнлари, хизматлар, менежмент тизимлари, ходимлар, мувофиқликни баҳолаш органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш бўйича фаолият ҳисобланади.

Мувофиқликни баҳолаш органлари — юридик шахс бўлган ва мувофиқликни баҳолашга доир ишларни бажариш учун белгиланган тартибда аккредитация қилинган инспекция органлари, синов ва калибрлаш лабораториялари (марказлари), маҳсулотни, хизматларни, менежмент тизимларини, ходимларни сертификатлаштириш органлари ҳисобланади.

Қонунга кўра, Вазирлар Маҳкамаси аккредитация соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди.

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги аккредитация соҳасидаги махсус ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Миллий аккредитация тизими мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш қоидаларини ва тартиб-таомилини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ давлат миқёсида фаолият кўрсатувчи тизимдир.

Миллий аккредитация тизими иштирокчилари қуйидагилардан иборат:

  • махсус ваколатли давлат органи;
  • аккредитация бўйича кенгаш;
  • аккредитация органи;
  • аккредитация қилинган субъектлар;
  • аккредитация бўйича баҳоловчилар ва техник экспертлар;
  • аккредитация бўйича техник қўмиталар.

Аккредитация, агар амал қилиши тугатилмаган бўлса, гувоҳномада кўрсатилган муддат давомида амал қилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.

Top