21:23 / 24.03.2023
29595

«Ипотека банк» 324 млн долларга сотилгани маълум бўлди

Венгриянинг OTP банки Ўзбекистоннинг «Ипотека банк»ини 324 млн долларга сотиб олган. Бу ҳақда хусусийлаштириш масалалари бўйича президент ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишга оид расмий релизда маълум қилинди.

Фото: Ипотека-банк

Президент матбуот хизматига кўра, ўтган ўн йилда 1,2 триллион сўмлик давлат активлари сотилган бўлса, 2022 йилнинг ўзида бу кўрсаткич 11,3 триллион сўмга етган. Яъни, сўнгги бир йилда ўн йил давомида қилинган ишлардан 10 карра кўп натижага эришилган.

Хусусийлашган мулклар самарадорлиги ҳам ошган. Мисол учун, узоқ йиллар ишламаган Андижон тажриба синов заводи негизида 18 миллион доллар инвестиция ҳисобига тўқимачилик корхонаси ташкил этилиб, мингта иш ўрни яратилган, 40 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.

Қўқон суперфосфат заводини хорижий инвестор олиб, 40 миллион доллар инвестиция киритган, ишлаб чиқариш ҳажмини 4 бараварга оширган.

«Ипотека банк» 324 миллион долларга ва «Coca-Cola» компаниясидаги давлат улуши 252 миллион долларга сотилган. 

2022 йил 12 декабр куни Тошкентда Ўзбекистон ҳукумати ва Венгриянинг OTP банки билан «Ипотека банк»ни хусусийлаштириш бўйича битим имзоланган эди. 

OTP Bank Ўзбекистон Молия вазирлигига тегишли 100 фоиз акцияларни (жами акцияларнинг қарийб 97 фоизи) икки босқичда: дастлаб, 2023 йилнинг биринчи ярмида 75 фоизини, уч йилдан сўнг қолган 25 фоизини  сотиб олиши ҳақида хабар берилган эди. 

Top