10:28 / 02.04.2023
42904

«КГБ ота-онамга жим юришни айтиб, таҳдид қилган»: авиаҳалокатдан сўнг 5 минг метрдан қулаб тушган қиз қандай тирик қолганди?

1981 йилда Узоқ Шарқда Ан-24 йўловчи самолёти Ту-16К ҳарбий самолёти билан тўқнашиб кетади. Оқибатда ҳар икки самолёт ерга қулаб тушгач портлаб кетади. Қутқарувчилар ҳодиса жойида ҳалок бўлганларнинг жасадларини йиғиштириб олаётганда тирик қолган қизни топишади. Ўшанда КГБ ҳалок бўлганларнинг ва қизнинг ота-онасига ҳодиса ҳақида ҳеч қаерда гапирмасликни айтиб таҳдид қилади. Ҳалокат тафсилотлари СССР парчалангандан сўнг ошкор бўлади.

Фото: Kun.uz

1981 йил 24 август. Ёш оила Лариса ва Володя тўй саёҳатидан ортга қайтишарди. Улар уйга етиб олиш учун Комсомолск-Амур-Блоговешенск йўналишида парвоз қилаётган Ан-24га чиқишади.

Парвоздан бироз ўтиб Лариса ва Володя ўтирган самолётга нимадир зарб билан урилади. Ан-24нинг бир қисми узилиб кетиб, қулай бошлайди.

Шу пайтда Ларисанинг эсига италиялик киноижодкорлар суратга олган «Мўъжизалар давом этади» фильми тушади. Фильм қаҳрамони 17 ёшли қиз самолёт ҳалокатга учраган пайтда ўриндиқлар орасига кириб олади ва тирик қолади.

Лариса ҳам самолёт қулаб тушаётганда фильм қаҳрамонидай йўл тутади. У ўриндиқ суянчиғини пастга тортиб ўзини ҳимоялайди ва 5 минг метрдан қулаб тирик қолади.

Совет фуқаро авиацияси тарихида юз берган турли ҳалокатлар орасида 1981 йилда содир бўлган ҳодиса алоҳида ўрин эгаллайди. Узоқ Шарқда содир бўлган бу ҳалокатда йўловчи ва ҳарбий самолётлар ўзаро тўқнашиб кетади.

Оқибатда ҳар икки самолётнинг учувчилари ва йўловчилари ҳалок бўлишади. Фақат бир қиз мўъжиза туфайли тирик қолади.

Ҳодисадан бир неча ой аввал турмушга чиққан 20 ёшли қиз ҳарбий самолёт билан тўқнашган Ан-24 йўловчи самолётида эри билан бирга учаётганди.

Ҳалокат содир бўлган жой узоқ Тайга ўрмонларида бўлгани учун қутқарувчилар самолётлар қулаб тушган жойга бир сутка деганда етиб боришади. Қутқарув ишларининг учинчи кунида самолёт бўлаклари орасидан тирик қолган қизни топиб олишади.

Ҳалокат

1981 йил 24 август куни соат 15:00 ва 15:01 да СССР ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли иккита Ту-16К самолёти Узоқ Шарқда об-ҳавони ўрганиш учун ҳарбий аэродромдан ҳавога кўтарилади.

Ўша пайтда Комсомолск-Амур – Благовешенск қатнови бўйича парвоз қилган Ан-24 ҳам осмонда эди.

Ҳарбий самолётлар соат 15:07 да диспетчер билан алоқага чиқиб учаётган жойларининг координаталарини маълум қилишади. Кейин эса диспетчерларнинг сўровига жавоб бермай қўйишади.

Иккита Ту-16 15:18 да 4500 метрдан 6 минг метргача кўтарилади. Орадан уч минут ўтиб соат 15:21 да улардан бири Ан-24 самолёти билан тўқнашиб кетади.

Ан-24 ва Ту-16 ҳавонинг ўзида бир неча бўлакларга бўлиниб, бир-биридан минг метр узоқликда, ўрмонга қулаб тушади. Қутқарув гуруҳи жойлашган вертолёт Ан-24 қулаган жойни қарийб бир сутка ўтгандан сўнг, 25 август куни эрталаб топади.

Самолёт парчаларини кўрган қутқарувчилар ҳалокатда Ан-24 да бўлган 32 киши, Ту-16 да бўлган 6 кишининг барчаси ҳалок бўлган деб ўйлашади.

Бироқ самолёт бўлаклари орасидан жасадларни йиғиштириб олиш жараёнида учинчи куни кутилмаганда жароҳатланган ҳолда ётган тирик қизни топиб олишади. У 20 ёшли Лариса Савицкая эди.

Лариса Савицкая

Гарчи Лариса Савицкаянинг мўъжизали тирик қолиши 1981 йилда содир бўлган бўлса-да, у ҳақда омма СССР парчаланиб кетганидан сўнг хабар топади. Совет даврида Лариса ва у билан содир бўлган ҳодиса оммадан яширилган. Ҳалокат ҳақида ҳеч қаерда ёзилмаган, гапирилмаган.

1961 йилда туғилган 20 ёшли қиз ҳалокатдан бироз аввал турмушга чиққан, ўша куни эри Владимир билан тўй саёҳатидан қайтаётган эди.

Ҳалокат содир бўлган пайтда Лариса ухлаётган бўлган. У кучли зарбадан уйғониб кетади. Бу пайтда самолётнинг бир қисми узилиб тушган ва салонда ҳарорат +30 даража иссиқ -30 даража совуқ билан алмашган эди.

Лариса тезда самолётнинг ўрта қисмига қараб юради ва бўш ўриндиқлардан бирига ўтиради. Сўнг ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ўриндиқ суянчиғини ўзига босади. Қулаб тушиш пайтида Ан-24 бир неча бўлакларга бўлиниб кетади.

Лариса ўтирган бўлак қалин қайинзор устига тушади. Дарахтлар самолёт бўлагини ерга жуда қаттиқ зарб билан урилишидан сақлаб қолади. Натижада юмшоқ ўриндиқ орасида бўлган Лариса тирик қолади.

Қиз кўзини очганда ёнидаги ўриндиқда жони узилган ҳолда ётган эрига тушади. Лариса тирик қолгани билан бир неча жойидан жароҳат олган эди.

Кейинчалик берган интервьюсида Лариса ҳалокатни шундай эслаганди:

«Ҳодиса содир бўлган пайтда ёнимда ўтирган эримга қарадим. Унинг юзи қон, жони узилиб бўлганди. Ўша пайтда бирданига мендаги қўрқув йўқолди. Ўрнимдан туриб самолётнинг ичкарироғига қараб юрдим. Сўнг ўриндиққа жойлашиб унинг суянчиғини устимга бостирдим. Кейин ерга бориб урилишимизни кута бошладим. Дарахтзор устига тушганимиз учун зарба унча кучли бўлмади. Шунда ҳам кўп жойимдан жароҳатландим».

Қиз тирик қолиш учун жароҳатланганига қарамасдан ҳаракатланади ва атрофдаги самолёт бўлаклари ҳамда ўриндиқ қопламаларидан ўзига кичик бошпана ясайди. Шу тариқа ёмғирли совуқ ҳавода жон сақлайди.

«Ўзимга ёмғирдан пана жой қилиб олгач жуда чанқадим. Шундан сўнг бироз ҳаракатландим ва самолёт бўлаклари орасидан идишда сув топиб олдим. Оч қолгач ён-атрофимда нима бўлса ейишга мажбур бўлдим. Уч кун ичида атрофда учаётган вертолётнинг овозини бир неча бор эшитдим, бироқ бақириб ёрдам сўрашга менда куч қолмаган эди. Учинчи кун қутқарувчилар мени топиб олишди», деган эди қиз кейинчалик берган интервьюларида.

Ҳалокат юзасидан суриштирув

Ҳалокат содир бўлгандан сўнг уни ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилади. Ўрганиш давомида Ту-16 самолётларининг парвозларини назорат қилиши лозим бўлган Завитинск аэродроми ҳарбий диспетчерлари йўналиш белгилашда хатога йўл қўйгани аниқланади.

Бундан ташқари, Узоқ Шарқда жойлашган аэропорт ва аэродромларда ўзаро маълумот алмашиш қониқарсиз бўлгани, оқибатда фуқаро авиацияси ҳамда ҳарбий самолётлар парвози вақтида турли англашилмовчиликлар юзага келаётгани маълум бўлади.

Ту-16

Айнан ҳалокат содир бўлган куни ўзаро маълумот алмашилмагани учун ҳарбий диспетчерлар ва учувчилар Ан-24нинг парвози ҳақида умуман маълумотга эга бўлмаган.

Гарчи суриштирувлар давомида камчиликка йўл қўйган инсонларнинг кимлиги аниқ бўлса-да, ҳодиса ҳарбийлар билан боғлиқлиги учун ҳеч ким жазоланмайди.

Лариса ўшанда ўзи ўтирган самолёт нега қулаб тушганини 2000-йиллар бошида билади. Унгача ҳодиса тафсилотларини билмайди.

«Суриштирув натижаларини менга ҳодисадан 20 йил ўтгач беришди. Ҳозир ҳодисада ҳеч кимни айбламайман», дейди у.

Ҳодисанинг яширилиши ва Ларисанинг кейинги тақдири

Қизни шифохонага етказишганда унинг биронта тиши қолмаган, умуртқа поғонаси ва қўл-оёғи бир неча жойдан синган, мияси чайқалган ҳолда бўлади.

Лариса анча пайт даволанса ҳам ишга яроқсиз бўлиб қолади. Бироқ унга ногиронлик гувоҳномаси беришмайди. Орадан олти йил ўтиб, 1986 йилда Лариса фарзандли бўлади. Шундан сўнг у боласига бериладиган нафақа ҳисобига яшайди.

Иккита самолёт тўқнашуви оқибатида 37 киши ҳалок бўлган бўлса-да, ўша пайтда совет оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда ҳеч қандай хабар берилмайди.

КГБ ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳодиса ҳақида ҳеч қаерда гапирмаслик ва дафн маросимини ими-жимида ўтказиш бўйича топшириқ беради. Акс ҳолда жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкинлигини айтиб таҳдид қилишади.

«Бир неча кундан сўнг ота-онамга қўнғироқ қилиб шифохонада эканимни айтганимда йиғлаб юборишди. Улар аллақачон менинг дафн маросимимга тайёргарлик кўришаётган экан. Ўшанда ота-онам ҳодиса ҳақида ҳеч кимга гапириб юрмаслигимни тайинлашди. Уларнинг айтишича, уйимизга КГБ ходимлари борган ва ота-онамга жим юришлари лозимлигини, акс ҳолда жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкинлигини айтиб таҳдид қилишган», деган эди Лариса ўз интервьюларида.

Ҳодисадан тўрт йил ўтиб, 1985 йилда «Советский спорт» газетасида осмондан қулаб тирик қолган Лариса Савицкая ҳақида қисқа хабар берилади.

Бироқ хабарда ҳодиса тафсилотлари тамомила бошқача талқин қилинади. Унда иккита самолётнинг тўқнашуви ҳақида лом-лим дейилмайди. Лариса Савицкая қўлбола тайёрланган учувчи аппаратдан йиқилиб тушгани айтилади.

Шунингдек, қиз йиқилиб тушган баландлик ҳам минг метр деб кўрсатилади. Ҳодисанинг асл тафсилотлари СССР парчаланиб кетганидан сўнг ошкор бўлади.

СССР парчалангандан сўнг Лариса бирданига оммавий ахборот воситалари учун бош қаҳрамонга айланади. 1990-йиллар бошида бир нечта телеканаллар ундан интервью олишади.

Лариса Савицкая 2000-йиллар бошида.

Ана шу кўрсатувлардан сўнг Ларисанинг ҳалокатдан кейинги оғир ҳаёт кечираётгани ҳақида хабар топган одамлар унга ёрдам беришади.

Шундан сўнг аёл Москвага кўчиб келади ва даволангач шу ерда ўз фирмасини очади. Шу тариқа унинг ҳаёти изга тушиб кетади.

Лариса иккита йўналиш бўйича Россия рекордини ўрнатган. У 5 минг метрдан қулаб тирик қолган ва авиаҳалокатда тирик қолиб 75 рубл товон пули олган инсон сифатида Россияда чоп этилган Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. (Ўша пайтда «Госстрах» нормативларига кўра авиаҳалокатда вафот этганларнинг оиласига 300 сўм, тирик қолганларга 75 сўм тўлаб берилган)

Маълумот учун, ўша пайтда Ларисага тўланган пул 100 АҚШ долларига тенг бўлган.

Айни кунларда 62 ёшга кирган Лариса Савитцкая эри билан Москва шаҳрида яшамоқда. 2020 йилда Ларисанинг ҳаёти ҳақида бадиий фильм суратга олина бошланди.

Лариса Савицкая ўзи ҳақда олинаётган филмнинг суратга олиш майдончасида

Фильм режиссёри Ларисани суратга олиш жараёнига таклиф этиб, ундан масалаҳатчи сифатида фойдаланган. «Ёлғиз» деб номланган фильм 2022 йилда катта экранларга чиқарилган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top