23:41 / 07.04.2023
39887

Дунёдаги энг бой ёш миллиардерлар: уларнинг атиги 4 нафари бойликни мустақил орттирган

Қолган 11 нафари бадавлат ота-онасидан мерос олган.

Бен Фрэнсис, Палмер Лаки ва Райан Бреслоу / Фото: Forbes

Forbes талқини бўйича дунёнинг энг бадавлат кишилари рейтингига кўра, миллиардерларнинг ўртача ёши 65 ёш, энг кексаси эса 101 ёшли суғурта магнати Жорж Жозефдир. Бироқ, катта бойликни қўлга киритиш учун кексаликни кутиш мутлақо шарт эмас. Forbes журналининг бу йилги миллиардерлари рейтингига 30 ёшдан кичик бўлган 15 киши кирди. Улардан 11 нафари ўз бойлигини мерос қилиб олган ва фақат 4 нафари мустақил орттирган. 

Клементе дел Веккио, Ray Ban ва Oakley кўзойнак компаниясининг ҳаммуассиси 

Ёши: 18
Фуқаролиги: Италия
Бойлик манбаи: Luxottica
Бойлиги: 3,5 миллиард доллар 

Леонардо дел Веккио 2022 йил июнь ойида вафот этганида дунёда яна бир ёш миллиардер пайдо бўлди. Маълумки, дел Веккио империяси меросхўрларининг энг ёши Клементе Luxottica корпорациясида ҳеч қандай расмий лавозимни эгалламайди. 

Ким Чжун Юн, онлайн ўйинлар ишлаб чиқарувчи Nexon компанияси ҳаммуассиси 

Ёши: 19
Фуқаролиги: Жанубий Корея
Бойлик манбаи: онлайн ўйинлар
Бойлиги: 1,7 миллиард доллар 

Ким Чжун Юн рейтингдаги икки миллиардер ўсмир қиздан бири бўлиб, у марҳум отасининг ҳолдингидаги улушини мерос қилиб олди. Компания Nexon онлайн ўйинлар гиганти бизнесининг қарийб ярмига эгалик қилади. Опа-сингил Кимлар ўзини камтарона тутишни афзал кўради ва уларнинг компаниядаги расмий лавозимлари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Forbes меросхўрларнинг ёши ҳақида ҳам аниқ маълумотларга эга эмас. 

Кевин Дэвид Леманн, dm косметика тармоғининг ҳаммуассиси (Drogerie Markt) 

Ёши: 20
Фуқаролиги: Германия
Бойлик манбаи: дорихоналар тармоғи
Бойлиги: 2,3 миллиард доллар 

Фото: DR

14 ёшида у отасидан Германиянинг dm-drogerie markt дорихоналар тармоғидаги 50% улушини мерос қилиб олди. Активлар 18 ёшга тўлгунга қадар ишончли вакилнинг ихтиёрида эди, кейин эса йигит миллиардерга айланди. Кичик Леман ҳам, унинг отаси ҳам компания фаолиятида иштирок этмайди. Бугунги кунга келиб тармоқнинг даромади йилига 14 миллиард долларга етган. 

Лука дел Веккио, Ray Ban ва Oakley кўзойнак компаниясининг ҳаммуассиси 

Ёши: 21
Фуқаролиги: Италия
Бойлик манбаи: Luxottica
Бойлиги: 3,5 миллиард доллар 

Леонардо дел Веккио ва Luxottica бошқарув кенгашининг собиқ аъзоси ва инвесторлар билан алоқалар бўйича собиқ директори Сабрина Гроссининг икки фарзандидан бири. Луканинг компанияда расмий лавозими йўқ. 

Ким Чжун Мин, онлайн ўйинлар ишлаб чиқарувчи Nexon компанияси ҳаммуассиси 

Ёши: 21
Фуқаролиги: Жанубий Корея
Бойлик манбаи: онлайн ўйинлар
Бойлиги: 1,7 миллиард доллар 

Ўзининг синглиси билан бирга Ким Чжун Мин оила бойлигининг учдан бир қисмини мерос қилиб олди (бу уларнинг ҳар бири учун Nexon ўйин ишлаб чиқарувчисининг 15% улушини ўз ичига олади). Бу уларнинг отаси Ким Чен Чу 2022 йил февраль ойида вафот этганидан кейин содир бўлди. Марҳум тадбиркор 1994 йилда Nexon компаниясига асос солган эди. Корпорация ўзининг йирик мультиплейер ўйинлари Kingdom of the Winds ва MapleStory билан машҳур. Forbes меросхўрнинг ёши ҳақида аниқ маълумотларга эга эмас. 

Александра Андресен, Ferd инвестиция компаниясининг ҳаммуассиси 

Ёши: 26
Фуқаролиги: Норвегия
Бойлик манбаи: инвестициялар
Бойлиги: 1,5 миллиард доллар 

Фото: Ferd

Александра ва унинг синглиси Катарина Ферд инвестиция фирмасидаги қимматли қоғозларнинг 42 фоизига эгалик қилади. У бизнесни бошқариш ўрнига ҳайвонларни бошқаради: Александра от спорти бўйича ёшлар тоифасида Норвегиянинг уч карра чемпиони. Бугунги кунда от фермаси билан от тайёрлаш мактабини бошқаради. 

Ван Цзэлун, CNNC Hua Yuan Titanium Dioxide Co кимёвий компаниясининг ҳаммуассиси 

Ёши: 26
Фуқаролиги: Хитой
Бойлик манбаи: пигментация воситаларини тайёрлаш
Бойлиги: 1,4 миллиард доллар 

Фото: DR

Ван бойлиги CNNC Hua Yuan Titanium Dioxide Co компаниясидаги улуши билан боғлиқ бўлиб, у бўёқ ва қоғоз каби маҳсулотларда ишлатиладиган оқ пигмент учун кимёвий моддалар ишлаб чиқаради.  

Леонардо Мария дел Веккио, Ray Ban ва Oakley кўзойнак компаниясининг ҳаммуассиси  

Ёши: 27
Фуқаролиги: Италия
Бойлик манбаи: Luxottica
Бойлиги: 3,5 миллиард доллар 

Фото: Getty Images for Tribeca Festival

Леонардо дел Веккио 2022 йил июнь ойида вафот этгунга қадар кўзойнаклар оламидаги асосий шахс ва Италиянинг иккинчи энг бой одами эди. У ўз бойлигининг 12,5 фоизини (асосан, дунёдаги энг йирик кўзойнак ва аксессуарлар ишлаб чиқарувчи Essilor-Luxottica компанияси улуши) беваси Николетта Зампилло, олти фарзанди ва бир ўгай ўғлига қолдирган. Леонардо Мария унинг Зампилло билан ягона фарзанди. Йигит Luxottica стратегик ривожланиш бўлимига раҳбарлик қилади. 

Катарина Андресен, Ferd инвестиция компаниясининг ҳаммуассиси 

Ёши: 27
Фуқаролиги: Норвегия
Бойлик манбаи: инвестициялар
Бойлиги: 1,5 миллиард доллар 

Фото: Ferd

Синглиси Александра билан бирга Катарина 4 миллиард доллардан ортиқ (капиталда) активларга эга бўлган Ferd инвестиция компаниясининг олтинчи авлод эгасидир. Ташкилотни отаси Йоҳан бошқаради ва Катарина Ослодаги қурилиш компаниясида барқарор ривожланиш бўйича директор бўлиб ишлайди. 

Райан Бреслоу, Bolt асосчиси ва бош директори 

Ёши: 28
Фуқаролиги: АҚШ
Бойлик манбаи: электрон тижорат
Бойлиги: 1,1 миллиард доллар 

Фото: Getty Images

Бреслоу Стенфорд университетини ташлаб, тўрт йил фарқи билан учта стартапга асос солди: уни бутун дунёга машҳур қилган Bolt билан бирга Eco ва Love. Стартаплар мос равишда тўловларни қайта ишлаш, шахсий молияни юритиш ва дори воситалари ҳисобини юритишда воситачиларни йўқ қилишни кўзлайди. 

Густав Магнар Витзо, дунёдаги энг йирик Salmar ASA балиқ фермаси ҳаммуассиси 

Ёши: 29
Фуқаролиги: Норвегия
Бойлик манбаи: балиқчилик хўжаликлари
Бойлиги: 2,7 миллиард доллар 

Фото: WireImage

У отаси Густав Витзодан мерос бўлиб қолган Salmar ASA лосось етиштирувчи компания акцияларининг деярли ярмига эгалик қилади, аммо йигит компанияда расмий лавозимга эга эмас. Бунинг ўрнига у кўчмас мулк ва IT стартапларига инвестициялар билан шуғулланади. 

Марк Матешиц, Red Bull энергетик ичимликлар ишлаб чиқарувчи компания ҳаммуассиси 

Ёши: 30
Фуқаролиги: Австрия
Бойлик манбаи: Red Bull
Бойлиги: 34,7 миллиард доллар 

Фото: Getty Images

2022 йил октябрь ойида вафот этган отаси Дитрих Матешиц унга энергетик ичимликлар ишлаб чиқарувчи Red Bull компаниясининг 49 фоизини мерос қилиб қолдирди. Кўп ўтмай, Марк «акциядор сифатидаги ролига эътибор қаратиш» учун органик бўлим бошлиғи лавозимини тарк этди. 

Михал Стрнад, ўқ-дори етказиб берувчи Czechoslovak Group эгаси 

Ёши: 30
Фуқаролиги: Чехия
Бойлик манбаи: қурол-яроғ
Бойлиги: 2 миллиард доллар 

Фото: Reuters

Унинг Czechoslovak Group ҳолдинги Украина армияси учун қурол-яроғ, ҳарбий дала жиҳозлари ва артиллерия снарядлари етказиб берувчи энг йирик компания ҳисобланади. 2022 йил биринчи ярмида буларнинг барчаси даромадни икки баравар оширишга ёрдам бериб, 620 миллион долларга етказди. 2018 йилда Стрнад отаси асос солган бизнесни тўлиқ назоратга олган эди. 

Палмер Лаки, VR-дубулға ишлаб чиқарувчи Oculus компанияси асосчиси 

Ёши: 30
Фуқаролиги: АҚШ
Бойлик манбаи: виртуал реаллик, мудофаа шартномалари
Бойлиги: 1,7 миллиард доллар 

Фото: Corbis via Getty Images

Собиқ вундеркинд-ўсмир виртуал реаллик учун дубулға ишлаб чиқарувчи Oculus компаниясига асос солган ва 2014 йилда уни Facebook компаниясига 2 миллиард долларга сотган. Сўнгра қурол-яроғ ишлаб чиқариш билан шуғулланган.  

2022 йил декабрь ойида унинг АҚШ Мудофаа вазирлиги учун дрон ва кузатув мосламалари йиғишни мақсад қилган Anduril ҳарбий стартапи 1,5 миллиард доллар сармоя тўплашга муваффақ бўлди. Унинг бизнеси 8,5 миллиард долларга баҳоланмоқда. 

Бен Фрэнсис, Gymshark спорт кийимлари ишлаб чиқарувчи компания асосчиси 

Ёши: 30
Фуқаролиги: Буюк Британия
Бойлик манбаи: Gymshark
Бойлиги: 1,2 миллиард доллар 

Фото: CC BY-SA 4.0

Фрэнсис 19 ёшга тўлганида ва коллежда ўқиб, пицца етказиб берувчи бўлиб ишлаганида, Gymshark спорт кийимлари ва жиҳозлари брендига асос солган. У биринчи намуналарни ота-онаси билан Бирмингемдаги (Британия) гаражида тикди ва спорт кийимларини реклама қилиш учун «партизан» маркетингига мурожаат қилди. Брендни тарғиб қилиш учун «оғир вазнли» инфлюенсерларни жалб қилди. 

2021 йилда Gymshark даромади 500 миллион долларни ташкил этди. 2020 йилда Фрэнсис 21% улушини General Atlantic хусусий сармоя фирмасига 300 миллион долларга сотди, аммо у бизнеснинг 70 фоизи назоратини сақлаб қолди. 2022 йилда бренд Лондонда Gymshark кийимларини сотадиган ва спорт машғулотлари олиб бориладиган бренд дўконини очди. 

Top