18:44 / 06.05.2024
10352

Қозоғистоннинг энг бой одамлари рўйхати янгиланди 

Рейтингда Kaspi технология-молия компанияси раҳбари Вячеслав Ким 5,8 миллиард долларлик бойлиги билан етакчилик қилмоқда. 

Вячеслав Ким / Фото: kapital.kz

Forbes Kazakhstan нашри Қозоғистоннинг 2024 йилги энг бадавлат 75 нафар одами рўйхатини эълон қилди.

Унда 54 ёшли Вячеслав Ким 5,8 миллиард долларлик давлати билан етакчилик қилмоқда. Тадбиркорнинг асосий активи Kaspi технология-молия компанияси бўлиб, унинг таркибига «Kaspi Магазин», «Kaspi Bank», «Kaspi Pay» ва «Kaspi Travel» киради. Ким, шунингдек, Kolesa Group, «Алсеко», «Allur Group», «Magnum» савдо тармоғи ва бошқа компанияларда ҳам улушга эга. 

Иккинчи ўринни 5 миллиард долларлик бойлиги билан 57 ёшли Тимур Кулибаев эгаллаб турибди. У «Kazenergy» Қозоғистон нефт, газ ва энергетика комплекси ташкилотлари уюшмаси раиси ҳисобланади. Тимур Кулибаев - Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг куёви, унинг ўртанча қизи Динара Кулибаеванинг эри. 

Учинчи ўринда 56 ёшли Динара Кулибаева, Қозоғистон Халқ банки акционери, Нурсултон Назарбоевнинг қизи ва Тимур Кулибаевнинг хотини. Унинг бойлиги ҳам 5 миллиард долларга баҳоланган. Динара Кулибаева – Қозоғистоннинг энг бадавлат аёли ҳисобланади. 

Forbes Kazakhstan ТОП 10 рейтинги қуйидагича:

- $5,8 млрд - Вячеслав Ким;

- $5,0 млрд - Тимур Кулибаев;

- $5,0 млрд - Динара Кулибаева;

- $3,6 млрд - Владимир Ким;

- $3,3 млрд - Тимур Турлов;

- $2,7 млрд - Булат Утемуратов;

- $1,5 млрд - Ибрагимовлар оиласи;

- $0,98 млрд - Нурлан Смағулов;

- $0,97 млрд - Сарсеновлар оиласи;

- $0,92 млрд - Арсен Томский.

Top