Ижтимоий тармоқларда Янгиҳаёт тумани 122-боғчада болаларни ухламагани учун оёқларига игна тиқишаётгани айтилган видео-хабар тарқалди. Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, педагогика коллежи талабаси Р.М. амалиётини ўташ учун Янгиҳаёт тумани «Орият» МФЙда жойлашган 122-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига 2023 йил 11 май кунидан 4-сонли кичик гуруҳга қабул қилинган.
2023 йил 26 май куни шу гуруҳдаги тарбияланувчилар ухламаганлиги сабабли 2-3 нафарига игна тиқиб олганлиги аниқланди. Маълум қилинишича, ҳозирда талаба Р.М. амалиётдан четлатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт туман ИИО ФМБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
“Ҳурматли ота-оналар! Сизнинг фарзандингиз таълим-тарбия олаётган муассасада юқоридаги каби нохуш ва бошқа ноқонуний ҳолатлар қайд этилаётганига дуч келсангиз, Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ишонч телефони — 71-2370893 рақамига қўнғироқ қилишингиз сўралади”, дейилади Тошкент шаҳар ММТБ матбуот хизмати маълумотида.