07:37 / 30.05.2023
10952

Косоводаги тўқнашувларда ўнлаб одам жароҳат олди

Косово шимолида серб аҳолисининг сайловларга қаршилиги фонида тартибсизликлар давом этмоқда. Камида 50 нафар намойишчи ва KFOR миссиясининг 25 тинчликпарвар аскари яраланган. 

Фото: Georgi Licovski/EPA-EFE/

Косово шимолида серб фаоллари ва НАТО бошчилигидаги KFOR миссияси тинчликпарвар кучлари ўртасидаги тўқнашувлар маҳаллий серб аҳолисининг ўтган муниципал сайловларга рози эмаслиги муносабати билан давом этмоқда. Ахборот агентликларининг маълумотларига кўра, 29 май куни этник серб гуруҳларнинг маъмурий биноларга уюштирган ҳужумлари натижасида камида 50 нафар намойишчи ва 25 KFOR вакили жароҳатланган. Венгрия ва Италиядан келган тинчликпарварлар синиш ва куйиш жароҳати олди.

Республика шимолига KFOR қўшимча кучлари жойлаштирилди. Хусусан, ҳимоя воситаларидаги 300 га яқин тинчликпарвар аскар Звечан шаҳридаги муниципалитет биноси олдида позицияларни эгаллади, дея хабар беради dpa мухбири воқеа жойидан. Бу ерда, 26 май куни серблар янги мэрни иш жойига кузатиб бораётган полицияга ҳужум қилди. Косово полицияси намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.

Косовонинг асосан серблар истиқомат қиладиган шимолидаги бир қанча шаҳарлар мэрлари 2022 йил охирида мамлакат ҳукумати сиёсатига норозилик билдирган ҳолда истеъфога чиқди. Апрел ойида сайловлар бўлиб ўтди, Сербия аҳолиси уни бойкот қилди - натижада албанпараст партиялар вакиллари шаҳар мэрлари этиб сайланди. Уларнинг лавозимга киришишларига йўл қўймаслик учун серблар полиция билан тўқнашиб, маъмурий биноларни тўсишга ҳаракат қилди. Сербия президенти Александр Вучич 26 май куни армияни тўлиқ шай ҳолатга келтирди ва бир неча бўлинмаларга Косово билан чегарага яқинлашишни буюрди.

29 май куни Германия Ташқи ишлар вазирлиги Косоводаги вазиятга муносабат билдирди. "Биз бугун тушдан кейин Косово шимолида содир бўлган қабул қилиб бўлмайдиган зўравонлик ҳужумларини кескин қоралаймиз, бунинг натижасида ўнлаб KFOR/НАТО аскарлари ва бир неча тинч аҳоли жароҳат олган. Бизнинг фикримиз жабрланганлар билан, уларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз", - дея айтилган Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Top