Жаҳон | 15:15 / 21.11.2023
4658
3 дақиқада ўқилади

НАТО Косоводаги қўшинларини кўпайтириш имкониятини ўрганмоқда

Минтақадаги кескинлик туфайли НАТО алянснинг Болқондаги иштирокини доимий равишда ошириш керакми ёки йўқми, шу жараённи баҳоламоқда.

Фото: Marjan Vucetic/AP Photo/picture alliance

НАТО Ғарбий Болқондаги ҳарбий иштироки даражасини қайта кўриб чиқмоқда ва Косоводаги контингентини ошириш имкониятини ўрганмоқда, деди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 20 ноябр, душанба куни Приштинадаги матбуот анжуманида. «Биз ҳозирда вазият назоратдан чиқиб кетмаслиги ва Косовода ёки бутун минтақада яна бир шиддатли можарога олиб келмаслиги учун қўшинлар мавжудлигини доимий асосда ошириш керакми ёки йўқми, шу масалани кўриб чиқяпмиз», — деди Столтенберг.

Косовода барқарорликни таъминлаш учун масъул бўлган НАТО бошчилигидаги халқаро кучлар (KFOR) 1999 йилдан бери фаолият юритиб келади ва унда 27 мамлакатдан 4500 дан ортиқ аскар бор, деб эслатади Reuters. Жорий йилнинг октябр ойида минтақада вазият кескинлашгани ортидан НАТО Косовога 200 га яқин қўшимча аскар жўнатган.

Косоводаги можаронинг кучайиши

Косовонинг 1,8 миллион аҳолиси катта қисми этник албанлардир. Мамлакатда 120 минг серб ҳам яшайди, асосан шимолда. 2008 йилда Косово бир томонлама равишда Сербиядан мустақиллигини эълон қилди. Уни 100 дан ортиқ давлатлар тан олган. Сербия улар ичига кирмаган ва ҳали ҳам ўзининг собиқ вилоятини қайтариб олишга ҳаракат қилмоқда.

Косово шимолида яшовчи 50 мингга яқин серб Приштина институтларини тан олмайди ва Белградни ўз пойтахти деб билади, дея қайд этади Reuters. Шу асосда минтақада мунтазам равишда низолар келиб чиқади. Сентябр ойида Косово ҳукумати полиция Косовонинг Банска қишлоғига бостириб кирган ва серб православ монастирида тўсиқ ўрнатган 30 нафар қуролли серб билан тўқнашганини билдирган эди. Уч ҳужумчи ва бир полициячи ҳалок бўлган.

Можаро 2022 йилда Приштина Сербияга келган фуқаролар учун вақтинчалик ҳужжатлар жорий этишга қарор қилгани ва серб озчилигидан эски серб авторақамларини маҳаллий рақамларга ўзгартиришни талаб қилгандан сўнг авж олди. Косово серблари норозилик сифатида баррикадалар ўрнатди, шундан сўнг Косово ҳукумати янги қоидаларни жорий этишни кейинга қолдирди. Шунга қарамай, тўқнашувлар мунтазам равишда такрорланяпти.

Мавзуга оид