15:01 / 31.05.2023
47195

Москвага дронлар ҳужуми. Улар қаердан учирилган ва қандай нишонларни кўзлаганди?

Ҳарбий эксперт 30 май кунги ҳужум ҳақидаги асосий саволларга қисқача жавоб берди.

Фото: Кирилл Кудрявцев / AFP / Scanpix / LETA

30 май тонгида Москвадаги учта турар жой биносига дронлар келиб урилди. Яна бир неча учувчисиз учар қурилмалар шаҳар ташқарисида уриб туширилган. РФ мудофаа вазирлиги буни «Киевдаги режим»нинг «террорчилик ҳужуми» деб баҳолади. Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк эса Украинанинг бу ҳужумга «бевосита алоқаси» йўқлигини билдирди. «Медуза» бу ҳужум ҳақида шахси сир сақланган эксперт (Россия ҳукумати «исталмаган» ташкилот фаолиятидаги иштирок учун аввалига жарима қўллаши, бу ҳолат йил давомида такрорланса, жиноий иш очиб, тўрт йилгача озодликдан маҳрум этиши мумкин) билан суҳбатлашди.

— Ҳужумнинг энг эҳтимолли сценарийси қанақа эди: дронлар Украинадан келганми ёки Россия ҳудудидан учирилганми? 

— Идеалда, менимча, [буни қилган томон] максимал даражада хилма-хил ҳужумни уюштириши керак эди. Агар қўйилган вазифа ҳаво ҳужумидан мудофаа амалиётларини ва зарбаларни кузатишни мураккаблаштириш бўлса, ҳам Украина, ҳам Россия ҳудудидан учирилган дронлар комбинациясини қўллаш тўғри бўларди. 

Аммо биз ҳозир фақат тахмин қиламиз, чунки ҳеч қандай маълумот йўқ. Биз булар қандай дронлар экани, қандай тузилишга эгалиги ва қанча масофага ҳаракатлана олиши мумкин бўлганини билмаймиз. Эҳтимолий ҳолатларнинг бирига [агар дронлар Украина ҳудудидан учирилган бўлса] кўра, [Россия] ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига саволлар туғилади: учувчисиз учар қурилмалар қандай қилиб ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларидан қочиб, бундай узоқ масофани учиб ўтиши мумкин?

Иккинчи ҳолатда, агар парвозлар РФ ҳудудидан амалга оширилган бўлса, Федерал хавфсизлик хизматига (ФСБ) савол бўлади: дронларни қандай қилиб Россия ҳудудига олиб кириш ва учириш мумкин эди? Ушбу сценарийлардан қайсидир бирининг эҳтимоллигини баҳолаш қийин. Нима бўлганда ҳам, Россия куч ишлатар тузилмаларига саволлар бор.

Менимча, уларнинг Украинадан учирилиши эҳтимоли юқорироқ эди: қолаверса, [у ердан] дронлар мунтазам равишда Брянск ва Белгород областларига учирилмоқда. Улар [украинлар] аллақачон [Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини] пайпаслаб қандайдир тешикни топган бўлиши керак.

— Ҳужум муайян нишонларга (Лениский проспектидаги Бош штаб академияси, президентнинг Ново-Огареводаги қароргоҳи, Рублёвкадаги объектлар) қаратилганми ёки гап фақат қўрқитиш акцияси ҳақида кетмоқдами? 

— Мен буни айта олмайман, чунки, афтидан, дронларнинг бирортаси ҳам нишонга етиб бормаган. Москва жануби-ғарбида [ҳарбий характердаги] жуда кўп турлича нишонлар бор, шаҳар марказига яқинлашган сари уларнинг сони ортади. Улар қаерга учишгани — тушунарсиз. 

Шунингдек, бу дронларнинг навигация тизими қанақа бўлгани ҳам унчалик аниқ эмас. Улар GPS сигнали бўйича учишганми? Москва осмонида GPS унча яхши ишламайди, айниқса, агар дронни олдиндан пайқаган бўлишса: сигнални, катта эҳтимол билан, сўндиришади. 

Агар улар инерциал навигацияга эга бўлган [бўлса], барчаси янада мураккаблашади, чунки у жуда ноаниқ ишлайди. Бу ҳолда бу дронлар нишондан тахминан бир хил масофада шунчаки қулаб тушган бўларди — [мўлжалланган нуқтадан] юзлаб метр ёки километр масофада. Оптик навигация тизими ҳақида гапириш, менимча, ўринсиз — бу жуда мураккаб ва қиммат. 

Шунинг учун улар қаерга учгани — тушунарсиз. Аммо, катта эҳтимол билан, улар GPS уларни қайсидир объектга олиб боришига умид қилган ҳолда ҳаракатланган.

— Ҳозирча қўлланган дронлар тури ҳақида кўп нарса маълум эмас, аммо уларнинг айримлари КЗ-6 шаклидаги зарядлар билан жиҳозлангани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Бундай портловчи қурилмалар чиндан ҳам муҳим ҳарбий иншоотларга ҳужум қилиш учун ишлатилиши мумкинми ва унинг вайронкор кучи қандай?

— Биз чиндан ҳам ҳужумда иштирок этган дронларнинг тури ҳақида кўп нарса билмаймиз. Камида бир ҳолатда у КЗ-6 шаклидаги заряд билан жиҳозланган. Бу миналардан тозалаш, деворларни бузиш ва бошқа муҳандислик ишлари учун мўлжалланган заряддир. У мустаҳкамланган девор, бетон ёки металл бошпаналарни тешиб ўтиш учун керак бўлади. 

Кумулятив ўқ-дорилар зирҳли техникаларга ёки бункерга зарба бериш учун мўлжалланган. Агар зарба яхши мустаҳкамланмаган нишонга йўлланса, албатта, фугасдан фойдаланган маъқулроқ. Снаряд имкон қадар кўпроқ одамга зарар етказиши мўлжалланганда эса, осколкали снарядлардан фойдаланилади. 

Мен бу ҳужумнинг мақсадлари ва вазифаларидан хабардор эмасман. Биз ҳатто буни ким қилганини ҳам расман билмаймиз: украинлар бу уларнинг иши эмаслигини маълум қилишган, гарчи, умуман олганда, бу украинлар эди. Катта эҳтимол билан, улар [нишонга яқин жойлашган] одамларга катта зарар етказмасдан, фақат қандайдир улкан мустаҳкам қурилмага зарба беришни исташгани учун айнан кумулятив ўқ-дорилардан фойдаланган. Аммо нишон қандай бино бўлгани номаълум.

Портлатувчи мослама бу дронга қандай ўрнатилгани ва бу КЗ-6 қандай қилиб ҳаракатга келтирилганини биз билмаймиз. Муҳандислар уни ишлатганида сигнал орқали портлаш тизими мавжуд бўлади. Яъни бу қандайдир зарба детонатори бўлганини тахмин қилиш мантиқдан. У нима учун ишламай қолгани эса тушунарсиз. 

Агар бу [тизимнинг носозлиги] [Россиянинг] радиоэлектрон кураш воситалари аралашуви натижаси бўлса, демак, сигнал [дронга] қандайдир электрон интерфейс орқали борган — буни ишонч билан айтиш қийин. Аммо қизиқ жиҳати бор: бу дроннинг жанговар каллаги — қандайдир колхозча. Шундай тасаввур уйғонадики, [уни йиғганлар] муҳандислик портловчи қурилмасини олишган ва уни дронга маҳкамлашга уринган. Бунинг барчаси импровизация ва «тиззада туриб» нимадир қилишга уринишдек кўринади. 

Бу дронни қандайдир импровизация қилиб ясашгандек: бир аппарат планерини олишган, унга авиацияга умуман алоқаси йўқ бўлган жанговар қисмни мослаштиришган. Бу ҳақиқатан ҳам қизиқ, аммо дрон тури ҳам, унинг қурилмаси тафсилотлари ҳам номаълум.

— Бу ҳужум Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа ва радиоэлектрон кураш тизимлари фаолияти сифати ҳақида нимани кўрсатди ва бундай вазиятда уларнинг ҳаракатлари қандай режалаштирилиши керак эди? Улар дронларнинг нисбатан кенг кўламли ҳужумларига дош бера оладими?

 — Россия мудофаа вазирлиги саккизта дрон қандайдир тарзда уриб туширилгани ҳақида маълум қилди, улардан учтаси — радиоэлектрон кураш воситалари орқали тўхтатилган, бештаси — ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан. Бундай дронлар сони айрим нашрларда айтилганидек кўпроқ эмас, фақат саккизта эди деб ҳисобланса, вазирлик баёноти, умуман олганда ҳақиқатга тўғри келади. Ҳозирча уларнинг сони кўпроқ бўлгани тўғрисида далил пайдо бўлмаган. Агар улар чиндан ҳам саккизта бўлган ва барчасини уриб туширишга муваффақ бўлинган бўлса, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва радиоэлектрон кураш воситалари умуман нормал ишлаган дейиш мумкин. 

Масаланинг яна бир томони бор, агар биноларга урилган учта дронга радиоэлектрон кураш воситалари томонидан таъсир кўрсатилган бўлса ва [натижада] улар ёки бошқарувни йўқотган, ёки уларни қўндиришга ҳаракат қилишган, аммо улар уйга урилган. Бундан кейин нима қилиш керак деган савол ўртага чиқади: Москвадек аҳоли зич яшайдиган шаҳар устида дронларни қандай уриб тушириш керак? Кейин улар қаерларга қулайди? Ва Россия раҳбарияти бу урушнинг москваликлар ва бошқа [йирик] шаҳарлар аҳолиси ҳаётига кириб келишига йўл қўймасликка ҳаракат қилаётгани ҳисобга олинса, мудофаани қандай қуриш керак?

Ҳозирги вазиятдан келиб чиқилса, улар [навбатдаги эҳтимолий дронлар] Москванинг устида ҳам уриб туширилади. Агар бу нисбатан каттароқ ҳужум бўлса, улар ниманидир ўтказиб юборади (яъни қайсидир дронни ура олишмайди ва у шаҳарга киради), ниманидир йўқ — аммо, афтидан, уларга ҳамма жойда ўт очишади. 

Асосий савол — улар [ҳаво ҳужумидан мудофаа ва радиоэлектрон кураш воситалари] нима учун олдинги ҳужум вақтида дронлар Кремлгача етиб боришига йўл қўйишганди? Агар улар шаҳар устида уриб туширилганида нима бўларди? Бу қанчалик шовқинли ва шов-шувли воқеа бўларди? Менимча, улар, албатта, қайсидир вақтга қадар бардош беришади. Агар бу дронлар анча кўпроқ бўлса, улар, буни уддалай олмаслиги ҳам мумкин, аммо улар буни уддалашга ҳаракат қилиши муҳим — бу дронлар қайси йўналишда учишидан қатъи назар.

Мавзу
Кремлга дронлар ҳужуми
Май ойида украин дронлари Кремлгача етиб борди.
Барчаси
Top