Жамият | 18:11 / 26.07.2023
19591
9 дақиқада ўқилади

ПМ имтиҳони натижалари: сменалар бўйича “ғалати” фарқланиш кузатилгани айтилмоқда

Президент мактабларига кириш имтиҳонининг саралаш босқичи натижаларига кўра, бир сменада қайд этилган баллар бошқа сменада такрорланмаган. Бу эса тестларнинг тестология қоидаларига мослиги бўйича саволларни юзага келтирди. Масъул агентлик раҳбари баҳолаш методикасини Кэмбриж мутахассислари ишлаб чиққанини ва баҳолаш ҳам улар томонидан амалга оширилганини айтди.

Фото: Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги

15 июл куни бутун республика бўйлаб президент мактабларига қабул имтиҳонларининг биринчи босқичи бўлиб ўтди. Бу босқич математика бўйича 30 та тест топшириғидан иборат бўлди. Имтиҳонлар 3 сменада ташкил этилди.

Кеча, 25 июл куни дастлабки босқич натижалари эълон қилинди. Ундаги айрим ҳолатлар жамоатчилик фаоллари диққатини тортмоқда.

Иқтисодчи Отабек Бакиров учта сменада имтиҳон топширган номзодларнинг баллари бир-бирига аралашиб кетмаганига эътибор қаратди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳридаги президент мактабига ўқишга кириш учун 3375 нафар ўқувчи имтиҳон топширган бўлса, шундан 63 нафари максимал 100 баллни қўлга киритган. 63 боладан деярли барчаси – 57 нафари 1-сменада имтиҳон топширган, қолган 6 нафари эса – 2-сменада.

64-ўриндан бошлаб, яъни 100 баллдан кам тўплаган болаларнинг баллари бўйича қизиқ ҳолат кузатилган: бирорта ҳам ҳолатда битта сменада қайд этилган балл бошқа бир сменада такрорланмаган. Яъни 95,8 балл тўплаганларнинг барчаси 2-сменада, 95,3 балл тўплаганларнинг барчаси 1-сменада, 90 балл тўплаганларнинг барчаси 2-сменада имтиҳон топширган ва бу “қонуният” қабул чизиғи – 480-ўрингача ўзгармасдан давом этган. Шунингдек, бундай тартиб айрим истиснолар билан энг охирги 3375-ўрингача сақланиб қолганини кўриш мумкин.

“Математика ва эҳтимоллар назариясини биладиганлар тушунадики, бу мўъжиза. Саналган гуруҳлар аралашиб кетмаган. Бир хил балл тўплаган 2-сменадаги ғолиблар орасига бирорта 1-смена вакили қўшилиб қолмаган. Ёки 1-сменадаги ғолибларга 2-сменадагилар аралаштирилмаган. Яна улар ўрин алмашиб келишган. Худдики денгиз ва дарё сувидек. Аралашмаган. Мўъжиза”, – деди юқоридаги ҳолатга муносабат билдирган Отабек Бакиров

Таълим бўйича эксперт Комил Жалиловнинг Kun.uz мухбирига айтишича, бу – изоҳталаб ҳолат.

“Нормал тақсимот қонунияти деган тушунча бор, бу математика, сонлар назарияси, тестологияда ҳам амал қилади. Мисол учун, дейлик, исталган тасодифан тўпланган одамлар гуруҳини олсангиз, улар орасида бўйи ўртачаси ҳам, узуни ҳам, пасти ҳам чиқади. Бу қонуният ҳамма жойда амал қилади.

Энди тестология нуқтайи назаридан олсак, ҳар битта сменада ҳар хил балл олганлар чиқиши керак. Масалан, 95 балл олганлар фақат битта сменада учраб, иккинчи сменада учрамаслиги мумкин эмас. Агар шундай ҳолат юзага келса, демак, бу ерда нимадир хато кетганини англатади.

Ва яна бир ҳолат, қайсидир сменадагилар А тоифадаги тестни яхшироқ ечган, қайсидирлари Б тоифадагисини. Бу ҳам бир тушунарсиз нарса. Шуни тестология нуқтайи назаридан асослаб, нима учун бундай натижалар олинганини, бу тестларнинг ишончлилик кўрсаткичлари қандайлигини агентлик ёки Cambridge тушунтириб бероладими?

Имтиҳонда берилган тестларни тестология нуқтайи назаридан тушунтириб беришсин, чунки бу жуда ҳам ғалати натижалар”, – дейди у.

Яна бир таълим бўйича мутахассис, педагог Шокир Турсун эса тест саволлари валидлигига шубҳа билдирди.

“Валидлик тестдан чиқариладиган хулосанинг яроқли эканини англатади. Бизнинг кейсимизда бу президент мактабида кимлар ўқишини ҳал қилишдир. Бутун дунёда агар тест юқори таъсир кучига эга бўлса, унинг валидлик далиллари келтирилиши кераклиги тан олинади. Аммо бизнинг тест ташкилотларимиз (ҳатто бизнинг халқаро ҳамкорларимиз ҳам) бу қоидага амал қилишмайди. Ана шу валидлик далилларидан бири тест спецификацияси ҳисобланади.

Китоби бўйича, ПИИМА (Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг аввалги қисқартма номи – таҳр.) кириш тестлари спецификациясини олдиндан эълон қилиши керак эди. Ана шу эълон қилинмаган спецификация оқибатида тестга кираётган ўқувчи ундан қандай кўникмалар талаб қилинишини аниқ била олмаяпти. Бу эса репетиторларга бориб юрган боланинг имкониятларини ошириб юборади. Натижада репетиторга борганлар ва бормаганлар орасидаги катта жарлик ҳосил бўлади.

Тест спецификатсияси эълон қилинмагани сабабли ҳамма ўзича тайёрланган. Репетиторлар ҳам шундай қилар экан.

Тошкент шаҳри, Нурафшон, Андижон, Хива, Бухоро ПМларининг тест натижалари ҳам шуни айтиб турибди назаримда. Фақат энди репетиторга борганлар ҳам омади келиб, репетитор устози ўтиб берган мавзудан тест тушса, ечган. Янги мавзуни эса бола топа олмаган. Ана шунинг учун ҳам бир хил балл тўплаганлар бир хил сменада турибди.

Бу ҳолат тестларнинг умумий вазни ҳам бир хил эмаслигини англатади. Чунки натижалар бир хиллиги ўқувчилар айнан бир хил вариантлардаги бир хил саволни еча олмагани ҳисобига йиқилганини англатади”,– дея ёзади Шокир Турсун.

Агентлик: Баҳолаш методикасини Кэмбриж мутахассислари ишлаб чиққан

Kun.uz мухбири ҳолат юзасидан Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги раҳбари Алишер Уббиев билан боғланди. У тестларни тузиш ва натижаларни баҳолаш шартнома асосида жалб этилган Кэмбриж халқаро таълим ташкилоти зиммасида эканини айтди.

“Cambridge'нинг халқаро баҳолаш тартиби бор, бу "Rush Analysis" деб аталади. Кўплаб тестологлар буни жуда ҳам яхши тушунади. Cambridge имтиҳонда қатнашган болаларни ўзларининг баҳолаш тизими орқали баҳоламоқда. Бу баҳолаш методикаси биз томонимиздан ишлаб чиқилмаган, шунга биз бу томондан аниқ, лўнда тушунтириш беришимиз мураккаб.

Бундан ташқари, [номзодлар] бир хил мураккаблик даражасида ечган, шунга қараб уларнинг баллари бир-бирига ўхшаш бўлиши табиий. Бу бўйича ўтган йилги натижаларни ҳам ташлаб беришимиз мумкин, керак бўлса. Ҳар доим худди шундай бўлган.

Лекин болаларнинг қайси сменада қайси вариантни ечганини очиб кўришса, бир боланинг қайд этган жавоби бошқа болада такрорланмаган. Ҳозир балл нуқтайи назаридан бир сменада бир хиллик юзага келяпти”, – дея жавоб берди у.

Уббиев тест топшириқларининг спецификацияси нима сабаб эълон қилинмаётгани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

“Биз намуна саволларини берганмиз. Ҳеч қаерда саволларнинг спецификацияси эълон қилиниши керак бўлган бир қонун-қоида ёки Вазирлар Маҳкамаси, президент қарорлари билан тасдиқланган меъёр йўқ. Кимдир, қайсидир мустақил блогер, бошқалар бу нарса берилиши керак-ку деса, шундай бўлиб қолмайди.

Биз ҳар йили саволлар намунасини Cambridge Аssessment ташкилотидан тасдиқлатиб олиб қўямиз, бирга бир [саволларни] қўйишга ҳаққимиз йўқ. Ташкилот бунга интеллектуал мулки сифатида қаттиқ қарайди. Шу сабабли фақатгина намунасини қўйиб борамиз”, – деди у.

Агентлик директори баҳолаш тизими бўйича Cambridge Assessment International Education ташкилотидан тушунтириш беришни сўрашини ҳам айтди.

“Бу баҳолаш тизими билан боғлиқ”

Kun.uz суҳбатлашган таълим тизимига яқин манба ҳолат юзасидан ўз фикрини билдирди.

“Бу имтиҳонда битта саволга неча балл берилиши олдиндан аниқ бўлмайди. Мисол учун, А тоифадаги саволлар бўйича 1-сменадаги бир қанча болалар 81,4 балл, 2-сменадагилар эса 81,5 балл тўплаган. Лекин улар катта эҳтимол билан бир хил – ё битта, ё иккита саволда хато қилишган. Бу баҳолаш тизими билан боғлиқ: саволнинг қийинлик даражаси унга берилган тўғри ва нотўғри жавоблар шкаласидан келиб чиқиб белгиланади.

Мисол учун, 1-сменадаги 1-саволга мингта боладан 900 таси тўғри жавоб берган бўлса, демак бу саволнинг қийинлик даражаси 0,9 бўлади. 2-сменадаги 2-саволга 850 та бола тўғри жавоб берган бўлса, демак бу саволнинг қийинлик даражаси 0,85 чиқади. Шунинг учун 1-смена билан 2-смена бир-бирини бир хил балл билан такрорлаш эҳтимоли деярли йўқ. Яъни аксинча, агар такрорласа, шубҳали бўлиб қолади”, – дея тушунтирди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ПМга кириш имтиҳонларининг 1-сменасида тушган саволлар кейинги сменаларда ҳам такрорлангани ҳақида хабарлар тарқалган, агентлик буни рад этган эди.

19 июл куни агентликда ОАВ вакиллари билан мулоқот ташкил этилди. Унда имтиҳонлар билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан бир нечта саволларга жавоб берилди.

  • Мазкур материалга очиқ кириш имконияти техник сабабларга кўра муайян муддатга чекланган эди. Таҳририят буни бошқача талқин қилмасликни сўрайди.

Мавзуга оид