15:18 / 07.08.2023
14999

«Одамлар ҳаётимиздаги воқеаларнинг кўпини билмайди». Рамсдэйл мухлислар билан муносабати ва ёмон кунлари ҳақида

Сўнгги мавсумни ажойиб ўтказган «Арсенал» совринсиз қолиши адолатдан бўлмасди. Артета шогирдлари Англия Суперкубоги учун баҳсда «Манчестер Сити» устидан ғалаба қозонишди. Лондонликлар посбони Аарон Рамсдэйл учун эса бу янада қадрли, зеро фаолияти давомида илк совринини қўлга киритмоқда. Финалдан бир неча кун олдин The Players Tribune лойиҳаси меҳмони бўлгани ва айнан ўз муваффақиятсизликлари ҳақида айтиб бергани қайсидир маънода ушбу дастурни ғалабанинг дебочасига айлантиради.

Фото: Clive Mason/Getty

«Бу ерда яхши ҳикоядан бошлаш керак, тўғрими? Ёки бирор кулгили воқеа. Очиғи, менинг «Арсенал»га келиб қолишим бошқа шерикларимникига ўхшамайди. «Менга Венгернинг ўзи қўнғироқ қилган» деб қўйишади. Ёки трансфердан сўнг уйининг олдида фанатлар қўшиқ айтган бўлади. Бу томондан бироз муаммоли ҳолатдаман.

Ҳа, нима десам экан, «Арсенал»га ўтганим ҳақидаги хабар илк бор чиққанида, эслаганим, бутун дунё менинг бир қоп ахлат эканимни ёзганди. Рости шу.

Аслида бошида ҳаммаси яхши эди. Европа чемпионати олдидан Англия терма жамоасидан чақирув олдим. У ердалигимда агентим «Арсенал» менга қизиқиш билдираётганини айтди. Футболда бу қанчалик жиддий эканини билиш қийин, шунинг учун ортиқча ҳаяжонга берилмадим.

«Қизиқиш? Нима дегани бу?» – сўрайман, - «улар мен билан шартнома тузмоқчими?»

«Балки ҳа. Балки йўқ. Қизиқиш бор»

Эртаси куни Букайо Сакага рўпара келиб қолдим. Кофе ичиб ўтирарди. У билан унча яқин танишмасдим, албатта, ундан сўрай олмайман буни, деган фикр кечди миямдан. Нимаям дердим?

«Букайо қалайсан, хайрли тонг. Ҳмм, мабодо хабаринг йўқми, сенинг жамоанинг мен билан қизиқяпти эканми?» Шунақа деб сўрайманми? Ғалати.

Лекин, ҳа, худди шунақа қилдим.

Қизиғи, у ҳаммаси рост эканини, мураббий унга ҳам телефон қилиб, мен ҳақимда сўрагани, характерим билан қизиққанини айтди. Менимча, Букайо мени роса мақтаб берганки, эртаси куни агент телефон қилиб, «Арсенал»га ўтаётганимни айтди. Ишониш қийин. «Арсенал»! Ҳаётимдаги энг ажойиб кун. Дўстларим «афсона, афсона» деб смс ёза бошлади, оиламдагилар еттинчи осмонда юришибди. Бундан ортиқ бўлиши мумкинми?

Машғулотлар тугагач, телефонимни қўлимга олсам, ҳаммаёқ портлаб кетибди. Одатда, кунига нари борса 10-15 хабар келади, бу сафар юзтадан ошиб кетибди. Нималар бўляпти?

Твиттерга кирсам, мухлислар жунбишга келган – «илтимос бу ерга келма!» «Икки марта лигадан тушиб кетган дарвозабон учун 24 миллион?!»... шу тахлит фикрлар.

Фото: Tommy Milanese/The Players' Tribune

Ўзимга келиб олгач, сал хотиржам тортдим. Ҳозирги футбол шу-да. Ижтимоий тармоқлар ёзаверади. Нари борса, бир нечта троллар. Хавотирга ҳожат йўқ. Хонамга бориб, телевизорни ёқдим. Дам олиш учун менда энг яхши вариант – футбол. Шунақа тентакман. Рафиқамдан ҳам сўраб кўришингиз мумкин. Мен аслида футбол ўйнайдиган футбол фанатиман. Машинада бўлсам, фақат футбол подкастларини эшитаман, уйда агар хотиним бирор кўрсатув кўриб ўтирган бўлса, айпадимни оламан ва ёнида ўтириб олиб, ҳар қандай футбол ўйинини томоша қиламан.

Хуллас, Sky Sports News’да кимнингдир расми пастда туради, собиқ футболчилар, экспертлар таҳлил қилиб ўтиришади-ку, биласиз, ўша ерда менинг расмим турибди ва улар бош силкитиб, унчалик ишонқирамай трансферни баҳолашяпти.

«Ёмон транфер. «Арсенал»га унчалик мос эмас»

«Катта пул сарфлашибди, менга ёқмаяпти»

«24 миллион фунт?»

Шунақароқ кайфиятдаги суҳбат кетяпти. Мени ёқтиришмас экан. Ғалати ҳиссиёт, бутун умр сен уларни афсона ҳисоблаб келгансан, улар эса, бутун мамлакат олдида сени бир чақага қиммат дарвозабон эканингни айтмоқда. Ростини айтсам, бу таъсир қилди. Еттинчи осмондан ерга қулаб тушдим.

Телевизорни ўчирдим. Ижтимоий тармоқлардаги қўнғироқларни ҳам. Ҳайриятки, Евро тугагач, ҳамма бироз ўзини босиб олганди. Анови салбий фикрларни ҳам, тролларни ҳам унутиб, орзумга етишганимни байрам қилишнинг айни вақти. Дўстларимни уйга чақирдим. Улар доим мен учун туриб беришади. Доим менга ишонишади. Ажойиб.

Аблаҳлар. Уйимга келибоқ, нималар дейишди, биласизми?

«Вааай, сен ҳақингда нималар дейишяпти, кўряпсанми?»

«Йўқ, эшитишни истамайман»

«Ўртоқ, баъзи мемлар ростанам кулгили, мана қара»

Эй, Худойим.

Аслида дарвозабон бўлишни орзу қилиш учун бироз тентак бўлиш керак. Лекин оиламизда энг тузуги мен, ишонаверинг. Катта акам Эдвард – турмада қоровул. Ўртанча акам Оливер Вест-Эндда артист. Отам ғирт эски мактаб персонажларидан. Унга дарвозабонлар оёқ билан ўйнайдиган бугунги замонавий футбол умуман ёқмайди. Доим Артетага телефон қилиб, сени ҳужумда ўйнатиб қўяқолишини айтаман, дейди.

«Арсенал» билан шартнома имзолаганимдан сўнг, кўп нарса ўқидим. Мен ҳақимда ёзилганларини кўтара оламан, аммо баъзида чегарадан чиқиб кетилади, оиламга нисбатан ёмон гапларни кўраман. Мен ҳақимда нима десангиз ҳам кулиб кетаверишим мумкин, аммо буниси ортиқча. Жим туролмайман.

«Эътибор берма, овозингни ўчир ва футболингни ўйна», – деб қўйишади.

Аммо футбол ҳамма учун. Ёқмаса, аввало, сиз жиминг ва ойнага қаранг. Мен ҳам ҳамма қатори футбол фанатимин, балки севимли клубим мендақа дарвозабонни сотиб олганида, менга ҳам ёқмасди. Умуман олганда, «Арсенал»гача бўлган фаолиятимда жуда кўп йиқилганман ҳам.

15 ёшимда «Болтон» менга жавоб бериб юборган. Чунки ҳатто футболкамни кийишни билмасдим, шунақа кичкина эдимки, отамнинг либосини кийиб олгандек туюлардим. Тумандаги беш-олти футбол клубини айланиб чиқдим, ҳаммаси рад қилди.

Фото: David Price/Arsenal FC/Getty

Жуда ноқулай. Мактабда фақат футбол ҳақида гапирар, дарвозабон бўлмоқчи эканимни айтардим. Мистер Керр исмли инглиз тили ўқитувчимиз бўларди. Ҳар қандай мавзу бўлмасин, футбол билан боғлаб гапиришимга рухсат берган. «Вест Бромвич» ёки «Челси» ҳақида ўн дақиқалик нутқимни эшитиб туриб, ўша кунги мавзу билан ажойиб бир шаклда боғлаб берарди. «Болтон»дан кетказишгач, мактабдаги шахсиятимнинг муҳим бўлагидан айрилгандек бўлдим, камгап бўлиб қолдим. Ҳатто ўртоқларим билан ҳам суҳбатлашмай қўйдим. Гўёки ширин тушим ниҳоясига етганди.

Бир куни мистер Керр мени бир четга тортиб, нима бўлганини сўради. Айтдим.

«Хўп, Англияда нечта клуб бор? Саксондан ортиқ, шундайми? Таслим бўлма, сен ҳам ўзингникини топасан. Орзуингдан ҳеч қачон воз кечма», – у жуда самимий гапирди.

Бир неча ҳафта ўтиб, «Шеффилд Юнайтед» академиясидан жой олдим. Тўрт йил ўтиб, «Честерфилд»га қарши ўйинда илк ҳақиқий профессионал ўйинимни ўтказдим. Иккинчи бўлимда жуда хунук автогол ўтказиб юбордим. 0:3 га ютқаздик. Бутун стадион мен ҳақимда қўшиқ куйлай бошлади – «бу сенинг айбинг, сенинг айбинг».

Бунақа пайтларда бўйингиз жуда паст туюлиб кетади. Эсимда, иккинчи лигада трибуна жуда яқин жойлашган, ортга қарасам, ҳақорат қилаётган мухлисни бемалол кўзига қараш имкони бор. Шу қадар яқин ўтиришадики, эътиборсиз қолдиришнинг ўзи қийин. «Менга ҳам дўстларимнинг олдида, қорнимда икки бокал пиво билан ўтириш ёқади» – шунақа ўй кечди хаёлимдан. Индамадим.

Кейинги сафар ўйинда билмадим, менга нима бўлди, мухлислар яна нимадирлар деб бақираётганди, ўгирилдим ва орасидан кимнидир топиб, бақира кетдим. Бутун қатор унга қараб кула бошлади. Гўёки бутун юк елкамдан ағдарилгандек бўлди.

Бутун ўйин давомида, орада танаффус бўлиши билан орқамга ўгирилиб ҳазил қила бошладим. Бироз кулгили, лекин босимни енгишнинг ўзига хос йўли эди бу. Бу лигада ўйнар экансан, том маънода инсонларнинг яшаши учун ҳам масъулсан аслида. «Честерфилд»дан ютқазиб, лигадан тушиб кетганимизда, эслайман, баъзи ходимлар қутида нарсаларини кўтариб, офисни тарк этганди. Бунақаси фақат кинода бўлади, деб ўйларканман. Майдондаги мағлубият туфайли, бир неча киши ишсиз, маошсиз қолганди. Бу ҳақиқий ҳаёт.  

Шундоғам бу жуда оғир дарс бўлганди, аммо муваффақиятсизликларим давом этаверди. Профессионал футболдаги илк 4 мавсумимни 24, 20, 18 ва 20-ўринларда якунладим. Ўтган мавсумдаги чемпионлик пойгасидан бошқа, бирор марта бирор соврин учун курашмаганман. Ёшларга тавсия қилган бўлардим, сиз энг зўр бўлмасангиз, орзуларни кўмиш керак дегани эмас, сизга ишонадиган инсонлар топилар экан, ҳеч нарса йўқотилмаган ҳали. Артета билан илк учрашувимизни эслайман, «шунчаки, ўзлигингни сақлаб қол» деганди у.

Илк ўйиним Лига кубогида «Вест Бромвич» билан сафарда эди. Бизнинг мухлислар стадионнинг бир бурчагида, лекин овозлари баланд. Ҳозир менга ҳуштак чалишса керак, деб ўйлай бошладим. Йўқ. Дастлабки беш дақиқада тўпга деярли тегмадим, бирорта сейв ҳам бўлмади, аммо барчаси жўр бўлиб исмимни қўшиқ қилиб айта бошлашди.

Этим жимирлаб кетди. Ишонқирамай, ўша томонга қарадим. Ҳа, тушунишимча, мана шулар ҳақиқий фанат. Ҳа, твиттерда баъзи аҳмоқлар ҳақорат қилгандир, нима бўлибди? Аммо мана булар орқамда ва мени қўллашади. «Вест Бромвич» стадионида бўлсам-да, айнан ўша куни ўзимни илк бор уйдагидек ҳис қилдим.

Умуман олганда, Шимолий Лондондаги икки мавсум ажойиб ўтди. Табиий, ўтган мавсумда мақсадга ета олмаганимиз бироз хафа қилади, аммо шу давр мобайнида қанчалик ўсганимизни ўйласам, фахрланаман. Агар оддий фанат бўлиб, четдан қараганимда, жамоадаги футболчилар жуда кучли.

2021/22 йиллар мавсум охирини, якунда кучли тўртликка кира олмаганимиздаги ҳолатни унутмайман. Айнан ўша куни тўғри йўлда эканимизни англаганман. Нюкаслда 0:2 ютқаздик, автобусда ҳамма тушкун, ёнимда Букайо ўтирибди. Одатда, ютқазилган ўйинлардан кейин ҳам нимадир ҳақида суҳбатлашамиз, аммо бу сафар у жим эди. Шунинг учун, ёнимда ўтирган бўлса-да, телефонига смс юбордим. Ҳаммаси жойидами, балки бироз гаплашармиз, деб ёздим. Аслида мен унга шуни тушунтирмоқчи эдим: мен бундан бадтар ҳолатларга тушганман, 8-ўриндаги жамоани 5-ўринга олиб чиқиш, айниқса, у учун ўта муваффақиятсиз якунланган Европа чемпионатидан кейин, жуда яхши натижа. Бундан фахрланиши керак. Ўзимдан сўзласам, шу пайтгача энг юқори ўрним 18 бўлганди ахир.

Ҳаммаси яхши бўлиб турган пайтлардан кўра, муваффақиятсиз даврлар бизга кўпроқ нарсани ўргатади, сабоқ бўлади.

Буёғига бироз жиддийлашмасам бўлмайди. Биласизми, футбол оммаси бизнинг ҳаётимизда содир бўлаётган воқеаларнинг кўпини билмайди. Масалан, ўтган йил мен ва оилам учун руҳий жиҳатдан чархпалакка айланди. Премьер Лигада биринчи ўринга кўтарилган ва мен жаҳон чемпионатига кетаётган пайтда рафиқам билан фарзанд кутаётганимиз маълум бўлди. Артета мундиалдан сўнг менга озгина таътил берди ва биз оилавий дам олишга чиқдик. Нима десам экан, айтмасам бўлмайди, уйга қайтишда фарзандимиз нобуд бўлди.

Ҳатто ҳозир ҳам ўша самолётдаги олти соатни тасвирлаб бера олмайман. Шунчаки, одамлар билиши керакки, ҳар қандай дард уларга ёпишмасин, ёлғиз эмаслар. Уйга қайтгач, ҳаммага ҳам бу ҳақида айтмадик. Фақат оиладагилар, баъзи жамоадошларим ва Микел. У ажойиб инсон. Ҳатто чемпионлик пойгаси қизиб, ҳаммамиз катта босим остида қолганимизда ҳам мендан ҳаммаси жойидами деб сўрар, истасам, танаффус олиб, оилам билан бўлишим мумкинлигини айтарди. У ҳақиқий бошлиқ.

Уч кун ўтиб «Тоттенҳэм» билан ўйинимиз ва чалғиш учун менда яхши имконият. Мураббийга ўйнашга тайёр эканимни айтдим. Айтдим-ку, футбол доим менинг қутқарувчим бўлган. Биз меҳмонда ғалаба қозондик ва мухлисларимизни тутиб бўлмасди. Ҳуштак чалингач, тўпни осмонга тепиб юбордим ва сув бутилкасини дарвоза ортига қўйиш учун бордим. «Тоттенҳэм» мухлисларидан бири ортимдан тепиб қолиши хаёлимнинг бурчагида ҳам йўқ эди. Турли стадионлардаги мухлислар билан ўзимга яраша муносабатим бор, мени нималар деб аташмаган, биламан, лекин бунисини чегарадан ошганди. Кийим алмаштириш хонасига кириб ғалабани тузукроқ нишонлай ҳам олмадим, чунки полицияга ариза бериш учун мени олиб чиқиб кетишди.

Биласизми, ўша йигитга бироз ачиндим. Аниқ биламан, агар мен уч кун олдин нималарни бошдан кечирганимни у билганида, ҳеч қачон мени тепмасди. Балки қачондир у билан рўпара келиб қолганимизда, футбол ҳақида суҳбатлашиб, дўст бўлиб кетардик ҳам.

Шунинг учун ҳам илк бор оиламда бўлиб ўтган воқеани бўлишгим келди. Сўнгги йилларда футбол оламида нафрат ва салбий фикрлар тўлиб кетди. Ижтимоий тармоқда бўладими, стадиондами, баъзилар умуман чегарани билмай қолишган. Биламан, бугунги гапларимдан кейин рафиқам, акаларим ҳақида яна нимадир ёзишади, айниқса, қора танли жамоадошларимга янада қийин, уларни ҳам аяб ўтиришмайди. Негадир, ижтимоий тармоқлар буни тўхтатишни, бу билан курашишни унчалик ҳам хоҳламаётгандек.

Мақсадим буни тўхтатиш эмас. Гап тролларда ҳам эмас. Биламан, уларга етиб бора олмайман. Мен шунчаки, нима тўғри, нима нотўғри эканини билдириб қўймоқчиман, холос.

Мен ўзим қандай инсон, қандай ота бўлишим кераклиги асосий масала.

Шу ёзда рафиқам Жоржина билан яна бир туҳфа олдик – у яна ҳомиладор экан. Кичик Gooner’ни кутяпмиз ва табиийки, еттинчи осмондамиз. Ота бўлишинг ҳақидаги ўйнинг ўзи сени ўзгартиради, умуман, қандай инсонга айланишинг кераклиги ҳақида фикрлай бошлайсан. Мен масалан, лигани ютиш, Чемпионлар Лигаси ва жаҳон чемпионатида ғалаба қозонишни орзу қиламан. Бу энди футболдаги мақсадларим.

Инсон сифатида бошқа орзуим бор. Мен ўзим севадиган ўйин барча учун хавфсиз, тоқатли бир масканга айланишини истайман. Қайси ирқ, қайси дин бўлишидан қатъи назар, турли ҳақоратлардан қўрқмасдан, биз билан бирга ғалабаларни нишонлашини орзу қиламан.

Сизларни яхши кўраман.

Аарон»

ThePlayersTribune учун

Мавзу
Ғолиблар тарихи
Ҳаётда ўз интилишлари ва иродаси кучи билан муваффақиятга эришган шахслар бисёр. Уларнинг ҳар бирининг қизиқ тарихи ва ҳикояси бор
Барчаси
Top