20:46 / 22.08.2023
16996

Самарқандда 49 нафар фуқаронинг заҳарланиши бўйича расмий маълумот берилди

Фуқаролар 2023 йил 14-15 август кунлари заҳарланган. Санэпидем қўмита матбуот хизмати орадан бир ҳафта ўтиб маълумот берди.

Фото: Видеодан кадр

Қўмита маълумотида ёзилишича, 2023 йил 14-15 август кунлари Самарқанд шаҳар Рудакий кўчасида жойлашган “Бир зумда” номли фаст-фуд таомларини тайёрлаш ва сотиш савдо шохобчасида тайёрланган “ҳот-дог”дан 49 нафар фуқаро заҳарланган.

Беморлар “овқат токсикоинфекцияси” ташхиси билан вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонасига ётқизилган. 21 август ҳолатига кўра, шифохонада бўлган беморларнинг барчасига тиббий муолажалардан сўнг аҳволи яхшилангани сабабли уйларига жавоб берилган.

Ўрганиш жараёнида “ҳот-дог” тайёрлашда ишлатилган сабзи салати Самарқанд тумани Боғи тилло маҳалласида яшовчи фуқаро М.С. томонидан уй шароитида тайёрлангани аниқланган.

Сабзи салатини тайёрлашда иштирок этган хонадон аъзолари М.С. ва А.У.дан иш анжомларидан тайёр сабзи салати ва ичимлик сувидан намуналар олиниб, Санэпидқўмитанинг Самарқанд шаҳар бўлими лабораторияларига юборилган.

Шунингдек, “Бир зумда” номли савдо шохобчасида ваколатли орган билан келишилган тартибда 2023 йил 18 август куни текшириш ўтказилган.

Текшириш давомида савдо шохобчасида технологик эҳтиёжлар учун ишлатилаётган иш анжомлари маркировкаланмагани, идиш ювиш хонаси санитария қоида ва меъёрларга зид равишда ташкил этилгани ҳамда савдо шохобчасида хавфсизлиги кафолатланмаган уй шароитида тайёрланган салатлар ишлатилишига йўл қўйилгани аниқланган.

Қайд этилишича, аниқланган камчиликлар юзасидан “Бир зумда” савдо шохобчасининг иш фаолияти 18 августдан вақтинча тўхтатилган ва корхона раҳбари А.А.га маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Аввалроқ, 2023 йил 3 август куни Ургут туманида жойлашган тўйхонада ўтказилган тўйда қатнашган 42 киши заҳарланган. Одамларнинг заҳарланишига қўлбола усулда тайёрланган майонезли салат сабаб бўлгани айтилганди.

Top