Марказий Осиё давлатлари стипендиялари миқдори таққосланди
Энг юқори стипендия Қозоғистонда, энг ками Қирғизистонда экани маълум бўлди.
Asia-Plus нашри 2023-2024 ўқув йилида Марказий Осиё давлатлари талабаларининг стипендияларини таққослаб кўрди. Маълум бўлишича, энг кўп стипендияни қозоғистонлик талабалар олади. Энг камини қирғизистонликлар.
Қозоғистонда махсус стипендиялар
Қозоғистонда талабалар ўз мутахассислигидан келиб чиқиб стипендия олишади.
Педагогика ва тиббиёт йўналиши талабаларига 67 200 тенге (145 доллар ёки 1,8 млн сўм) миқдоридаги стипендиялар ажратилади.
Техник ва касбий йўналишдаги талабаларга 32 681 тенге (70 доллар ёки 856 минг сўм) миқдорида стипендия берилади.
Қолган талабалар 41 898 тенге (90 доллар ёки 1,1 млн сўм) миқдорида стипендия олади.
Ўзбекистонда 3 турдаги стипендия бор
Ўзбекистонда талабалар янги ўқув йилида уч турдаги: президент, асосий ва шахсий стипендияларни олиши мумкин.
Президент стипендияси миқдори қарийб 2,2 миллион сўмни (180 доллар) ташкил этади. У аъло баҳоларга ўқиган ва фаол талабаларга танлов асосида берилади.
Асосий стипендияни ўқиш семестрида 30 фоиздан кам «яхши» ва «қониқарли» баҳоларга эга бўлган талабалар олади. Унинг миқдори 621 минг сўмни (51 доллар) ташкил этади.
Шахсий стипендиялар машҳур шахслар – Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Алишер Навоий, Улуғбек, Имом Бухорий, Бобур, Паҳлавон Маҳмуд, Тўлепберген Қайипбергенов, Иброҳим Юсупов, Ислом Каримов ва Камолиддин Беҳзод номи билан аталган. Унинг миқдори қарийб 1,5 миллион сўмни ташкил этади ва танлов асосида берилади.
Тожикистонда тўрт турдаги стипендия бор
Тожикистонда стипендия университет ва институтларда бюджет асосида ва кундузги бўлимда таълим олаётган талабаларга берилади. Тожикистон Таълим ва фан вазирлиги маълумотларига кўра, талабалар 4 турдаги: олий, ўрта ва қониқарли, шунингдек, президент стипендиясини олади.
Президент стипендияси Тожикистондаги энг олий стипендия бўлиб, маблағ президент жамғармасидан ажратилади. У фақат аъло баҳоларга ўқиган талабаларга берилади. Унинг миқдори 1130 сомонийни (103 доллар ёки 1,3 млн сўм) ташкил қилади.
Олий стипендия семестрни «аъло» баҳолар билан тугатган талабаларга берилади ва унинг миқдори 448 сомонийни (41 доллар ёки 501 минг сўм) ташкил қилади.
Ўртача стипендияни семестрни яхши ва аъло баҳолар билан якунлаган талабалар олади. Унинг миқдори 324 сомонийни (29 доллар ёки 355 минг сўм) ташкил қилади.
Бир семестрда 20 фоизгача қониқарли баҳо олган талабаларга қониқарли стипендия берилади. Икки семестр кетма-кет ўқишни қониқарли баҳолар билан тугатган тақдирда, бундай стипендия берилмайди. Унинг миқдори 120 сомонийни (11 доллар ёки 135 минг сўм) ташкил қилади.
Университет ва институтларда контракт асосида таълим олаётган талабаларга стипендия берилмайди.
Қирғизистонда стипендиялар миқдори кам
Қирғизистонда стипендия тўлашнинг бутунлай бошқача тизими мавжуд. Ушбу мамлакат Таълим ва фан вазирлиги қарорига кўра, аълочи талабаларга 1600 қирғиз сўми (18 доллар ёки 220 минг сўм) миқдорида стипендия ажратилади.
Бироқ абитуриентларни педагогик мутахассисликлар бўйича ўқишга рағбатлантириш мақсадида юқори миқдорда стипендия ажратилади. Хусусан, бу йўналишда 1-курс талабаларига 1000 қирғиз сўми (11 доллар ёки 134 минг сўм), 2-курс талабаларига 2000 қирғиз сўми (22 доллар ёки 268 минг сўм), 3-курс талабаларига 3000 сўм (33 доллар ёки 404 минг сўм) ва 4-курс талабаларига 4000 қирғиз сўми (44 доллар ёки 538 минг сўм) миқдорида стипендия берилади.
Қирғизистонда президентлик стипендияси ҳам бор. У фаол талабаларга, аммо йилига бир марта, 50 минг қирғиз сўми (566 доллар ёки қарийб 7 млн сўм) миқдорида берилади.
Мавзуга оид
16:51 / 12.12.2024
Америкалик таҳлилчилар Трампга Марказий Осиёни эътиборсиз қолдирмасликни таклиф қилди
18:38 / 11.12.2024
Марказий Осиёда одам савдоси кўрсаткичлари пасаймаяпти – БМТ
16:43 / 07.12.2024
Марказий Осиё аҳолиси сони 80 миллиондан ошди
17:22 / 19.11.2024