Жаҳон | 20:05 / 11.10.2023
55392
15 дақиқада ўқилади

Норвегия келишувларига 30 йил: фаластинликлар ва исроилликлар сулҳ жараёнидан нега воз кечишган?

30 йил аввал — 1993 йилнинг 13 сентябрида Оқ уй олдида Исроил бош вазири Исҳоқ Рабин ва Фаластин озодлик ташкилоти етакчиси Ёсир Арофат тарихга «Осло келишуви» (ёки Норвегия келишувлари) номи билан кирган иккитомонлама меморандумни қўл сиқиб тасдиқлашган эди.

Фото: AFP

Меморандум музокараларни имзолашда иштирок этган Норвегия номи билан аталган. Вашингтондаги маросим шунчаки рамзий маънога эга эди, Осло эса тарихга кирди.

Асосий ҳужжат уч ҳафта муқаддам Норвегия пойтахтида Исроил ташқи ишлар вазири Шимон Перес ва Фаластиннинг ўша вақтдаги нуфузли сиёсатчиси, кейинроқ Фаластин миллий маъмурияти раҳбари бўлган Маҳмуд Аббос томонидан имзоланганди.

Битимдан кўзланган мақсад Фаластин-Исроил можаросини тартибга солишдан иборат эди.

30 йил ўтгач, мақсадга эришилмади, деб бемалол айтиш мумкин. Боз устига, бу ташаббус Исҳоқ Рабинга қимматга тушди — у кейинроқ ўнг радикал исроиллик томонидан ўлдирилади.

Тинчликка эришиш мутлақо мумкин эмаслигига ишончи комил бўлган исроиллик скептиклар Осло битимларини террорчиларни жиловлашга уриниш, деб атайди ва бу вазиятни янада оғирлаштиради.

Фаластин томонидаги скептиклар эса Исроил ва унинг иттифоқчилари озодлик ҳаракатини огоҳликдан чалғитиб, вақтдан ютишни мақсад қилишганини айтишади.

«Исроилликлар ўзларини қандай тутишларидан музокаралар яна 20 йилларга чўзилишини англаш мумкин эди», — дейди ўшандаги Фаластин делегацияси маслаҳатчиси Аниз Фаузи Қосим.

Айримларга кўра, Яқин Шарқдаги нифоқни тўхтатишга қандайдир имконият бўлган бўлса, у айнан 1993 йилда бўлганди. Бир йилдан сўнг Тинчлик бўйича Нобел мукофоти Рабин ва Арофатга берилган, бу ҳам жаҳон ҳамжамиятининг ўша пайтдаги кайфиятини ифодалайди.

Хўш, ким ҳақ ва нима нотўғри йўлдан кетди? BBC яқин ўтмишдаги воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.

Келишув томон сирли йўл

Яқин Шарқдаги ўнлаб йиллар мобайнидаги кескин қарама-қаршилик, ҳудудлар оккупация қилиниши, террор ва биринчи Фаластин интифодасидан сўнг 1991 йилда АҚШ ва СССР Мадрид тинчлик конференциясини чақиришди ва зиддиятлашаётган томонларга музокаралар бошлашни қатъий таклиф қилишди.

Бўлажак мулоқотга асос «тинчлик эвазига ҳудудлар» формуласи бўлиши керак эди.

Ўша пайтда Исроилда ҳокимият тепасида «Ликуд» бошчилик ўнг марказчи ҳукумат турарди ва бундай айирбошлаш кескин рад этилади.

Бироқ, 1992 йил июлида ўнгларнинг сайловдаги мағлубиятидан сўнг ҳукуматни Исҳоқ Рабин бошчилик сўллар бошқара бошлайди. Мамлакатдаги асосий мансабларни «Авода» (ишчи партияси) ва МЕРЕЦ социал-демократлари эгаллашади.

Сўлларни Мадрид тинчликка эришиш формуласи тўлиқ қониқтирарди ва ўша 1992 йилда Исроил ҳам Фаластин озодлик ташкилоти вакиллари махфий равишда Ослода музокаралар учун учрашишади.

Музокаралар ташаббускори ва Норвегия битимларининг бош архитектори Исроил ташқи ишлар вазири ўринбосари Йосси Бейлин бўлади. Фаластин томонидан унинг қаршисига Маҳмуд Аббос чиқади.

Йосси Бейлин (чапда) 1999 йилда Ғазо секторида Ёсир Арофат билан учрашувда. Ўша пайтда Бейлин Исроил адлия вазири лавозимида бўлган. Фото: GETTY IMAGES

Музокаралар шу қадар махфий ўтказиладики, Исроил томонидан олий мартабали қатнашувчилар жараённинг алоҳида деталларини ҳаттоки бир-биридан сир тутишади.

Бош муаммо Фаластин томони шарти бўлади: яъни музокараларда Фаластин томонини Фаластин озодлик ташкилоти (ФОТ) тамсил этиши.

ФОТнинг 1968 йилда қабул қилинган хартиясида Исроилни йўқ қилиш ва Фаластин ҳудудида ҳар қандай сионистик иштирокни бартараф этиш бўйича мақсадлар ёзиб қўйилган эди.

Ҳаттоки сўллар ҳам бу йигитлар билан бир столга ўтириб гаплашиш ҳаддан ошиш эканини тушунишарди. Исроил раҳбарлари фикри бўлинади: Исроил бош вазири Исҳоқ Рабин қарши эди, ташқи ишлар вазири Шимон Перес — рози.

Йосси Бейлин уларнинг орасида жонҳалак бўлиб, нафақат музокаралар тақдирини, ҳаттоки ўз карьерасини ҳам хавф остида қолдиради.

Israel Hayom нашрида эълон қилинган мақоласида Бейлин иш кунларидан бирининг якунида ўз шефи Переснинг олдига Ослода ўзи ва Шарқий Қуддуснинг нуфузли сиёсий шахсларидан бири Файзал Ҳуссайний билан ўтадиган музокараларнинг биринчи босқичига ҳамма нарса тайёрлиги тўғрисидаги ҳисоботни олиб кирганини тасвирлаган.

«Мен унинг олдига гаплашиб олиниши лозим бўлган масалалар рўйхати билан кирганимдан Переснинг юз ифодаси кечагидан ўзгарганини сездим. У Ҳуссайний билан учрашув ҳақида Рабинга маълум қилгани ва бош вазир учрашувни бекор қилишни талаб қилганини айтди», — деб эслаган Бейлин.

Кейинроқ Исроил истеблишментида бу мамлакат учун мутлақо хос бўлмаган нарса кузатила бошлайди — мўътадил сўллар ўта сўллар билан кураша бошлайди ва орадан бир йилдан камроқ вақт ичида Норвегия битимлари барибир имзоланади.

Битимнинг моҳияти нимада?

«Осло» битимлари аслида икки ҳужжатни бирлаштиради: «Осло-I» (Исроил томонидан Шимон Перес ва Исҳоқ Рабин, Фаластин томонидан Маҳмуд Аббос ва Ёсир Арофат томонидан имзоланган 1993 йилги принциплар) ва «Осло-II» (Иордан дарёсининг ғарбий соҳили ва Ғазо сектори бўйича 1995 йилда имзоланган вақтинчалик битим).

Кўпинча «Осло» битимлари ҳақида гапирилганда «Осло-I» тушунилади. Араб-исроил масалаларини ҳал қилишда энг катта умид айнан мана шу ҳужжатдан эди.

Декларациянинг кўплаб пунктлари орасидан қуйидагиларни асосий қилиб ажратиб кўрсатиш мумкин:

  • Фаластин томони Исроил давлати мавжуд бўлишга ҳақли эканини тан олади, терроризм ва бошқа турдаги зўравонликлардан воз кечади, келгусида можароларни тинч йўл билан ҳал қилишга интилади.
  • Исроил ФОТ (Фаластин озодлик ташкилоти)ни сулҳ музокараларида Фаластин халқи манфаатининг қонуний вакили деб тан олади ва Иордан дарёсининг ғарбий соҳили ва Ғазо секторини бошқариш учун расмий Фаластин ҳукумати тузилишига рози бўлади.

«Тинчлик эвазига ҳудудлар» формуласи шакл-шамойилга эга бўла бошлаган эди.

«Босиб ўтилиши яҳудий ҳалқининг ичида муросасиз бўлинишларни юзага келтирувчи қизил чизиқлар бор», — деган ўшанда Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги яҳудий манзилгоҳлари кенгаши раҳбари Эляким Хаэцни.

Оккупация остидаги ҳудудлардаги яҳудий манзилгоҳлари масалалари — Исроил ички сиёсатидаги тиқилиб турган тошлардан бири ҳисобланади.

Ўнг активистлар Рабин яҳудий халқи ва сионизмнинг энг ашаддий душманлари қаторига кириб қолишидан огоҳлантира бошлайди.

Исроил халқи манфаатига хиёнат қилганлик бўйича айбловларга қарши Исҳоқ Рабин шундай жавоб берадики, кейинчалик у Исроил жамиятининг сўл қарашлардаги қисми учун шиорга айланади.

«Бугун биз ҳаммага баланд овозда ва аниқ-тиниқ қилиб айтмоқдамиз: қон ва кўз ёшлари етар. Бас», — Рабин бу сўзларни Вашингтондаги Оқ уй олдида Ёсир Арофат билан қўл сиқишганидан сўнг айтган.

Томонлар ўзларига олган мажбуриятларни бажаришга киришдими?

Аввалига, ҳа.

Фаластин миллий маъмурияти тузилди ва ишга киришди.

Исроил қўшинлари Фаластин мухториятининг олтита катта шаҳри ва 450 та аҳоли пунктларидан олиб чиқиб кетила бошланди.

Иордан дарёсининг ғарбий соҳилини учта секторга бўлиш, улардан бири тўлиқ фаластинликлар ҳокимиятига ўтиши, иккинчисида биргаликдаги назорат ва учинчиси — энг кичиги ҳозирча Исроил ихтиёрида қолиши белгиланади.

Иккитомонлама ишчи гуруҳлар харита чизиш билан банд бўлиб турган пайтда ҳар икки томондан битимга қарши бўлганлар кўчаларда ўз позицияларини тошбўрон ва ёнувчи аралашмалар билан ҳимоя қила бошлашди.

«Биздан талаб этилган нарсани қилдик. Ўзаро тан олиниш, хавфсизликни мувофиқлаштириш. Биз ўз мажбуриятларимизни бажардик, оккупантлар томони эса буни амалга оширгани йўқ», — деган Фаластин раҳбарияти вакили ва ФОТ аъзоси Ёсир Обид Раббо.

1996 йил 4 ноябрида Тел-Авив марказида узилган ўқ овози Осло битимларини бутунлай кўмди-қўйди.

Тинчлик учун уруш қурбонлари

1995 йилнинг 4 ноябри оқшомида Исроил бош вазири Исҳоқ Рабин Тел-Авивдаги Исроил подшоҳлари майдонида тинчлик жараёнини қўллаб ўтказилган кўп минг сонли митингдаги чиқишидан сўнг ўлдирилади.

Исроиллик ултраўнг диний экстремист Игар Амир ўз тансоқчилари қуршовида машинага йўналган Исҳоқ Рабиннинг ортидан уч бора ўқ узади.

Судда Амир Исроилни фаластинликлар билан аблаҳона битимдан қутқаргани, ўзини Исроил қаҳрамони деб билишини айтади.

У умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади, лекин ўз мақсадига етади.

Яқин Шарқ бўйича кўплаб экспертлар фикрича, 1990-йиллар ўрталаридан тинчлик жараёни фақатгина Исҳоқ Рабиннинг шахси билан мустаҳкам бўлиб турган ва фақат унинг ўзи уни якунига етказиши мумкин эди.

Исҳоқ Рабиннинг ўлдирилиши Исроилни ларзага келтиради ва мамлакатдаги радикалзм муаммоларини очиб беради. Фото: EPA

Рабиннинг сўл қарашлари унинг кўп жангларни кўрган генерал биографияси билан муваффақиятли қоришган эди.

1941 йилда 19 ёшли Рабин армияга чақирилади. 1947–49 йиллардаги мустақиллик учун курашда у жанговар операцияларни муваффақиятли бошқаради. 1964 йилда у генерал-лейтенант рутбасида Бош штабни бошқаради ва унинг қўмондонлиги остида 1967 йилда исроилликлар олти кунлик урушда Миср, Сурия ва Иордания қуролли кучлари устидан зафар қучишади.

«Исроилликларнинг аксарият қисми учун бундай биография оддий гап эмасди. Албатта, ҳануз Рабинни хоин деб билувчи тоифалар бор, лекин Игар Амир ҳаттоки ўнг радикал муҳитда ҳам қаҳрамон саналмайди. Рабиннинг ўлдирилиши мамлакатни ларзага солди», — дейди тарихчи Гидон Стадлер.

«Мен, ҳисоб рақами 30743 бўлган захирадаги генерал-лейтенант Исҳоқ Рабин, Исроил мудофаа кучлари ва тинчлик армияси аскари, мен, армияни ўтга, аскарларни ўлимга жўнатган одам бугун шундай дейман: биз қурбонлар, ярадорлар, қон тўкилиши ва азоб-уқубат бўлмаган уруш томон ҳаракатланмоқдамиз. Бу — иштирок этиш ёқимли бўлган ягона уруш: бу — тинчлик учун уруш», — деганди Рабин ўзининг 1993 йилги нутқида.

2000 йил сентябрига келиб Фаластин-Исроил қарама-қаршилиги ўзининг янги чўққисига чиқади. Яҳудий манзилгоҳларида яшаётганларнинг маҳаллий аҳоли билан тўқнашувлари, худкушларнинг терактлари ва Исроил мудофаа армиясининг кенг кўламли жавоб операциялари иккинчи Фаластин интифодасига олиб келади ва у тўрт ярим йил — 2005 йил бошларигача давом этади.

Таназзулнинг бошқа сабаблари

Рабиннинг ўлимидан сўнг бир йилча вақт ўтар-ўтмас Исроилда яна ҳокимият тепасига ёш бош вазир Бинямин Нетаняҳу бошчилик ўнглар келади.

Маҳмуд Аббоснинг фикрича, Исроил Исҳоқ Рабин ўлимидан сўнг Фаластин ҳудудларида яҳудий манзилгоҳлари қуришни давом эттириб, Норвегия битимларини бажаришга бўлган умидни батамом ўлдирган. Фото: AFP

Норвегия битимлари архитектори Йосси Бейлинга кўра, 1993 йилнинг 13 сентябрида Оқ уй олдидаги дабдабали маросим ва матбуотдаги резонанс кўпчиликда тарихий сулҳ шартномаси тузилди, деган ёлғон тасаввур уйғотган.

Бу ёлғон тасаввур ўз навбатида ниҳоятда юқори кутилмаларга сабаб бўлган, бу кутилмалар ўзини оқламаслиги ҳам мумкин эди, чунки ҳужжатнинг моҳияти умуман бошқача бўлган.

«Ўша оралиқ битим тез орада Нетаняҳу қўлига тушиб қолгач, у фаластинликлар худди сулҳ шартномаси имзолагандек ҳаракат ва ҳамкорлик қилишини талаб эта бошлайди. Сиёсий тартибга солиш бўйича бир неча таклифни фаластинликлар рад этгач, Исроил Йаҳуд ва Самарияда манзилгоҳлар қуриш орқали Норвегия битимларини бекор қилишга ўз ҳиссасини қўшди», — дейди Йосси Бейлин.

Унинг ўзларига кўра, ўнг кучлар меморандум мазмунига жуда танлаб-танлаб ёндашишган. Фаластинликлар террордан воз кечиб, тинчлик йўли билан ҳаракат қилиши тўғрисидаги пунктлар уларга ёқади, албатта, бироқ Фаластин давлатини ташкил қилиш кафолатлари тўғрисидаги пунктларни кўрмаганга ола бошлашган.

Айрим олий мартабали фаластинликларга кўра, 1993–93 йиллардаги музокаралар шунчаки ҳийла бўлган.

«Осло битими Исроилнинг энг яхши режаси эди. У оккупацияни ўзи учун ҳеч қандай оқибатларсиз давом эттириш имкониятини яратди», — деган Фаластин маъмурияти қонунчилик кенгаши собиқ депутати, жамоат арбоби Мустафо Барқутий.

Тинчликка эришиш имкониятлари бой берилдими?

Сўнгги 30 йилда Исроил ўнглари ҳокимият жиловини ўз қўлларидан қўйиб юбормаяпти (1999–2001 йиллардаги оралиқ ҳисобга олинмаса) ва ҳар бир янги ҳукумат билан улар марказдан ўта ўнг мафкура томон силжиб боришмоқда.

Исроилда кўпчилик иккинчи интифода биринчиси (1987–1993)нинг мантиқий давоми бўлди, чунки Исроил ўзининг терроризмга муросасиз курашиш стратегиясини хотиржамлик сиёсатига алмаштирди ва Норвегия битимлари янги можаро қалқиб чиқишини фақат бироз ортга сурди, деган фикрда. Фото: NURPHOTO

Минтақада тинчликка эришиш учун йўл излаш тўғрисидаги қачонлардир мажбурий бўлган пункт аллақачон кўплаб сиёсатчиларнинг сайловолди дастурларининг энг четига суриб қўйилган.

Айни пайтдаги ҳукумат мамлакат тарихидаги энг ултрамиллатчиси бўлиб, уларнинг ҳокимият тепасига келишига сабаб — коалицияга бирлашган партиялар учун кимлардир овоз берганидир.

Гап бу фақат мураккаб математик қўшиш-айиришлар самарасими ёки Исроил жамиятида чиндан ҳам ултрамиллатчиликка талаб пайдо бўлгани ҳақида.

Биринчи ҳолатда тинч мулоқот учун умид сақланиб қолади, агар кейинги сафар рақамлар мўътадиллар фойдасига хизмат қилса. Иккинчи ҳолатда эса Рабиннинг ўгитлари тарихнинг зарварақларидан ўрин олади.

«Битимни истамаётганлар ёки унинг муҳимлигини тушунмаётганлар баҳсни ҳеч ким билан ечиб бўлмаслигини, ҳамкор йўқлигини бот-бот таъкидлайверади. Фикримча, тинч йўл билан ҳал қилишга уринишлардан воз кечиш, сионизмдан воз кечиш дегани», — деб ҳисоблайди Йосси Бейлин.

У яҳудий халқининг авлодлари тўхтовсиз алмашиб туриши учун муҳим шартлардан бири ёш исроилликларнинг ҳалок бўлмаслиги эканини таъкидлайди.

Фаластин томонидан ҳам вазият ўнлаб йиллар давомида ўзгармай келяпти, ҳаттоки 2007 йилда Ғазо сектори Исроил билан ҳар қандай тинчлик режасини рад этувчи ҲАМАС назоратига ўтгач чуқурлаша бошлади.

1993 йилда ҲАМАС сиёсий ўйинчи эмас, шунчаки ҳарбийлашган гуруҳ эди. Боз устига, Ёсир Арофатнинг нуфузи ҳамасчиларга фақат маълум бир чегарагача ўз фикрига эга бўлишга изн берарди.

Энди эса улар Фаластин маъмуриятининг икки асосий сиёсий кучидан бири ва мухторият раиси Маҳмуд Аббос улар билан ҳисоблашишга мажбур, ҳаттоки эртага Исроилда янги Исҳоқ Рабин пайдо бўлган тақдирда ҳам. 

Мавзуга оид