10:52 / 02.11.2023
9348

“Айрим ҳолатларда дорилар белгиланган нархидан 10 карра қиммат сотиляпти” – Мубин Мирзаев

Дори воситалари ва ветеринария дори воситаларини ҚҚСдан озод этиш бўйича имтиёз бекор қилинади. “Ижтимоий ҳимоя” реестрига киритилган аҳоли дори харид қилаётиб тўлаган 12 фоизлик ҚҚСни илова орқали қайтариб олиши мумкин бўлади. Солиқ қўмитаси, шунингдек, дори воситаларини реализация қилишдаги 15-20 фоизлик нарх чекловини бекор қилишни таклиф қилмоқда.

2024-2026 йиллар учун солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида берилган солиқ ва божхона имтиёзларини самараси ва берган натижасига қараб қайта кўриб чиқиш кўзда тутилган. Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевга кўра, дори воситалари ва ветеринария дори воситалари учун берилган солиқ имтиёзларини бекор қилиш бўйича таклиф киритилган.

“Босқичма босқич солиқ имтиёзларини бекор қилиш бўйича ҳар йили таклифлар киритяпмиз. Биринчи навбатда ҳаммага бир хил шароит яратиб бериш ва рақобат муҳитини яратиш лозим. Қўшилган қиймат солиғи занжирининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида бир қанча имтиёзларни бекор қилиш назарда тутилган. Хусусан, дори воситалари ва ветеринария дори воситалари ҚҚСдан озод қилинганди. Биз мазкур имтиёзларни бекор қилиш бўйича таклифларни тайёрладик. Дори воситалари ишлаб чиқариш ва уларни реализация қилиш, умуман олганда мана шу соҳада ишловчилар учун бир хил шароит яратиб бериш кўзда тутилмоқда. Савол беришингиз мумкин, дори воситаларини харид қиладиган аҳолининг кам таъминланган қисми нима қилади, деб. Аҳолининг ижтимоий реестрга тушган қисми учун тўланган ҚҚС кешбэк кўринишида қайтариб берилади.

Шу билан бирга, дори воситаларини реализация қилишда 15 ва 20 фоиз устамалар белгиланган. Бунинг ҳам аҳоли ва тадбиркорларга ҳеч қандай фойдаси бўлмаяпти. Чунки айрим ҳолатларда дорилар белгиланган нархидан 10 карра қиммат сотиляпти. Бу ҳам қонунбузилиши ҳолатларига олиб келяпти. Шу сабабли бу чекловни бекор қилишни таклиф қиляпмиз”, деди Мирзаев.

Top