13:32 / 20.11.2023
11125

“Майда хатоларни деб катта хатоларни тузатиш учун қилаётган ислоҳотларимизга халақит беришга уринманг” — Комил Алламжонов

“Куни кеча Илон Маскнинг навбатдаги янги ракетаси осмонда портлаб кетди. Иш бор жойда хато бўлади. Лекин иғвогарларнинг сассиқ гапларига қараб, бўшашиб, ҳеч нарса қилмай, қўл қовуштириб ўтирганида эди, Илон Маск бугунги даражага етиб келмаган бўларди”, – деди “Заковат-Гамбит” турнири ҳақида фикр билдирган Комил Алламжонов.

Архив фото: Комил Алламжонов / Telegram

Тошкентда навбатдаги “Заковат-Гамбит” шахмат турнири бўлиб ўтди. Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти раҳбари Комил Алламжонов ўз каналида бу мусобақа ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Унинг сўзларига кўра, бундай тадбирлар Ўзбекистонда илмга чанқоқ, қобилиятли ёшларни кашф қилади.

“Шахсан мен ишонаманки, таълимни ривожлантириш, илмни трендга олиб чиқиш йўлидаги барча лойиҳаларимиз келажакда ўз мевасини беради. Уриламиз, суриламиз, лекин барибир мақсадимизга етамиз.

Масалан, куни кеча Илон Маскнинг навбатдаги янги ракетаси осмонда портлаб кетди. Ёки бўлмаса “В этом обновлении исправлены ошибки...” деб номланган Apple'нинг iOS 17.1.1 операцион тизими ҳам юклаб олиш учун телефонимизда пайдо бўлди. Иш бор жойда хато бўлади. Лекин иғвогарларнинг сассиқ гапларига қараб, бўшашиб ҳеч нарса қилмай, қўлни қовуштириб ўтирганида эди, Илон Маск бугунги даражага етиб келмаган бўларди.

Шунинг учун ҳам майда хатоларни деб катта хатоларни тузатиш учун қилаётган ислоҳотларимизга халақит беришга уринманг. Ундан кўра дуо қилинг. Ўзингиздан тортиб ҳатто бизгача инсоф сўранг. Мен ҳам дуо қиламан.

Илоҳим юртимиз илмлилар, олим-у ўқимишлилар юртига айлансин.

Буюк Ўзбекистоннинг мавқеи янада баланд бўлсин. “Zakovat Gambit” ғолибларига мукофотлар муборак бўлсин!” – дея ёзди Комил Алламжонов.

Top