Ўзбекистон | 14:57 / 27.11.2023
23667
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда профилактика инспектори калтакланди, унинг машинаси ойналари синдирилган

Самарқанд шаҳрида жанжал бўлаётгани юзасидан келиб тушган чақириққа кўра хонадонга борган профилактика инспектори уй эгалари томонидан калтакланди. Шунингдек, унга тегишли машина ойналари синдирилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, икки киши қамоққа олинди.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ

Самарқанд шаҳрида жанжалга чек қўйишга борган профилактика инспекторига қаршилик кўрсатган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Саъдуллаев маълум қилди.

Ўша куни соат 19:30 да шаҳарнинг Бунёд маҳалласида яшовчи фуқаро М.Р. 102 операторига қўнғироқ қилиб, яшаш хонадонида жанжал бўлаётганини маълум қилган ва инспектор юборишни сўраган. Шунга кўра, ИИО ФМБ 6-сонли ИИБ профилактика инспектори А.Т. хонадонга борган.

«Шу вақтда муқаддам Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан судланган фуқаролар М.Р., унинг опаси, турмуш ўртоғи ва укаси ўзаро жанжаллашаётганини кўриб, уларни ажратиб, жанжалга чек қўймоқчи бўлган. Аммо фуқаролар профилактика инспекторига фаол қаршилик кўрсатиб, унинг турли жойларига уриб, тан жароҳати етказган. Шунингдек, инспекторга тегишли Spark машинасининг олд ойнасини синдириб, моддий зарар етказган», дейилади ИИБ баёнотида.

Фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган (3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган).

ИИБнинг аниқлик киритишича, фуқароларнинг бири процессуал тартибда қамоққа олинган, яна бир фуқаро уй қамоғида сақланмоқда. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид