17:00 / 01.12.2023
13781

Шавкат Мирзиёев: “Иқлим муаммолари ҳатто дунё геосиёсий архитектурасига ҳам таъсир кўрсатмоқда”

Иқлим муаммолари – барқарор ривожланиш йўлида жаҳондаги энг асосий таҳдид, деди президент глобал иқлим саммитидаги нутқида. Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиёда ҳаво ҳароратининг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўп. Минтақада сўнгги йилларда фавқулодда иссиқ кунлар сони икки баробар кўпайиб, музликларнинг учдан бир қисми эриб кетган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БААнинг Дубай шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгаришига бағишланган 2023 йилги саммитида нутқ сўзлади.

“Ҳозирги даврда иқлим муаммолари жаҳондаги барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланиб улгурди. Бу хавф-хатарлар ҳатто дунё геосиёсий архитектурасига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари замонамизнинг энг аянчли экологик инқирозларидан бири – Орол фожиаси туфайли Марказий Осиё ва унга ёндош минтақаларда айниқса жиддий сезилмоқда.

Эътиборингизни қуйидаги фактларга қаратмоқчиман:

  • Минтақамизда ҳаво ҳароратининг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўпдир. Сўнгги йилларда фавқулодда иссиқ кунлар сони икки марта ортди, музликлар майдонининг учдан бир қисми эриб йўқолди.
  • Минтақамиз ҳудудида тупроқ емирилиши жараёнлари 30 миллиондан зиёд аҳоли турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда. Кучли чанг ва қум бўронлари одатий ҳолга айланиб бормоқда.
  • Ичимлик суви тақчиллиги, ҳаво ифлосланиши, биохилма-хиллик йўқолиши, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликнинг кескин пасайиши каби муаммолар тобора авж олмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, бу глобал хавфлар кенг минтақамизда ўзининг хатарли нуқтасига етиб келмоқда”, – деди президент.

Шавкат Мирзиёев яшил иқтисодиётга ўтиш ва углерод нейтраллигига эришиш Янги Ўзбекистоннинг устувор стратегик вазифаси эканини қайд этди.

“Сўнгги йилларда юртимизда муқобил энергия улуши икки баравар кўпайди. Биз Амирликлар, Саудия Арабистони, Қатар, Хитой, Туркия ва бошқа хорижий ҳамкорларимиз билан бирга 2030 йилга бориб 25 гигаватт қайта тикланувчи энергия қувватларини барпо этамиз. “Яшил” водород ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича илк амалий қадамларни ташладик.

“Яшил макон” ташаббуси доирасида ҳар йили мамлакатимизда 200 миллион туп кўчат экилмоқда. Шаҳарларда яшил ҳудудлар майдонини 30 фоизга етказмоқчимиз. Орол денгизининг қуриган тубида мустаҳкам ҳимоя қалқонини яратиш мақсадида 2 миллион гектар майдонда ўрмонлар барпо этдик”, – деди у.

Top