21:43 / 10.01.2024
16014

Яҳудийлар туннели можароси: Ню-Йоркдаги ибодатхона остида махфий йўл қазилгани аниқланди

АҚШнинг Ню-Йорк шаҳрида яҳудийлар синагога остидан махфий туннел қазигани туфайли полиция зобитлари ва ортодоксал яҳудийлар ўртасида тўқнашув рўй берди.

Фото: Bruce Schaff / AP / Scanpix / LETA

Ню-Йоркнинг Краун-Ҳайтс туманида яҳудийларнинг Хабад ҳаракати қароргоҳи жойлашган. Декабр ойида бу синагога остида махфий ва ноқонуний ерости йўли қазилгани аниқланганди. Сешанба куни ҳар йили минглаб диндор яҳудийлар ва талабаларни қабул қиладиган синагога полиция томонидан ёпиб қўйилди. Зобитлар ноқонуний қазилган туннел синагога ва унга ёндош бошқа биноларга зарар етказган ёки йўқлигини текширмоқчи бўлганида ичкаридаги яҳудийлар қаршилигига учради.

Маълум бўлишича, бу ерости йўлидан Ню-Йоркдаги яҳудийларнинг кичик қисмини ташкил этадиган хасидлар коронавирус чекловлари вақтида синагогага бориш учун фойдаланган. Хабад ҳаракати вакили Мотти Селигсоннинг сўзларига кўра, ерости йўлини қазиш синагога ёнидаги кўп қаватли уйнинг бўш ертўласидан бошланган. Селигсон бу ишни қилганларни вандаллар ва экстремистлар деб атади.

Синагога остидан туннел қазиганлар эса бу иш орқали ҳаракатнинг собиқ етакчиси раввин Менашем Шнерсон томонидан анча аввал илгари сурилган «кенгайтириш» режасини амалга оширганини иддао қилган. Уларнинг сўзларига кўра, ертўладаги синагога аллақачон торлик қилиб қолган ва уни кенгайтириш керак. Бу радикалларнинг аксари 1994 йилда вафот этган ва Ребе номи билан танилган раввин Шнерсон ҳамон тирик деб эътиқод қилиб, синагогани кенгайтириш унинг хоҳиши эканини айтиб келади.

Bruce Schaff / AP / Scanpix / LETA

Душанба куни махсус машина синагоганинг зарар кўрган деворларини таъмирлаш, яъни туннелдан бинога ўтадиган йўлни ёпиб ташлаш учун борганида вазият мураккаблашиб, уни қазиганлар норозилик намойиши ўтказади ва синагоганинг тахта деворларини синдириб ташлашади.

Полиция махфий йўл ва синагога орасига тушиб олганлардан у ерни тарк этишни сўрайди. Намойишчилар полицияга беписандлик қилишда давом этгач, полиция уларни куч ишлатиб қўлга ола бошлайди. Жами 19-22 ёшлардаги 9 киши ушланиб, олиб кетилган. Яна уч кишига майда безорилик бўйича иш очилган.

Хабад-Лубавич ортодаксал яҳудийлар ҳаракати бўлиб, Ню-Йоркда унга эргашувчи 200 мингдан ортиқ хасидлар истиқомат қилади. Бу шаҳардаги яҳудийларнинг кичик қисми холос. Бутун АҚШда эса 7,6 миллиондан ортиқ яҳудийлар истиқомат қилади. Бу мамлакат аҳолисининг 2,5 фоизи дегани. Таққослаш учун, 2021 йилги маълумотларга кўра, Исроилнинг ўзида ҳам бундан камроқ – 7,2 миллион яҳудий яшайди.

Top