Ўзбекистон | 23:42 / 29.01.2024
14032
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёдаги мактаб-интернатда ўқувчилар заҳарланиши ортидан жиноят иши очилди 

Мактаб-интернатга аутсорсинг хизмати кўрсатган хусусий корхона томонидан истеъмолга яроқсиз бўлган маҳсулотлардан сифатсиз озиқ-овқат тайёрланган. 

Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ўқувчиларнинг овқатдан заҳарланиши қайд этилиб, жиноят иши очилди. Бу ҳақда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова хабар берди. 

Аниқланишича, ҳодиса 18 январ куни содир бўлган. Мактаб-интернатга аутсорсинг хизмати кўрсатган хусусий корхона томонидан истеъмолга яроқсиз бўлган маҳсулотлардан сифатсиз озиқ-овқат тайёрланган. Оқибатда 33 нафар ўқувчи ўткир гастрит аломатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. 

Тезкор-тергов гуруҳи томонидан олиб борилган суриштирувда мактаб ошхонасидан олинган айрим маҳсулотлар санитария меъёрлари қоидалари ва гигиена нормалари талабларига жавоб бермаслиги ҳамда ошхона жиҳозларидан фойдаланиш тартиб қоидаларига риоя қилинмаганлиги, бу эса болалар ўртасида «юқумли ошқозон ичак касалликлари билан касалланишга» олиб келгани аниқланган. 

Ҳолат юзасидан Сариосиё туман прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айбдорлар 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. 

Мавзуга оид