15:22 / 09.02.2024
8602

Тошкент шаҳар Экология бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Бошқарманинг собиқ бошлиғи Фарҳод Деҳқонов пойтахтда мораторийга қарамай дарахткесарликлар тўхтамаётгани ортидан бир ойга ишдан четлаштириб, бошқарманинг айрим ваколатлари вазирликка ўтказилганди.

Фото: Тошкент шаҳар Экология бошқармаси

Расулов Акмал Асқарович Тошкент шаҳар Экология бошқармаси бошлиғи лавозимида иш бошлади. Бу ҳақда Экология вазирлиги маълум қилди.

Тайинлов Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг тегишли буйруғига кўра амалга оширилган.

Акмал Расулов тайинловга қадар Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари вазифасида фаолият олиб борган.

Тошкент шаҳар Экология бошқармаси собиқ бошлиғи пойтахтда мораторийга қарамай дарахткесарликлар тўхтамаётгани ортидан 2023 йилнинг 30 декабридан 2024 йилнинг 1 февралигача бир ойга ишдан четлаштириб, унинг охирги 2 йилдаги фаолияти бўйича хизмат текшируви тайинланганди. Бошқарманинг дарахт кесиш ёки кўчириб ўтқазишга рухсатнома бериш ваколатлари эса вақтинча вазирликнинг ўзига ўтказилган.

Текширув давомида Тошкент шаҳар экология бошқармасининг барча таркибий бўлинмалари раҳбарлари, ходимларининг фаолияти ҳамда 2021–2023 йиллар давомида бошқарма томонидан давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни кесишга берилган рухсатномаларнинг қонунийлиги ва асослари ўрганилиши айтилган эди.

Top