Ўзбекистон | 08:50 / 13.02.2024
66436
2 дақиқада ўқилади

Навоийда 11 ёшли қиз B2 сертификатини қўлга киритди

У биринчи уринишдаёқ ушбу натижани қўлга киритган.

Хатирчи туманидаги 22-умумтаълим мактабининг 4-синф ўқувчиси Зарина Мухиддинова чет тилини билиш даражаси бўйича B2 қўлга киритди. Бу Навоий вилоятида энг яхши натижалардан бири бўлган.

Kun.uz мухбирининг аниқлик киритишича, Заринанинг онаси Моҳичехра Рустамова олий тоифали она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси. Отаси Ҳусниддин Баратов эса тарих фанидан репититорлик қилади.

Зарина чет тилини ўрганиш билан бир қаторда шахмат билан ҳам шуғулланади. У шахмат бўйича ўтказилган турли мусобақаларда вилоят ҳамда республика даражасида турли совринларни қўлга киритган.

“Мактабимизда чет тилини билиш даражаси бўйича сертификат олган юқори синф ўқувчилари кўп. Аммо бошланғич синф ўқувчилари орасида йўқ эди. Зарина ёш тоифаси бўйича B2 сертификатини қўлга киритишда нафақат мактаб ёки туманимизда, вилоятимизда ҳам яхши натижа қайд этди”, дейди у таҳсил олаётган мактаб ўқитувчиси Дилшода Мустафоева.

Зарина Мухиддинова B2 сертификатини илк уринишдаёқ олган.

Эслатиб ўтамиз, ОТМга ўқишга киришда чет тилидан B2 сертификати бор абитуриентга максимал балл берилади.  

Мавзуга оид