14:00 / 24.02.2024
2650

Хорижий компанияларнинг аккредитация паспорти тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон ҳудудида хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарини аккредитация қилиш ва уларнинг фаолият юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон ҳудудида хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарига аккредитация гувоҳномаларини расмийлаштириш паспорти тасдиқланмоқда.

Ваколатли орган – Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги.

Аккредитация гувоҳномасини олиш учун ДХМ ёки ЯИДХП орқали қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш лозим:

  • ариза (келиб чиқиш мамлакати, таъсисчилари тўғрисида маълумотлар, фаолияти тарихи, ходимларининг умумий сони, сўнгги молия йилида товар (иш, хизмат) айирбошлаш ҳажми, ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, Ўзбекистон корхоналари ва ташкилотлари билан амалий ва бошқа турдаги алоқалар бўйича шартномалар бўйича маълумотлар (агар мавжуд бўлса), ваколатхонани очиш муддати кўрсатилган ҳолда);
  • хорижий ташкилотнинг таъсис ҳужжатлари;
  • ташкилот чет давлатда рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги реестрдан кўчирма, гувоҳнома ёки лицензия
  • ваколатхона бошлиғига берилган ишончнома;
  • ваколатхона тўғрисидаги низом.

Кўриб чиқиш муддати – 5 иш куни. Гувоҳнома бир йилдан уч йилгача муддатга берилади. Давлат божи суммаси – 48 БҲМ.

Top