19:48 / 04.04.2024
7405

Ўғирланаётган асарлар ва бефарқ масъуллар — мутахассис Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи аҳволи ҳақида

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши учун интеллектуал мулк, хусусан, муаллифлик ҳуқуқи ҳимоясини таъминлаши керак. Лекин биз ўзимиздаги камчиликларга эътибор қаратмаяпмиз, дейди ҳуқуқшунос Бобоқул Тошев. Унинг таъкидича, масъул идоралар бефарқ, муаллифлар сарсон, судлар эса баъзан қонунларни нотўғри талқин қиляпти.

Kun.uz'нинг навбатдаги меҳмони – санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси раиси – Бобоқул Тошев. Бу палата муаллифлар билан шартнома тузган ҳолда уларга мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам беради.

Интеллектуал мулк ҳимояси – ЖСТга аъзолик талаби

— Муаллифлик ҳуқуқи инсон ҳуқуқининг фундаментал ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Маънавият, адабиёт, санъат ва илм билан боғлиқ бўлса-да, бу катта даромад манбайидир. Жаҳон савдо ташкилоти бутун дунёда товарлар, асарлардан фойдаланишда ўзининг сиёсатини юритади. Ташкилотнинг 3 та кенгаши бор: товарлар бўйича кенгаш, хизмат кўрсатиш бўйича кенгаш ва интеллектуал мулк кенгаши. Товарлар бўйича муаммоларни ечиш мумкиндир, лекин интеллектуал мулк бўйича кенгаш тавсияларидан келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистон ЖСТга киришда, биринчидан, интеллектуал мулкка оид барча шартнома ва конвенцияларни имзолаши керак. Иккинчидан, ЖСТнинг TRIPS (Trade relate aspects of intellectual property rights) шартномаси деб атаймиз, интеллектуал мулкнинг савдо аспектлари бўйича битими доирасида Ўзбекистондаги барча патент эгалари ёки товар белгиси, хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқ эгаларининг манфаатларини Ўзбекистонда таъминлаш вазифасини зиммасига олиши керак. Бунинг учун қонунчиликни мувофиқлаштириш лозим.

Амалда таъсирчан ҳуқуқий ҳимоя тизимини шакллантириши керак ва бевосита фақат ўзининг муаллифлари, балки ЖСТ аъзоларининг муаллифлари, ижрочилари, уларнинг меросхўрлари ва бошқа ҳуқуқ эгалари, интеллектуал мулк объектлари билан савдо қилувчи бошқа субъектларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаши керак. Бу жуда оғир жараён.

Биз тўғрисини айтсак, кичик ютуқларимизни бўрттириб гапирамиз, камчиликларимизни аниқлаймиз, лекин бекитишга ҳаракат қиламиз. Жаҳон савдо ташкилоти бу масалага эътибор қаратяпти, кузатиб турибди Ўзбекистонни. Ривожланган давлатлар Ўзбекистоннинг ЖСТга киришида қатор саволлар қўйяпти. Ўзбекистон ҳудудида бўлиб турган элчихоналар, хорижий сайёҳлар, туристлар ҳуқуқ эгалари ўзининг муносабатини билдиряпти.

“Ўзбекистон ЖСТ аъзолари муаллифларининг ҳуқуқларини таъминлаши керак”

— АҚШ конгресси ҳар йили бутун дунё бўйича 301-маърузани эълон қилади. Интеллектуал мулк соҳасидаги давлат сиёсати, амалга оширган ишлари ва олдинги йилларда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этганми-йўқми, муаллифларнинг талабларини бажаряптими-йўқми, булар борасида саволлар қўяди.

Афсуски, охирги 5 йилда эълон қилинган 301-сонли маърузада Ўзбекистон ҳукумати томонидан бажарилиши керак бўлган камчиликларга эътибор қаратмаяпмиз. АҚШ ЯИМнинг 33 фоизи интеллектуал мулк объектлари реализацияси натижасида олинади. Қарийб 9 триллион долларлик асарлар ва ижролар Америка ялпи ички маҳсулотини ташкил қилади. Америка муаллифлари ҳукуматдан, парламентдан, халқаро тузилмалардан ўз ҳуқуқлари бошқа давлатларда, жумладан, Ўзбекистонда тўлиқ ижроси таъминланишини талаб этади. Битта асарни яратиш жуда катта харажат талаб этади, демак бу бозор иқтисодиёти билан боғлиқ экан, ана шу харажатни ҳуқуқ эгалари қайтариб даромад сифатида олмас экан, Ўзбекистон учун ўзининг эътирозларини билдираверади. ЖСТ Ўзбекистон билан халқаро ҳуқуқий сиёсатини шакллантираётганда ўзининг тавсияларини бериб боряпти.

“Ҳаммаси яхшидек, аммо амалиёт оғриқли нуқтамиз”

— Бу жуда оғриқли нуқта. Муаллифлар, ижрочилар, телерадио ташкилотчилари ва фонограмма ишлаб чиқарувчилар ўз ҳуқуқларини яхши билмаганлиги жамиятнинг ёки бизнинг айбимиз эмас. Давлат бошқарув органлари, зиёлилар шу соҳага қизиқувчи барча, айниқса, ҳуқуқшунослар муаллифлар ҳуқуқини тушунтириш билан кенг шуғулланиши керак эди. Ташқаридан қарасак, Ўзбекистонда муаллифлар ва ижрочилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жойида. Биз деярли барча халқаро шартномалар аъзосимиз, халқаро ҳамкорлигимиз яхши, ихтисослашган ташкилотлар Ўзбекистон билан ҳамкорликни яхши йўлга қўйган, қонунчилигимиз халқаро ҳужжатларнинг талаб ва принципларини ўзида мужассамлаштирган. Бу ишнинг бир томони. Амалиёт билан боғлиқ иккинчи оғриқли нуқтамиз бор. Қонунчиликда ҳамма кафолатларни берганмиз. Янгиланган Конституциянинг 53-моддасида давлат интеллектуал мулк билан боғлиқ муҳофазани таъминлайди дедик. Конституциянинг 15-моддасида Ўзбекистон қўшилган ҳар қандай халқаро шартномалар Ўзбекистон миллий ҳуқуқ тизимининг таркибий қисми деб тан олдик. 

Давлат бошқарув органлари, судлар ўзлари қабул қилган қарорларда Конституциявий, халқаро шартномалар нормалари, кодекслар ва қонунларни кўрсатиши керак. Энди бунга риоя қилиш алоҳида масала. Ҳуқуқбузарликка эътибор бермаслик ҳуқуқ эгаларининг эътирозларини писанд қилмаслик бу муаллифлик ҳуқуқи ҳимоя қилинмаётганидан далолат беради. Қандай асар бўлишидан қатъи назар, ўз билимини асарга айлантирса-да, уни нашриётга олиб борса, чоп қилиш давом этаётганда бошқа нашриёт чоп қилиб бозорга чиқарса, муаллифнинг, албатта, ғаши келади. Муаллиф эътироз билдиради. Бу билан ким курашиши керак? Ўзбекистонда 200 дан зиёд нашриёт фаолияти мувофиқлаштирилмаяпти. Илгари бу лицензияланадиган фаолият ҳисобланарди. Китоб шаклидаги фойдаланиш усули ҳақида гапиряпмиз. Давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтиб, ўзининг устави, муҳрига эга бўлиб, у нашриёт фаолият олиб боряпти, чоп этган асари ҳақида маълумот беряпти, рухсатсиз, шунингдек, хорижий муаллифларнинг розилигисиз Ўзбекистон бозорини тўлдиряпти.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов вафотидан кейин унинг асарларини нашриётлар сўроқсиз чоп этиб, хатолар билан сифатсиз шаклда бозорга олиб чиқиб сотгани меросхўрларнинг эътирозларига сабаб бўлди ва бир қатор суд ишларида кўрилди. Аммо ҳуқуқлар тикланди деёлмаймиз, чунки бунинг учун ҳуқуқбузар эълон қилиниши, ҳуқуқ эгаси қандай талаб қилган бўлса, ёзма кечирим сўраши, етказилган зарар ўрнини қоплаб бериши керак, ўзи томонидан чоп этилган сифатсиз асарларни бозордан йиғиб олиб йўқ қилиши керак.

Муаллифлар ҳақларини бермаётган театрлар, концертлар…

— Аксарият таниқли муаллифларимизнинг асарлари бемалол шартномасиз нашриётларда чоп этиляпти, бозорларда сотиляпти. Муаллифларга ва бошқа ҳуқуқ эгаларига қайси шароитда асарлардан қандай фойдаланиш ва уларга қанча ҳақ тўлаш тартиблари белгиланган қарор бор, бунга риоя қилинмаяпти. Масалан, концерт бўладиган бўлса, томоша давомида сотилган чипталарнинг 5 фоизи миқдорида шоир ва бастакорларга муаллифлик ҳақи тўланиши керак. Деярли тўланмайди. Ўзбекистонда 41 та давлат театри бор, бундан бор-йўғи 14 таси бизнинг палата билан шартнома тузган. Биз неча марта Маданият вазирлигига тушунтирдик. Лекин хорижий давлатларнинг театр асарларини таржима қилиб ёки тўғридан тўғри фойдаланиш ҳолатлари бор. Бу аҳвол қандайлигини кўрсатиб туради.

Биз ана шу талашишлар давомида судга мурожаат қиламиз. Бундан олдин маъмурий тартибда таъсир чораларини кўриш учун Адлия вазирлиги ҳузуридаги интеллектуал мулк департаментига мурожаат қиламиз. Мурожаатлар бир қисми қаноатлантирилади, бир қисми рад этилади ва бир қисмига нотўғри талаблар ҳам қўйиляпти. Нотўғри талабга мисол келтираман. Палатамиз 20 дан ортиқ ташкилотлар билан шартнома тузган, шартномада бир томондан бизнинг ташкилот, иккинчи томондан Туркия ташкилоти раҳбарининг имзо ва муҳри бор. Бўлди, бу шартнома тўғридан тўғри кучга киради. Бирор қонунда бу тоифадаги шартномалар легаллаштирилиши ёки апостер қўйилиши керак деган талаблар йўқ. Бунақа нотўғри талаблар ҳам бўляпти.

“Судлар қонунларни нотўғри талқин қиляпти”

— Биз ҳуқуқшунослар бир биримизга тушунтира олмаётган бўлсак, оддийгина муаллифлар ёки уларнинг меросхўрлари қандай тушунсин? Шундай шароитда судларга мурожаат қилганимизда амалдаги қонунчилик, халқаро ҳужжатлар нотўғри талқин қилиняпти. Сериал ёзган сценарий муаллифининг асари киностудия томонидан ўзлаштириб олинган. Киностудия билан телевидение 60 қисмли сериални суратга олишга келишган. Хусусий телеканаллар сценарийни ёзмаган киностудия ходимига ҳар бир қисм учун фалон миллиондан ҳақ бериб турган, бу ёқда муаллиф 1,5 йил ички ишлар, прокуратура органларига борган, бирор идора тўғри хулоса бермаган. Бизнинг палатага аъзо бўлгандан кейин судлашдик, лекин 1-инстанцияда ютқиздик. Судялар тушунмайди буни. “Ўзи рози бўлиб, бошқа бировга муаллифсан дебди-ку”, дейди. Ваҳоланки, қонун айтяпти, муаллифнинг ҳар қандай розилиги, ариза, битим, шартномаси Фуқаролик кодексининг 115-моддасига мувофиқ тузилган пайтдан ҳақиқий эмас.

Суд муаллифни чақиряпти-да, муаллиф ўзи қанақадир тилхат берган экан, деб навбатма-навбат рад қиляпти. Ваҳоланки, Фуқаролик кодекси, муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонун,  Олий суд плениум қарори турибди, ойдин ёзиб қўйилган. Кейинги судларда ноқонуний олинган гувоҳнома бекор қилинди, ҳақиқий муаллиф тан олинди, унга тегишли муаллифлик ҳақи ундириб берилди ва сериалда ҳақиқий муаллиф муаллиф сифатида эътироф этилди.

“Тижорат мақсадидами, ёки шахсий мақсад?!”

— Бир фотографимиз бор, унинг асари китоб шаклида чоп этилган. Китобдаги суратини Хоразмдаги меҳмонхона олиб, катта баннер қилиб меҳмонхонага илиб қўйяпти. Бунда меҳмонхона [суратдан] шахсий мақсадларда фойдаланяптими ёки тижорат мақсадида? Меҳмонхонанинг асосий вазифаси – тижорат. Муаллиф эътироз билдирди, рад қилинди. Хоразм вилояти фуқаролик ишлари суди ҳам эътирозни рад қилди. Суд буни шахсий мақсадларда фойдаланган деб топди. Талқин қилаётган, асосланаётган норма ҳамма бемалол бориши мумкин бўлган жойларда асарлардан фойдаланиш шахсий мақсадларда фойдаланиш дейилади. Бу ҳайкаллар, архитектура намуналари, дизайн асарлари. Пул тўланмайдиган жамоат жойлари бўлиши керак. Лекин шунда ҳам муаллифдан рухсат олиш керак. Ҳайкалтарош Илҳом Жабборовнинг “Амир Темур ҳайкали” учун ҳокимлик буюртма асосида ҳуқуқларни олган бўлса,  ундан ҳамма фойдаланиши мумкин, суратга тушиши мумкин. Лекин шахсий мақсадларда фойдаланиш билан тижорат мақсадларида фойдаланишни судлар била туриб, очиқчасига фарқламаяпти.

Тўлиқ интервюни Kun.uz'нинг You Tube саҳфасида томоша қилишингиз мумкин.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Top