АҚШда евродепутат РФдан пул олганликда гумон қилинмоқда
ГуМдан Европа парламенти депутати Максимилиан Кра 2023 йилда Ню-Йоркда Федерал тергов бюроси томонидан Россиядан «шубҳали тўловлар» мавзусида сўроққа тутилган, деб ёзади Der Spiegel ва ZDF.
Европарламентдаги «Германия учун муқобил» (ГуМ) ўнг қанот популистик партияси аъзоси Максимилиан Кра 2023 йил декабр ойида Ню-Йоркка ташрифи чоғида Америка махсус хизмати - ФТБ томонидан «Кремлга яқин манбалардан шубҳали тўловлар» бўйича сўроққа тутилган. Бу ҳақда Германиянинг Der Spiegel ҳафталик нашри 16 апрел, сешанба куни ўз журналистлари ZDF ижтимоий-ҳуқуқий телеканалининг Frontal дастури билан ҳамкорликда ўтказган текшируви давомида қўлга киритган маълумотларига асосланиб ёзди.
Der Spiegel таъкидлаганидек, мақолада «ўнг экстремист» деб аталган сиёсатчининг ўзи таҳририят сўровига жавобан АҚШда сўроқ қилингани фактини тасдиқлагани айтилади.
Шубҳали чат хабари
Америка махсус хизматлари чатдаги хабарни қўлга киритган, унда россияпараст фаол Олег Волошин Крага унинг «техник топшириқлари» учун «компенсация» муаммоси ҳал қилингани ва май ойидан бошлаб «ҳамма нарса аввалгидек бўлиши» ҳақида ёзган. «Бу ибора Кра узоқ вақт давомида яширин равишда тўловларни олган бўлиши мумкинлигини кўрсатади», деб таъкидлайди журналистлар.
Мақолада қайд этилишича, Белгия расмийлари Россия Европа сиёсатчиларига нисбатан «таъсир ўтказиш операциялари»ни амалга ошираётгани ҳақидаги шубҳаларни текширмоқда. Ҳозирда Германияда бундай терговни бошлаш учун асослар мавжудлиги аниқлаштириляпти.
Максимилиан Кра Россия билан эҳтимолий алоқалар ҳақида
Максимилиан Кра барча айбловларни рад этди. Унинг сўзларига кўра, ҳеч қачон Волошиндан «на пул, на пулли хизматлар ва на бошқа компенсация» олмаган. Сиёсатчининг таъкидлашича, чат хабари бошқа фойдаланувчи учун мўлжалланган ёки Дрездендаги Опера балига чиптани назарда тутган, бунинг учун пулни Кра тўлаган. Унинг фикрича, инглиз тилини яхши билмаслиги туфайли Волошин фикрини тўғри ифодалаб бера олмаган бўлиши ҳам мумкин. Олег Волошиннинг ўзи журналистлар сўровига жавоб бермади.
ФТБ саёҳатларидан бирида Волошиннинг уяли телефонини текшираётганда шубҳали чат хабарини кўрган бўлиши мумкин. Фаолнинг ўзи 2021 йил ёзида Вашингтон аэропортида унинг телефонини олиб қўйишгани ва ундаги барча маълумотлар ўқилганини маълум қилган.
Der Spiegel нашрига кўра, Олег Волошин Украинада Россия президенти Владимир Путинга яқин шахс сифатида кўрилувчи Виктор Медведчукнинг «Мухолифат платформаси – Ҳаёт учун» партиясидан депутат бўлган. Бу партия Украинада 2022 йил март ойида Россиянинг кенг миқёсли ҳужуми бошланганидан кейин тақиқланган эди. Бир неча ой олдин, АҚШ расмийлари Вашингтонга кўра, «Украинани беқарорлаштирган» деган асосда Волошинга қарши санкциялар жорий этган эди. 2023 йилда Волошин Украинада давлатга хиёнатда айбланган.
Der Spiegel нашрига кўра, немис сиёсатчиси Кра нафақат Олег Волошин билан, балки Чехия расмийларига кўра, Кремлнинг қуроли бўлган Voice of Europe онлайн-платформаси билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Бу, шу жумладан, июн ойида бўлиб ўтадиган сайловларда Европа парламентига Москвага маъқул келган номзодларни молиялаштириш учун қилинаётгани айтилади.
Максимилиан Кра Voice of Europe’га яқин доиралардан пул олганини рад этади.