12:00 / 04.05.2024
7936

Чилонзорда дарахт қулаши оқибатида ёш бола вафот этиши ҳодисаси юзасидан тергов бошланди

Ўтказилган текширишда сув қувурларини таъмирлаётган ишчилар хавфсизлик чораларига риоя қилмасдан, махсус техника ёрдамида қазиш ишларини олиб боришгани, бунинг оқибатида бир туп дарахтнинг илдизи очилганлиги ҳамда ўз вазнини кўтара олмай йиқилганлиги аниқланган. Kun.uz суриштирувида ҳам дарахт қулашига Veolia Energy Tashkent иссиқлик етказиб бериш компанияси ходимлари ва бошқа масъул идораларнинг масъулиятсизлиги сабаб бўлгани ойдинлашганди.

Фото: Kun.uz

Чилонзор туманида дарахт қулаши оқибатида 1 ёшли бола вафот этгани ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси 3-қисми (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ўтказилган текширишда сув қувурларини таъмирлаш ишларини амалга ошираётган ишчилар хавфсизлик чораларига риоя қилмасдан, махсус техника ёрдамида қазиш ишларини олиб боришгани, бунинг оқибатида бир туп дараҳтнинг илдизи очилганлиги ва ўз вазнини кўтара олмай йиқилганлиги аниқланган. 

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 186-моддаси 3-қисмига кўра истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш одамлар ўлимига (“а” банди) ёки бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига (“б” банди) сабаб бўлса 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, 3 май куни соат 11:50 атрофида Чилонзор туманнинг 5-мавзесида 55 ёшли энага Е.М. болалар аравачасида 2023 йилда туғилган А.П.ни олиб кетаётганида дарахт босиб қолган. Оқибатда қизча ҳодиса жойида вафот этган.

Kun.uz ҳодиса сабабларини ўрганди. Суриштирувда дарахт қулашига Veolia Energy Tashkent иссиқлик етказиб бериш компанияси ходимлари ва бошқа масъул идораларнинг масъулиятсизлиги ҳамда ҳаракатсизлиги сабаб бўлгани ойдинлашганди.

Top