07:46 / 09.05.2024
2642

Берлинда совет ёдгорликлари ёнида Россия рамзлари тақиқланди

8-9 май кунлари полиция тақиқи Трептов-парк, Тиргартен ва Шёнхолцер-Хайддаги совет ёдгорликларига тегишли. Бу ерда георгий ленталари, Россия байроқлари ва ҳарбий қўшиқлар тақиқланган.

Фото: Asif Masimov

Европада 8-9 май кунлари нишонланадиган Иккинчи жаҳон уруши тугаган сана муносабати билан Берлин полицияси шаҳар ва унинг атрофидаги совет ёдгорликлари яқинида рус рамзларини тақиқлаб қўйди. Шу кунларда Россия байроқлари, георгий ленталари, кийим-кечак, орденлар, ҳарбий ва марш қўшиқлари, шунингдек, Россиянинг Украинага қарши урушини мадҳ этувчи рамзлар, жумладан Z белгиси тақиқланди. Бу ҳақда 7 май, чоршанба куни кечқурун чиқарилган полиция буйруғида айтилади. 

Истиснолар фақат Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, дипломатлар ва бошқа ҳукумат вакиллари учун тақдим этилади. Чекловлар ёдгорликлар ташқарисидаги митинглар ва уларга туташ ҳудудларга ҳам тааллуқли эмас. Бу ерда йиғилишлар тўғрисидаги қонуннинг одатий қоидалари қўлланади. 

Россия элчихонаси байроқларга қўйилган тақиқни олиб ташлашга чақирди

Россиянинг Берлиндаги элчихонаси Германия пойтахти расмийларини совет обидалари ҳудудида рус байроқлари ва рамзларига қўйилган тақиқни бекор қилишга чақирди. «Биз бу тақиқни урушдан кейинги даврда Россия ва Германия халқлари ўртасидаги тарихий ярашув руҳига зид бўлган дискриминация деб ҳисоблаймиз», — дейилади элчихона баёнотида. 

Бу йил жаҳон ҳамжамияти Европада Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 79 йиллигини нишонлаяпти. Германияда тадбирлар 8 май куни, Россияда ва собиқ СССРнинг аксарият мамлакатларида фашистлар Германиясининг таслим бўлиши тўғрисидаги шартнома имзоланган вақт фарқи туфайли 9 май куни ўтказилади. 

Хотира тадбирлари Россиянинг Украинага қарши уруши фонида учинчи марта ўтказилмоқда. Ўтган икки йил давомида бу турли намойишчилар гуруҳлари аъзолари ўртасида низоларга олиб келди.

Top