08:25 / 29.04.2024
1584

Париж Берлинни Европа мудофаасини биргаликда кучайтиришга чақирди

Франция ташқи ишлар вазири Германия ҳукуматига Европа мудофаа саноатини мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга ошириш таклифи билан мурожаат қилиб, иккала давлат «умумий жавобгарлиги»нинг анъанавий аҳамиятини таъкидлади.

Стефан Сежурне Фото: SARAH MEYSSONNIER/AFP

Франция ташқи ишлар вазири Стефан Сежурне Германияни Европа мудофаа саноатини мустаҳкамлаш учун биргаликда ҳаракат қилишга чақирди. «Европа мудофааси қурилишининг ҳар бир босқичида бўлгани каби, Франция ва Германия мақсадларни белгилаш, тез ва қатъий ҳаракат қилиш учун биргаликда масъул бўлиши лозим», деди Сежурне 29 апрел, душанба куни Германиянинг Die Welt газетасига берган интервюсида. У шу тариқа Франция президенти Эммануэл Макрон бир неча кун олдин айтган тезисларни қайтарди.

Франция ТИВ раҳбари қўшимча қилишича, ЕИнинг иккала етакчи давлати ҳам аввал ҳам «амбицияли лойиҳаларни амалга оширган», жумладан, «коронавирус пандемияси даврида Европани тиклаш режаси»ни ишлаб чиққан.

Сежурне «Европа даражасида қурол тизимларини стандартлаштириш»га чақирди. Вазирнинг сўзларига кўра, мақсад - ҳарбий материаллардан барча давлатлар томонидан муаммосиз фойдаланиш. «Бу НАТОнинг Европа компонентини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўларди», деди Сежурне. У Қўшма Штатлар яқин иттифоқчи бўлиб қолиши, лекин Европа ўзининг «суверенитети ва стратегик автономияси»ни ривожлантириш имкониятига эга бўлиши кераклигини қўшимча қилди.

Макрон: Европа ишончли мудофаа концепциясига муҳтож 

Эммануэл Макрон 25 апрел куни Сорбонна университетида сўзлаган нутқида «қўшнилари»нинг тажовузкорлиги муносабати билан Европа ўзи учун ишончли мудофаа стратегик концепциясини яратиши кераклигини айтди. «Европа ўзи учун қадрли бўлган нарсани иттифоқдошлари билан бирга ёки ёлғиз ҳимоя қила олиши лозим», деди Франция президенти. 

Макрон Россиянинг Украинадаги урушини «бугунги кунда Европа хавфсизлигига асосий таҳдид» деб атади. «Кучли Эвропа - бу ҳурматга сазовор ва хавфсиз бўлган Европа», деди у. 

Бундан ташқари, Макрон «хавфсизлик ва мудофаа соҳаларида бўлажак Европа ҳарбий ва фуқаролик етакчиларини тайёрлаш учун» Европа ҳарбий академиясини яратиш тарафдори. У, шунингдек, 2025 йилгача «тезкорликда» жойлаштирилиши мумкин бўлган ҳаракат кучларини тузишга чақирди.

Германия ва Франция MGCS танкини ишлаб чиқаришга қарор қилди 

Германия ва Франция янги авлод MGCS (Main Ground Combat System) танкини ишлаб чиқиш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш йўлида яна бир муҳим қадам ташлади. 26 апрел куни Германия мудофаа вазири Борис Писториус ва унинг франциялик ҳамкасби Себастен Лекорню Парижда икки давлат мудофаа корхоналари ўртасида масъулиятни тенг тақсимлашни назарда тутувчи англашув меморандумини имзолади.

«Бу яна бир муҳим босқич», деди Писториус. Унинг сўзларига кўра, Германия ва Франция 2017 йилда бошлаган қўшма лойиҳа икки давлатнинг «чуқур алоқаси ва дўстлиги»ни таъкидлайди. Гап мавжуд танкларни янада ривожлантириш ҳақида эмас, балки «бутунлай янги нарса» ҳақида кетяпти, деди Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари. Унинг таъкидлашича, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш «имкониятлар бўйича аниқ сифат устунлиги»ни билдиради. 

Лойиҳа иштирокчиларининг мажбуриятлари аниқ қандай тақсимланиши ҳақида хабар берилмаган. Бироқ, Лекорню фикрича, бу имзоланган келишувнинг энг муҳим жиҳати эмас. «Энг муҳими, Германия ва Франция 2040 йилда бир хил танкка эга бўлади», деди у. 

Top