Ўзбекистон | 15:31 / 18.05.2024
12267
7 дақиқада ўқилади

Нол бюджет билан ясалган ўзбекча ўйин — ёш дастурчилар “Шумтака”ни қандай ишлаб чиқди?

Дастурчилар Илҳом Қодиров ва Абзалхўжа Иброҳимовлар ўзбекча руҳдаги “Шумтака” ўйинини ишлаб чиқди. “Ўзимиз дастурчи бўлганимиз учун уни ишлаб чиқишга деярли пул сарфламадик”, дейди ғоя муаллифлари. “Шумтака”да нон, ош, чойнак, қовун, тарвуз, узумзор каби атрибутлардан фойданилган. Қаҳрамон эса миллий кийинтирилган. Дастурчилар Kun.uz’га берган интервюсида “Шумтака”нинг пайдо бўлиши ҳақида гапириб берди.

Илҳом Қодиров:

— 29 ёшдаман, IT park университети 2 курс талабасиман. “Шумтака” ўйинини Афзалхўжа билан ишлаб чиққанмиз. Ўйинни миллий руҳда қилишга ҳаракат қилдик, “Subway Surface”дан илҳомланиб ясаганмиз ўйинни. Фарқи шундаки, 4 қаторли майдонда югуриб кетади, йўлидан чойнак, қовун, тарвуз, узумзорлардан ўтиб узоқроқ масофага бориш керак бўлади.

Афзалхўжа Иброҳимов:

— 24 ёшдаман, 2022 йилда Тошкент Техника университетини битирганман. Ҳозирги кунда биз ўйин ясаш билан шуғулланамиз. “Шумтака” ўйинига миллий руҳ бериш учун пахта, нон кабиларни қўйганмиз, тангачалар йиғиш ўрнига пахта билан нон йиғади ва шунинг ҳисобига баллга эга бўлади. Югуриб кетаётганда турли тўсиқлар чиқади, ғўлалар, узумзор чиқади, сакраб ёки айланиб ўтилади. Тарвуз-қовунлар ҳам чиқади, бу ҳам миллий руҳ беради.

Илҳом Қодиров:

— Миллий бўлгани учун хаёлга биринчи шу нарсалар келди ва пахта, нон танланди. Бизда бозор катта эмас, ўйин ясаш қийин деб ўйлашади, Ўзбекистон бозорида кўпроқ веб-дастурлашга эътибор қаратишган, ўқув курсларда хам кўпинча шу ўргатилади. Шу сабаб биз ўйин йўналишидан боришга қарор қилдик. Бу нарса хам осонлигини кўрсатмоқчи бўлдик, шу билан бирга ўзимизга тажриба бўлди.

Ўйин ясашда Unity engine'дан фойдаландик, бу махсус ўйинлар ишлаб чиқарувчи дастур ҳисобланади.

Афзалхўжа Иброҳимов:

— Мен дастурий таъминотини қилганман, қолган ишларига ҳам қўлдан келганча қарашганман. Unity engine'да ишлаш учун c-sharp дастурлаш тилини билиш керак. Unity engine дастурий таъминотидан фойдаланиб ўйинлар ясалади, интерфейсини, қаерда қандай ишлатишни билса, унинг ичида ўйин яратиш учун керакли воситалар бор. Ўшалардан фойдаланиб кодинг қисми ёзилади. Фақат Unity engine эмас, Unreal engine ҳам бор, унда асосан катта ўйинлар қилинади PUBG каби. Unity engine'га ҳеч қандай пул тўланмайди, фақат ўйиндан олинган даромад йилига 100 минг доллардан ошса, уларга дастурий таъминот учун пул тўланади.

Ўйиндаги боланинг ўйнашини нолдан қилиш керак бўлади, лекин биз тайёр умуртқага болани кийдирганмиз, аниматор нолдан ҳаракатларини қўйиб ўтирмайди. Кўпроқ олинаётган баллар, ҳаракатларига кодинг ишлатилади.

Илҳом Қодиров:

— Бу ўйинни ясашга бир йилча вақт кетди, ихчамлаштирсак, 4 ой дейиш мумкин. 2021 мартида бошлаб, 2022 йил мартида тугатганмиз. Бюджети катта бўлгани йўқ, ўзимиз дастурчи бўлганимиз учун баъзи анимация ва расмларни сотиб олишга пул кетди. Ўзи ўйин ясашда энг қиммат нарса дастурий таъминот ҳисобланади, шунинг учун арзонга тушди бизга.

Афзалхўжа Иброҳимов:

— Асосан четдан олинган моделерга пул берилган, кодингни ўзимиз қилганмиз, шу сабаб катта маблағ кетмаган. Ўйинни деярли нол бюджет билан қилганмиз, биздан ташқари битта моделер ишлаган, ташқаридан келган, моделни қилгач, чиқиб кетган. 3D модел устида ишлаган, қўл ҳақи берганмиз.

Ўйин битгач, 5 ёшли бир укамиз тест қилиб берган, жуда қизиқ бўлган. Ўзига яқин бўлган нон, тарвуз, қовун кабилар чиққани учун қизиқроқ бўлган ўйин. 15-20 дақиқа ўйнашган болалар, яхши натижа бу.

Илҳом Қодиров:

— Ўзбекистонда ўйинлар ривожланишига катта бир тўсиқ бор, бу — монетизация. Ўйинми, дастурми монетизация қилмоқчи бўлса дастурчи, у хорижий реклама компанияларига боғланиб қолган бўлади. Ўзимизнинг партнёр дастурлари бўлса, реклама қабул қилиб ўтказиб берадиган ташкилот бўлса, яхши бўларди. Шунда дастурчи ҳеч кимга боғланмай, мустақил равишда ўйин чиқара олади.

Афзалхўжа Иброҳимов:

— 2019 йилда quiz ўйин яратиб Google Play'га юклаганман, олдин Google Play'да ўзбек сегментида ўйинлар йўқ эди, дастурлар кўпайди ҳозир, лекин ўйинлар ҳали ҳам шундай. Ўша ўйинимни 100 мингта одам юклаб олган, лекин хозир олиб ташланган, чунки тўғрилаб турилиши керак вақти-вақти билан, бўлмаса олиб ташланади.

Ниятимиз шу ўзбек сегментида ўйинларни кўпайтириш. Ўйин индустриясини қарасак, 2023 йилда иқтисодга 185 млрд доллар фойда олиб келган дунё иқтисодига. Кино саноати эса 90 млрд доллар фойда келтирган, 2 баробар кўп дегани бу. Бу соҳа ривожланиб боряпти, 2024 йилда 235 млрдга чиқиши айтиляпти. Шу сабабли биз ҳам ўзбекча ўйинларни кўпайтирмоқчимиз.

Адашмасам, “Call of duty” АҚШ армияси билан бирга ишлаяпти. Мақсад одамларни уруш ҳолатида қандай ҳаракатланишга ўргатиш, машғулот ўтказиш шартмас, ўйин орқали қилишяпти, ҳарбийларни ҳам ўйинлар орқали шуғуллантиришяпти, шу даражага етди ўйинлар.

Илҳом Қодиров:

— Биз биринчи бўлиб чиқараётганимиз йўқ, бошқа ўзбекча ўйинлар ҳам бор, лекин сони кам, шунинг учун қидирув натижаларида чиқмайди. Яна бир сабаб ўйиндаги камчиликлар тўғриланмаса, Google Play ўйинларни ўчириб юборади, шу сабаб бўлиши мумкин.

Афзалхўжа Иброҳимов:

— Ўйинлар боланинг вақтини олиши қисман тўғри, қисман нотўғри ҳам. Бола асосий қилиши керак бўлган ўқиши, ишидан чалғиши мумкин. Бола қандай ўйин ўйнашига ҳам боғлиқ, фойдалими-зарарлими. Масалан, дастурлашни ўрганаётган бола учун quiz ўйинлар бор билимини орттиради.

Бизнинг “Шумтака” офлайн ўйин, кўпроқ одамдан диққат талаб қилади, зеҳнини оширади.

Илҳом Қодиров:

— Веб-дастурчилар кўпайиб кетган, Ўзбекистон бозорида жуда кўп. Лекин кўпчилик билмайдики, html css орқали илова ясаш мумкин, масалан, capacitor билан Android, iOS'га илова ясаса бўлади. Capacitor телефоннинг gps локациясини, батарея сарфи маълумотларини ололади, шундан фойдаланиб илова ясаш мумкин.

Афзалхўжа Иброҳимов:

— “Шумтака”ни хали ривожлантирамиз. Бундан ташқари, янги ўзбекча ўйинлар чиқармоқчимиз. Бозорда кўпроқ ўзбекча ўйинлар бўлишини таъминлаймиз. “Шумтака” ҳозирча Android'да, келажакда янгилаб, iOS платформаларига ҳам чиқариш ниятимиз бор.

Мавзуга оид