Каттақўрғонда боғча тарбияланувчиси жароҳатланди. Уни бошқа бола тишлаб ташлагани айтилмоқда
Kun.uz'га келиб тушган суратларда қизчанинг икки қўли ва қорин қисмида қонталаш жароҳатлар борлиги кўринади. Боғча ходимаси болаларни 2 дақиқага ёлғиз қолдирганида шундай ҳолат бўлганини айтмоқда. Ходима ишдан олиниб, ҳолат бўйича суриштирув бошланди.
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида боғча тарбияланувчиси муассасада худди тишлаб ташлаганга ўхшаш жароҳатлар олди. Ҳолат 20 май куни Саройқўрғон маҳалласидаги “Юлдузча” номли нодавлат боғчада рўй берган.
Kun.uz'га мурожаат қилган онанинг айтишича, 2 ёш-у 9 ойлик қизалоғи тахминан соат 12 ларда шундай ҳолатга тушган. Боғча вақти тугагунча тарбиячи бу ҳақда қизнинг ота-онасига хабар бермаган.
“Боғча вақти тугашига яқин, соат 15:00 ларда хўжайиним болани олгани кетиши керак эди. Шу вақтда боғчадаги бошқа тарбиячилардан бири менга қўнғироқ қилиб, “болангизни олгани келмайсизми?” деди. Мен хўжайиним бораётганини айтсам, ўзим ҳам қўшилиб боришимни айтди. “Тинчликми?” деб сўрасам, “ҳа, тинчлик” деди. Мен хавотир олиб, бордим. Қарасам, шу аҳвол. Қизим камида 3 соат шу тишланган, инфекция қўл билан юрган. Ҳозир ҳар хил нарсаларга укол олиб ётибди, жабрини қизим тортяпи”, – дейди у.
Тарбиячи қизнинг онасига бу воқеа 2 дақиқада, болаларнинг тувагини ювишга чиқиб кетган вақтида содир бўлганини айтган. Она эса бунга шубҳаси билдирди.
“Соғлом бола бир марта тишлайди, қизимни еб ташлашган-ку”, – дейди у.
Kun.uz ҳолат юзасидан боғча тарбиячисининг ўзи билан ҳам боғланди. У воқеа ташқарига чиқиб келгунича тезда содир бўлганини, ҳақиқатан ҳам эътиборсизлик қилганини билдирди. Тарбиячига кўра, шундан кейин эртасигаёқ боғча маъмурияти у билан меҳнат шартномасини бекор қилган.
Маълумотларга кўра, боғча хоналарида камера йўқлиги сабаб аслида воқеа қандай бўлганини билишнинг иложи йўқ. Қизчанинг онаси 20 май куни ҳолат юзасидан ИИО ходимларига мурожаат қилган.
Болалар омбудсмани ҳолатни назоратга олганини билдирди.
“Ҳозирда терговга қадар текширув олиб борилиб, вояга етмаган А.Ш.га нисбатан етказилган жароҳатларнинг даражасини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Бу борада қўшимча ахборот берилади”, – дея маълум қилди бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органи.
Аввалроқ Андижондаги боғчада тарбиячи болани калтаклагани маълум бўлганди.
Мавзуга оид
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
10:13 / 01.08.2024
Каттақўрғонда Nexia уриб кетиши оқибатида эркак ва унинг 4 ёшли қизи ҳалок бўлди
20:43 / 28.06.2024
Бухородаги боғчада болалардан бирининг отаси бошқа болага жароҳат етказди
15:26 / 22.06.2024