Ўзбекистон | 20:05 / 31.05.2024
23265
6 дақиқада ўқилади

Ижодий имтиҳонларда, чет тили йўналишларида янгилик – Олий таълим вазирлиги масъули билан суҳбат

“Бу йилги қабулда ижодий имтиҳон топширадиган абитуриентлар ҳам 5 та ОТМ танлаши мумкин. Чет тилидан ижодий имтиҳон бўладиган 8 та ОТМда тест бўлади”. Қабулга ва янги ўқув йилига оид муҳим маълумотларни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департамент бошлиғи Абдували Холиқов Kun.uz билан суҳбатда айтиб ўтди.

Бу йил талабаликка қабул қилинадиган ёшларни бутунлай янги тизим кутиб турибди. Улар олий таълим муассасаларига янги тартибда рўйхатдан ўтишади, ОТМга киргач ҳам олдинги йиллардаги талабалардан фарқли равишда грантни сақлаб қолиш учун рақобат олиб боришади.

Президент фармони билан амалга киритилаётган янги тартиб бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департамент бошлиғи Абдували Холиқов Kun.uz’га интерьвю берди.

Касбий-ижодий имтиҳон топширадиган абитуриентлар ҳам 5 та ОТМ танлайди

Вазирлик масъулининг маълумот беришича, бу йил касбий-ижодий имтиҳон топширадиган абитуриентлар учун яхши янгилик бор. Энди улар ҳам 5 тагача ОТМ танлаши мумкин бўлади.

“Ижодий имтиҳон топширадиган абитуриентларда битта йўналиш танлаш сақланиб қолади. Сабаби улар танлайдиган йўналишлар учун алоҳида иқтидор талаб қилинади. Лекин ОТМни 5 тагача танлаши мумкин бўлади.

Дастлаб, бу тоифадаги абитуриентлар ҳужжат топширишнинг 1-босқичида ижодий имтиҳон топширадиган ОТМни танлайди. Бу ОТМ улар ўқиш учун танлайдиган жой эмас, фақат ижодий имтиҳонни топширишлари учун танланади. Имтиҳонларни топшириб бўлгач, абитуриентлар қўлидаги балли билан ўз йўналиши бўйича, масалан, тасвирий санъат йўналиши бор 5 та ОТМни танлаши мумкин бўлади”, деб жавоб берди Абдували Холиқов.

Унинг қўшимча қилишича, касбий-ижодий имтиҳон топширадиган абитуриентларга ижодий имтиҳонда қатнашишлари учун рухсатнома берилади. Бу тоифадаги абитуриентлар аввалги йилларда касбий-ижодий имтиҳон учун рухсатнома олишмаган ва фақат олий таълим муассасалари томонидан имтиҳон санаси ҳақида огоҳлантирилар эди.

8 та ОТМда чет тилидан ижодий имтиҳон бекор бўлди

Яна бир катта янгилик чет тили йўналишларига топширувчи абитуриентларга алоқадор. Маълумки, 8 та ОТМнинг чет тили биринчи мутахассислик фан бўлган йўналишларида абитуриентлардан тест эмас, ижодий имтиҳон олинарди. Бу йилги қабулда мана шу ОТМларда ҳам ижодий имтиҳон ўрнига тест бўлади. Ва бу ОТМларга топширадиган абитуриентлар ҳам ўтган йилдаги каби фақат шу ОТМлар доирасида эмас, республикадаги барча ОТМлардан ўз йўналишига тўғри келган 5тасини танлаши мумкин бўлади.

2024 йилда ушбу рўйхатдаги ОТМларда ҳам бошқа чет тили йўналиши бор ОТМлар каби тест имтиҳони ўтказилади:

  • Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;
  • Самарқанд давлат чет тиллар институти;
  • Тошкент давлат шарқшунослик университети;
  • Тошкент давлат педагогика университети;
  • Қўқон давлат педагогика институти;
  • Нукус давлат педагогика институти;
  • Андижон давлат чет тиллар институти;
  • Наманган давлат чет тиллар институтининг хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишлари.

“Президент фармонида 2025/2026 ўқув йили қабулидан бошлаб фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификат асосида амалга оширилади, дейилган.

Бу кейинги йилдан чет тили биринчи фан бўлган барча йўналишларга ҳужжат топширувчи абитуриентлар учун сертификат мажбурий бўлишини англатади. Агар кейинчалик қайсидир йўналишга чет тили биринчи фанга айлантирилса ҳам, шу йўналишга топширувчи абитуриент учун сертификат талаби мажбурий бўлади. Бу ҳақида бир йил олдиндан абитуриентларни огоҳлантиряпмиз: кейинги йилдан чет тили биринчи фан бўлган йўналишларга топширувчи абитуриентлар ҳозирдан ҳаракат бошлаши керак”, деб тушунтирди Абдували Холиқов.

Грантдаги ўзгаришлар ва 3 йил ишлаб беришнинг бекор бўлиши

Абдували Холиқов грант квоталарнинг олий таълим муассасаалари кесимида эмас, балки йўналишлар кесимида тақсимланиши қай тартибда амалга оширилишини ҳам тушунтириб берди. Бундай тақсимот билимли абитуриентларнинг яхшироқ ОТМларда кўпроқ таълим олишига олиб келади.

Шунингдек, талабаларга бериладиган грант ижтимоий рағбатлантирувчи ва таълим гранти турларига ажратилмоқда.

Ижтимоий рағбатлантирувчи таълим гранти қонунчиликда белгиланган имтиёз бўйича давлат гранти асосида ва мақсадли қабул доирасида талабаликка қабул қилинган талабаларга, шунингдек, тармоқ ва соҳаларнинг, давлат органлари ва ташкилотларининг грантлари соҳиблари учун ажратилади. Улар бу грантни то ўқишни тугатгунча сақлаб қолади. Таълим гранти эса умумий квота доирасида талабаликка қабул қилинадиган ёшларга 1 йилга берилади, кейинги йилдан яна билимли талабаларнинг ўзлаштиришига қараб тақсимланади.

“Биринчи курсда грантга кирган талаба кейинги йил контрактда ўқиши ҳам мумкин. Улар 4 йил тўлиқ грантда ўқимаганликлари сабабли 3 йил ишлаб бериш мажбурияти ҳам бекор бўлади. Лекин мақсадли қабул асосида талаба бўлганлар, турли ташкилотларнинг буюртмаси асосида талаба бўладиган тоифадаги ёшларнинг кўрсатилган муддатда ишлаб бериш мажбурияти сақлаб қолинади”, деб маълумот берди Абдували Холиқов.

Шунингдек, интервюда қайд этилишича, 3 йил ишлаб бериш талаби бекор бўлиши 2024 йилдан талабаликка қабул қилинадиган ёшларга тегишли. Бу айни пайтда олий таълим муассасаларида ўқиётган талабаларга тегишли эмас. Уларнинг бўйнида 3 йил ишлаш талаби ҳали ҳам турибди.

“Абитуриент ўзи рўйхатдан ўтсин”

Абдували Холиқов абитуриентлар олий таълим ташкилотларига рўйхатдан ўтишда ҳеч кимдан ёрдам сўрамасдан ўзлари рўйхатдан ўтишлари кераклигини таъкидлади.

“Бизда кўпинча мактаб директори ё Paynet’дан ёрдам сўралади ва натижада йўналиш танлашда, имтиҳон топширадиган ҳудудни танлашда тушунмовчиликлар бўлади. Масалан, ўтган йили бир абитуриент 189 балл тўплаган, лекин биринчи йўналиш сифатида аграр йўналишни, сўнг тиббиёт йўналишларини танлаган экан. Менимча, у бола ўтган йили аграр йўналишда ўқимаган. Бу хато – унинг бир йили “куйишини” англатади”, деди Абдували Холиқов.

Эслатиб ўтамиз, ОТМлар ва профессионал таълим муассасаларига қабул 5 июндан бошланади.

 Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид