2024 йилги қабулдан абитуриентлар янги тартиб асосида ОТМга ҳужжат топширади. Бу йилги ҳужжат топшириш олдинги йиллардан фарқ қилади. Kun.uz ўзгаришлар бўйича Билимларни баҳолаш агентлиги бўлим бошлиғи Жамшидбек Одилов билан суҳбатлашди.
Абитуриентлар ҳужжатларини қандай тартибда топширади?
Абитуриентлар жорий йилдан “аввал тест, кейин танлов” механизми бўйича ҳужжат топширади.
Биринчи босқич қабули 5 июндан 25 июнгача амалга оширилади. Бунда абитуриент тест синовида қатнашишга тегишли маълумотларни киритади. Фанлар мажмуаси: 1- ва 2-фанлар, тест топширадиган тили, тест синови топширадиган жойини киритиш биринчи босқичда ҳужжат топшириш учун етарди.
Касбий-ижодий имтиҳон топширадиган абитуриентлар эса йўналиш танлаши ҳам керак. Сабаби имтиҳон шу асосида ўтади. Бундан ташқари, бу йўналишдаги абитуриентлар ўзи касбий-ижодий имтиҳон топширадиган ОТМни ҳам танлайди. Қаерда имтиҳон топширгани абитуриентнинг ўша ерда ўқиши шартлигини англатмайди. Қаерда ўқишларини кейинги босқичда тўплаган баллига қараб танлашади.
Кейин июл-август ойида имтиҳонлар бўлиб ўтгач тўплаган баллига қараб ўз имкониятларини баҳолай олади ва кейин йўналиш танлаши мумкин бўлади.
Иккинчи босқичда ҳужжат топширишга 15 кун вақт берилади. Бу пайтда абитуриент 5 тагача йўналиш, танлов устуворлиги, таълим шаклини танлайди. Қабул тугагач, 1 ҳафтадан сўнг якуний мандат эълон қилинади.
Сертификат олишга улгурмаганлар учун ечим борми?
Бу йилдан ҳужжат топширишнинг олдинроқ амалга оширилиши абитуриентлар учун ноқулайликлар туғдириши мумкин. Сабаби чет тилидан сертификат олиш учун июн ойида имтиҳон топширадиганлар бўлиши мумкин. Масалан, июн ойида IELTS имтиҳони 13, 26 июн саналарида, июлнинг бошида эса 6 июлда ўтказилиши кўрсатилган экан. Абитуриентлар бу саналарда ҳам ҳужжат топшириш учун рўйхатдан ўтган бўлиши мумкин, сабаби улар қабул кечроқ, 20 июндан 20 июлгача бўлишини ҳисобга олишган. Лекин бу йил бу муддат ўзгаряпти ва бунга абитуриентлар айбдор эмас. Улар учун қандайдир ечим таклиф қилинадими?
Жамшид Одиловнинг жавобига кўра, уларга қўшимча муддат берилиши ҳақида ҳеч қандай режа қилинмаган. Сабаби агар рўйхатга олиш муддати узайтириладиган бўлса, мандат жавоби чиқиши кечикиб кетиши ва янги ўқув йили бошлангунгача ишларни тугатишга улгуриб бўлмаслиги мумкин.
















