Ўзбекистон | 09:14 / 26.06.2024
4113
3 дақиқада ўқилади

Wikeleaks асосчиси Ассанж АҚШ суди томонидан озод қилинди

АҚШ федерал округ суди журналист Жулиан Ассанжни АҚШ расмийлари билан келишув доирасида жосуслик тўғрисидаги қонунни бузганлик бўйича айбини тан олгани учун озод қилди.

Фото: Kim Hong-Ji/Reuters

WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж 26 июн, чоршанба куни АҚШнинг Сайпан оролидаги федерал округ суди томонидан озод қилинди. Суд журналистни АҚШ расмийлари билан келишув доирасида жосуслик тўғрисидаги қонунни бузганликда айбига иқрор бўлгач, озод қилди. Ассанж тез орада уйига - Австралияга учиб кетади.

Wikileaks асосчисининг адвокати Женнифер Робинсон 26 июнни «14 йиллик ҳуқуқий курашларга якун ясаган» ва «21-асрда (АҚШ Конституциясига) биринчи тузатиш учун энг катта таҳдид сифатида эътироф этилган» ишга нуқта қўйган «тарихий кун» деб атади.

Ассанж: Биринчи тузатиш ва жосуслик тўғрисидаги қонун бир-бирига зид

Суд мажлисида судя Ассанждан унинг жинояти нима эканлигини сўради. «Журналист сифатида мен ўз манбамни махфий деб айтилган маълумотларни тақдим этишга ундадим», деб жавоб берди Ассанж. Шу билан бирга, у сўз ва матбуот эркинлигини кафолатлайдиган АҚШ Конституциясига биринчи тузатиш унинг журналистик фаолиятини «ҳимоя қилганини» таъкидлади. «Менимча, биринчи тузатиш ва жосуслик тўғрисидаги қонун бир-бирига зиддир», - дея журналистнинг сўзларини келтиради The Washington Post.

Ассанж 175 йилга қамалиши мумкин эди

Жулиан Ассанж 24 июн куни 5 йил ўтирган Лондоннинг «Белмарш» қаттиқ тартибли қамоқхонасини тарк этди. Журналист АҚШ Адлия вазирлиги билан келишувга эришгач, қўйиб юборилган. 

Қўшма Штатларда Ассанжга «АҚШ тарихида махфий маълумотларни ошкор қилиш бўйича энг йирик иш билан боғлиқ жиноятлар» юзасидан 17 та айблов қўйилди. Гап 2010 йилдан бери АҚШнинг ҳарбий ва дипломатик фаолиятига оид 700 мингга яқин махфий ҳужжатлар ошкор этилгани ҳақида бормоқда. Ҳужжатларда АҚШнинг Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлари, жумладан, тинч аҳоли ўлдирилиши ва америкалик ҳарбийларнинг маҳбусларга нисбатан шафқатсиз муносабати ҳақида маълумотлар бор. Журналист 175 йилга қамалиши мумкин эди.

Мавзуга оид