Жаҳон | 08:52 / 25.06.2024
9652
3 дақиқада ўқилади

WikiLeaks асосчиси Ассанж Британия қамоқхонасидан озод этилди

Жулиан Ассанж гаров эвазига озод қилинди ва Британиядан чиқиб кетди, дея хабар берди унинг тарафдорлари. WikiLeaks асосчиси 18 та айбловдан бири бўйича айбини тан олиш тўғрисида дастлабки келишувга эришди.

Фото: Reuters

Лондон Олий суди WikiLeaks портали асосчиси Жулиан Ассанжни гаров эвазига озод қилди. Бу ҳақда 25 июн, сешанбага ўтар кечаси WikiLeaks вакиллари хабар берди. Ассанж 24 июн куни эрталаб Британиянинг энг юқори даражадаги Белмарш қамоқхонасини тарк этди ва кейинроқ Лондон Станстед аэропортида самолётга ўтирди ва Британиядан учиб кетди, деди унинг шериклари. Улар ҳисоб-китобларига кўра, WikiLeaks яратувчиси 1901 кунни жазони ижро этиш муассасасида ўтказган. 

The Washington Post ва CNN суд ҳужжатларига таяниб ёзишича, Ассанж тергов билан 18 та айбловдан бири бўйича айбини тан олиш учун дастлабки келишувга эришган. Битим ҳали расман якунлангани йўқ, дея таъкидлади WikiLeaks.

Янги келишув шартларига кўра, АҚШ Адлия вазирлиги прокурорлари австралиялик маълумот тарқатувчига 62 ойлик қамоқ жазосини талаб қилади. Ассанж жуда кўп вақтини Лондондаги қаттиқ режимли қамоқхонада ўтказди. 26 июн куни АҚШнинг уюшган ҳудуди бўлган Шимолий Мариана оролларидаги суд қарор чиқариши кутилмоқда.

Жулиан Ассанж иши 

Қўшма Штатларда WikiLeaks асосчиси махфий маълумотларни ўғирлаш, жосуслик ва компютер тармоқларини бузиш учун фитна каби 18 та моддада айбланмоқда. Агар айби исботланса, у 175 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. 

Вашингтонга кўра, Ассанж АҚШнинг Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётларига оид махфий материалларни америкалик аскар Брэдли Мэннинг (кейинчалик Челси Меннинг)дан олган. АҚШ расмийларига кўра, бу АҚШ разведка хизмати маълумотчиларининг ҳаётини хавф остига қўйган. Шу билан бирга, Ассанж тарафдорлари қайд этишича, WikiLeaks сайтида материаллар чоп этилиши натижасида жамоатчилик Америка аскарлари томонидан Яқин Шарқда содир этилган жиноятлар ҳақида маълумотга эга бўлган. 

Эквадор элчихонасидаги бошпана

2012 йилдан 2019 йилгача Ассанж зўрлаш иши бўйича Швеция томонидан чиқарилган Европа ордери билан ҳибсга олинишидан қўрқиб, Лондондаги Эквадор элчихонасида паноҳ топган. WikiLeaks асосчиси айбини тан олмади ва Швеция уни АҚШга экстрадиция қилиши мумкинлигини айтди. Кейинчалик Швеция адлия идоралари маълумот тарқатувчига нисбатан дастлабки терговни тўхтатди. 

2019 йилнинг апрел ойида Эквадор WikiLeaks асосчисини халқаро конвенцияларни бузганлигини баҳона қилиб, бошпанадан маҳрум қилди. Ўшанда у Жанубий Америка давлати элчихонасида ҳибсга олинган. 

Мавзуга оид