Ўзбекистон | 20:29 / 30.08.2024
8398
2 дақиқада ўқилади

Президент мустақиллик байрами арафасида 522 кишини афв этди

Президент фармони билан жазо муддатини ўтаётган ва қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган 522 нафар шахс афв этилди. Уларнинг 159 нафари асосий жазодан озод этилди, 303 нафари шартли озод қилинди. Афв этилганлар орасида 19 нафар чет эл фуқароси, 27 нафар тақиқланган ташкилотлардаги шахслар мавжуд.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мустақилликнинг ўттиз уч йиллигини нишонлаш арафасида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 522 нафар шахс афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 159 нафари асосий жазодан озод этилди, 303 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 60 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. 

Афв этилганларнинг 19 нафарини чет эл фуқаролари, 56 нафарини аёл, 25 нафарини 60 ёшдан ошган эркак, 233 нафарини ёшлар (шулардан, 1 нафари вояга етмаган) ҳамда 27 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Мавзуга оид