Ўзбекистон | 16:37 / 01.09.2024
4314
6 дақиқада ўқилади

“Реконструкция лойиҳаси узоғи 3 йилда ўзини қоплайди” — Тошкент халқаро аэропорти директори

“Uzbekistan Airports” Тошкент халқаро аэропорти модернизациясига айни пайтгача 40 млрд сўм йўналтирган. Лойиҳанинг якуний босқичи учун эса кредит олинади. Компания раҳбари Жавлонбек Умархўжаевнинг айтишича, реконструкция лойиҳасининг умумий қиймати техник-иқтисодий асослар чиққанидан кейин маълум қилинади.

Чапдан ўнгга: Жасурбек Пўлатов – Тошкент халқаро аеропорти директори; Жавлонбек Умархўжаев – Uzbekistan Airports раиси; Жасурбек Чориев – транспорт вазири ўринбосари; Тимур Халилов – Uzbekistan Airports Handling директори / Фото: Kun.uz

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти реконструкциясининг биринчи босқичи якунланиб, 31 август куни янги учиб кетиш зали очилиши бўлиб ўтди. Тадбир доирасида “Uzbekistan Airports” АЖ ва Транспорт вазирлиги раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Uzbekistan Airports бошқарув раиси Жавлонбек Умархўжаевнинг сўзларига кўра, истиқболда Тошкент учун янги аэропорт қуриш режаси бор, лекин унга узоқ вақт кетади. Шу сабабли кўпайиб бораётган йўловчилар учун мавжуд терминални кенгайтириш афзал кўрилган.

“Янги аэропортнинг қурилиши 1 ёки 2 йиллик лойиҳа эмас. Истанбул аэропортини мисол қилиб келтираман: адашмасам, уни қуришга 7 йил сарфланган. Янги аэропортнинг қурилиши ҳозирги шароитга таъсир қилиши керак эмас, яъни янгиси қурилгунча мавжуд аэропортга озми-кўпми йўловчиларга шароит яратиб беришга мажбурмиз.

Янги аэропорт қуриш учун ўзига яраша бир қанча босқичлари бор. Унинг техник-иқтисодий асосларини яратиш, маблағларни, инвесторларни жалб қилиш жараёнлари бор. Шу муносабат билан бу ишлар ҳам ўрнатилган тартибда давом этяпти. Ҳозирги кунда биз барибир Тошкент халқаро аэропортини кенгайтиришимиз керак. Чунки йўловчилар оқими йиллик ўртача 20-25 фоиз ошмоқда. Ўтган йил билан солиштирадиган бўлсак, бу йил 1,5 млн нафарга кўпайган. Кейинги йилги прогнозларимиз ҳам шундай.

Айни вақт аэропортимизнинг сиғими 7 млн нафарга мўлжалланган, лекин йил якунигача 8 млн нафардан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатишни режа қилганмиз. Бу дегани биз сал орқада қоляпмиз, шунинг учун аэропортнинг реконструкция ва модернизация ишларини жадаллаштиряпмиз. Албатта, бу ташаббус Uzbekistan Airports томонидан илгари сурилган, ҳукумат ва давлат раҳбари томонидан тасдиқланган. Шундан кейин биз ишларни амалга оширишни бошладик”, – дейди у.

Компания раҳбари лойиҳанинг молиявий жиҳатларига ҳам тўхталди.

Таъкидланишича, Тошкент халқаро аэропортини кенгайтириш ва модернизация қилиш лойиҳаси АЖ маблағлари ҳамда жамият жалб қиладиган кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

“Биз бюджетга боғланмаганмиз, яъни Тошкент халқаро аэропорти бугунги кунда ўзини 100 фоиз қоплайдиган ва жуда ҳам яхши даромад кўрсатадиган ташкилот ҳисобланади. Аэропорт ўзини ўзи бемалол бошқариб, қурилиш-монтаж ишларини ўзи топаётган даромадлари орқали бемалол қоплай олади.

Кредит манбаси бўйича ҳозирги кунда ишланяпти, бугунги кунгача қилинган ҳамма ишлар АЖнинг маблағлари ҳисобидан қопланган ва ҳозирги кунда кейинги босқични бошлаш учун кредит маблағларини жалб қилиш бўйича ишлаяпмиз. Кредит маблағларини қайтариш жамият ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳозирда биз лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари устида ишлаяпмиз, бу кредитларни олиш учун шу асослар бўлиши керак. Жараён якунланганидан кейин биз қанча кредит маблағлари жалб этилишини очиқлаймиз. Реконструкция лойиҳасининг умумий қиймати ҳам ТИА чиққанидан кейин маълум қилинади”, – дейди Жавлонбек Умархўжаев.

Унинг қўшимча қилишича, лойиҳанинг дастлабки босқичларидан бири бўлган учиб кетиш терминалида қурилган янги залнинг ўзига “Uzbekistan Airports” АЖ томонидан 40 млрд сўм сарфланган.

“И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти” МЧЖ директори Жасур Пўлатовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, аэропортни реконструкция қилиш учун “Узпромҳолодмонтаж” МЧЖ пудратчи сифатида танлаб олинган.

Директор тендер “Uzbekistan Airports” АЖ томонидан ўтказилганини таъкидлаб, бунда нечта қурувчи ташкилот қатнашгани, аукцион қай тартибда ўтганидан бехабарлигини билдирди.

“Бу лойиҳа 1,5 йил аввал, [“Uzbekistan Airports”нинг собиқ раиси] Раъно Жўраева вақтида бошланган. Энди ҳозир шунинг давоми кетяпти. Ўша вақтда биринчи босқич сифатида қўшимча заллар барпо қилинганди.

Биз ўзимиз қўшимча тарзда аэропорт ҳудудининг таҳлилини ўтказдик. Аэропортдаги мавжуд йўловчилар учун юзага келаётган ноқулайликларнинг таҳлилини ўтказдик. Ана шу ноқулайликлар ҳамда йўловчи ўтказиш йўлакларимизнинг таҳлили асосида бугунги кундаги ушбу ташаббусни давлат раҳбарининг рухсати билан бажардик”, – деди у.

Жасур Пўлатовнинг қўшимча қилишича, қурилишнинг рентабеллиги, яъни натижадорлиги йилига ўртача 30 фоизда ҳисобланган. Масъулга кўра, узоғи 3 йилда реконструкция лойиҳаси ўзини тўлиқ қоплайди.

Эслатиб ўтамиз, халқаро аэропорт реконструкциясининг сўнгги босқичи шу йил сентябр ойида бошланиши режа қилинган, жараён 2025 йилнинг сўнгигача давом этади.

Ишлар якунига етказилгач, ўтказиш имконияти йилига 13 миллион йўловчига етказилади.

2022 йилда “Uzbekistan Airports” АЖнинг ўша вақтдаги раиси Раъно Жўраева кўпайиб бораётган йўловчилар оқими сабаб шаҳар ташқарисида янги халқаро аэропорт қуришни таклиф қилгани ва бу ташаббус ҳукумат билан муҳокама қилинаётганини айтганди.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Фото: Тошкент аэропорти реконструкциядан сўнг қандай кўринишда бўлади?

 

аэропорт, Тошкент

Мавзуга оид