Дўстона давлатлар бўйлаб турне. Шойгунинг КХДР, Эрон ва Сурияга ташрифлари ортида нима бор?
Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу ўтган ҳафта охиридан буён аввалига КХДРда бўлди, кейин Сурия ва Эронга ўтди. Унинг Кремлга дўстона муносабатда бўлган, АҚШ томонидан «ёвузлик ўқи» деб аталадиган чизиқда жойлашган мамлакатлар бўйлаб турнеси бир томонда ғарб мулозимларининг Россия ўз иттифоқчиларидан ракеталар олаётгани ҳақидаги баёнотлари янграётган, иккинчи томонда Москва Украина ўз ҳамкорларидан олган ракеталар билан Россия ҳудуди бўйлаб зарба йўллашга рухсат берилишидан хавфсираётган фонда амалга оширилди. Шойгу айнан нималарни муҳокама қилган бўлиши мумкин ва унинг турнеси нимани англатади?
Сергей Шойгу ўрнига Андрей Белоусов мудофаа этиб тайинланганидан буён уч ярим ой вақт ўтганига қарамай, вазирликда юқори лавозимли мулозимлар қўлга олиниши давом этаётган бўлса-да, Шойгунинг ўзининг бошқарув аппаратидаги позицияси, афтидан, жабрланмаган. Эндиликда Россия Хавфсизлик кенгаши котиби бўлган ушбу мулозим учун ўтган иш ҳафтаси анча тиғиз кечди — у кўп бор парвоз қилиб, турли даражада музокаралар ўтказди.
Аввалига Шойгу Пхенянга учиб бориб, КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан учрашди, хабар қилишларича, улар икки мамлакат ўртасидаги стратегик мулоқотни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилишган. Шундан кейин Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Дамашққа учди, бу ерда у президент Башар Асад билан «халқаро ва минтақавий хавфсизлик масалалари»ни муҳокама қилди.
Шойгунинг навбатдаги манзили Теҳрон бўлди — у бу мамлакатга олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан келган. Эрон пойтахтида аввалига у ўз ҳамкасби — Эрон миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Акбар Аҳмадиён билан учрашди, кейин эса мамлакатнинг яқинда сайланган президенти Маъсуд Пизишкиён билан музокаралар ўтказди.
Россиянинг ТАСС давлат агентлигига кўра, Шойгу президентга «Владимир Путиннинг номаси»ни етказган ва «эришилган келишувлар бўйича қандайдир ҳисобот»ни тақдим этган. Пизишкиён бунга жавобан Теҳрон ва Москва муносабатлари «доимий, узлуксиз ва узоқ муддатли асосда ривожланиб бориши»га ваъда берди, дея хабар берган Эроннинг IRNA давлат агентлиги. Эрондаги IRIB телеканали қўшимча қилишича, Шойгу ва Аҳмадиён икки томонлама алоқалар истиқболларини муҳокама қилишган.
Ҳамкорлик шартномалари
Эронга ташрифи олдидан Шойгу Россия Москва ҳамда Теҳрон ўртасидаги янги келишувни имзолаш учун зарур бўлган «ички процедуралар»ни якунлаётганини айтганди.
Росия ва Эрон ўртасидаги муносабатлар асослари ва ҳамкорлик тамойиллари тўғрисидаги шартнома 2001 йилда Москвада имзоланган. Бир йил ўтиб у кучга кирган ва ҳар беш йилда муддати автоматик тарзда узайтирилган. Аммо йигирма йил ўтиб, 2022 йил январида, Эроннинг олдинги президенти Иброҳим Раисий ташрифидан сўнг ОАВда келишувнинг янги версияси устида иш бошлангани ҳақида ёзилди.
Жорий йил февралида Россиянинг Теҳрондаги элчиси Алексей Дедов «РИА Новости» учун интервюсида имзолашга тайёрланаётган ҳужжатни «яқин йиллар, балки келгуси ўн йилликлар учун Россия-Эрон ҳамкорлигини белгилаб берувчи энг асосий ҳужжат» деб атади.
Аммо орадан икки йил ўтиб ҳам шартнома имзоланмади. Жорий йил апрелида ҳужжат имзоланиши муддати ҳақидаги саволга Россия ТИВдагилар «тахминий саналар маълум эмаслиги»ни билдирди. «Жорий йил бошида лойиҳа юқори даражада тайёр эди, аммо кейин эронлик ҳамкорлар бизда, Россиянинг ўзида идоралараро янги тасдиқлашни талаб этадиган бир қанча тузатишларни киритишди», — деганди ТАСС мухбирига Россиянинг Афғонистон бўйича махсус вакили, ТИВнинг Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Кабулов. Унинг сўзларига кўра, «бу тузатишлар қайта ишланганидан кейин» Россия томони бу вариантни эронликларга топширган ва жавоб кутмоқда.
Шундан кўп ўтмай президент Раисий авиаҳалокатда вафот этади ва президентлик сайловлари ўтказилиб, унда Маъсуд Пизишкиён ғалаба қозонади. Айрим экспертлар аввалига
Пизишкиён ва унинг ортида турган элитанинг бир қисми Ғарб билан алоқа ўрнатишга мойил бўлиши мумкинлигини, шу билан бир вақтда, элитанинг консерватив қисми қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликка эътибор қаратишини истисно қилмаганди.
Аммо бу хавотирларнинг барчаси беҳуда бўлиб чиқди — келишув Эрон президенти Маъсуд Пизишкиённинг жорий йил октябрида Қозон шаҳрида ўтказиладиган БРИКС саммитига ташрифи чоғида имзоланади.
«Ведомости» газетаси қайд этишича, Россиянинг Эрон билан келишуви Москванинг Мўғулистон, Ветнам ва КХДР билан келишувларининг муқобилидир.
Бундай келишув шу йил ёзида Владимир Путиннинг Пхенянга икки кунлик ташрифи чоғида ҳам имзоланганди. Ҳужжат иштирокчилардан бирига тажовуз қилган ҳолатда ўзаро ёрдам кўрсатишни назарда тутади. Ўшанда экспертлар келишув бир томондан Украинадаги урушда Шимолий Корея томонидан қўллаб-қувватлов учун ҳуқуқи асос бўлишини, иккинчи томондан, Ким Чен Инга ядровий арсеналга эга ҳамда БМТ Хавфсизлик ҳуқуқида вето ҳуқуқига эга бўлиб, унга қарши ҳар қандай янги санкцияларни блоклаши мумкин бўлган иттифоқчи беришини қайд этишганди.
Эронга ҳам, КХДРга ҳам бу жуда зарурдир.
Баллистик ракеталар етказиб берилиши
Россиянинг Хитой, Шимолий Корея ва Эрон билан муносабатларини чуқурлаштириши Кремлнинг Россия ҳарбий-саноат базасини мустаҳкамлаш ва Украинадаги урушни қўллаб-қувватлаш учун стратегик ва иқтисодий ҳамкорликни таъминлай оладиган, ўзига дўстона бўлган мамлакатлар коалициясини тузишга қаратилган саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир, дея ёзади Америкадаги Урушларни ўрганиш институти ҳар кунги ҳисоботида.
Бу саъй-ҳаракатлар Ғарбдагилар эътиборидан четда қолмаяпти. Сентябр ойи бошида Wall Street Journal газетаси европалик ва америкалик аноним мулозимларга таянган ҳолда Эрон аллақачон Россияга қисқа масофада ҳаракатланувчи баллистик ракеталарининг илк партиясини юборгани ҳақида хабар берганди. CNN телеканали ҳам разведкадаги икки манбасига асосланган ҳолда Эрон бу ракеталарни «аллақачон етказиб бергани»ни тасдиқлади.
Шундан кейин, Сергей Шойгунинг турнеси бошланиши арафасида, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Эрон Россияга ракеталар етказиб бергани ҳақида расман маълум қилиб, Теҳронни Украинадаги урушни кескинлаштиришда айблади. Франция, Германия ва Буюк Британия ҳам АҚШга қўшилди — бу тўрт мамлакат Эрон баллистик ракеталари Россияга экспорт қилинишини «Европа хавфсизлигига тўғридан тўғри таҳдид» деб атади.
BBC нинг ёзишича, Теҳрон Москвага бергани айтилаётган Fath-360 — яқин радиусда ҳаракатланувчи баллистик ракета бўлиб, унинг учиш масофаси 120 км атрофида ва жанговар каллаги оғирлиги 150 кг. Ғарб разведкаларидаги манбаларга кўра, у юқори аниқликда ҳаракатланиши билан ажралиб туради.
Россияга Шимолйи Корея ракеталари етказиб берилгани ҳақида ғарблик расмийлар анчадан буён гапириб келишади. Жорий йил бошида Оқ уй миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби Вашингтондаги брифингда Пхенян Москвага учириш ускуналари ҳамда ўнлаб ракеталар етказиб берганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, бу ракеталарнинг ҳаракатланиш масофаси 900 километрни ташкил этади, аммо у брифинг чоғида намойиш этган харитада ракеталардан бирининг учиш масофаси 400 км атрофида экани кўрсатилган.
Россияда мавжуд бўлган «Искандер-М» ракета комплекси учирадиган баллистик ракеталар учиш масофаси 500 км билан чегараланган. Лекин АҚШдагилар олдинроқ «Искандер-М» комплекси фойдаланадиган 9M729 ракетаси аслида ундан ҳам узоқроққа учиши мумкинлиги айтилганди.
Тактика эмас, стратегия
Сергей Шойгунинг Пхенян, Дамашқ ва Теҳронга ташрифлари Украина ҳамда унинг ғарблик ҳамкорлари ўртасида Киевга Ғарб ракеталарини Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба йўллашда фойдаланишга рухсат бериш бўйича мунозаралар давом этаётган паллага тўғри келди.
Гап биринчи навбатда Британия ва Франция томонидан ишлаб чиқилан Storm Shadow (ёки SCALP) қанотли ракеталари ҳақида боради. Унда Америка компонентлари ҳам мавжуд, шунинг учун иттифоқчилар уни қўллашда АҚШнинг ҳам розилигини олиши керак бўлади. Шу билан бирга, украинлар Американинг қуруқликдан учирилувчи ва 300 км масофага ҳаракатланувчи ATACMS баллистик ракеталарини ҳам олишни истамоқда. Бу ракета айниқса очиқ жойдаги, яхши ҳимояланмаган иншоотларга зарба беришда қўл келади.
Аммо Стармер ва Байден ўртасида дам олиш кунлари ўтказилган музокараларда бу борада келишувга эришилмаган. Нима бўлганда ҳам, бу ҳақда расмий хабар берилмади. Лекин британияликлар бош вазири мавзу юзасидан мулоқот БМТ Бош ассамблеясида, «каттароқ доирада» давом эттирилишини айтди.
Музокаралар якунларига кўра Британия ҳукумати раҳбари АҚШ президенти билан учрашувда «қандайдир муайян қарор» бўйича гап кетмаганини билдирган — унинг айтишича, томонлар «Украина, Яқин Шарқ ва Ҳинд-Тинч океани минтақаси» бўйича ўзаро мос келувчи стратегик қарашларни муҳокама қилган. Стармер Украинада ҳам, Яқин Шарқда ҳам «яқин ҳафталар ва ойларда чиндан ҳам муҳим воқеалар рўй бериши»ни қўшимча қилган.
Россия Яқин Шарқдаги можарога тортилмоқда
Россия 2022 йил февралида Украинага бостириб киргач, Москва, Пекин, Теҳрон ва Пхенян «янада жипслашди», деган Британиянинг Times газетасига НАТО бош котиби Йенс Столтенберг. Унинг интервюси Сергей Шойгу ўз турнесини якунлаган кунда эълон қилинди.
Теҳрон Москвага юборган баллистик ракеталар партияси ҳақида гапираркан, европалик мулозим Россия уларни «текинга» қўлга киритмаётганига урғу қаратган. «Биз шундан ташвишдамизки, Россия Эронга унинг ракета дастурларида ёрдам берадиган технологияларини бериши мумкин. Россия олгани учун тўлов қилади ва бу Эроннинг имкониятларини мустаҳкамлайди», — дея қайд этган Столтенберг.
Ғарб сиёсатчилари ва разведкачилари ракета дастуридан ташқари Россия Эронга ядровий қурол яратиш имкониятларини яқинлаштириши мумкин бўлган махфий технологиялар билан бўлиши орқали ҳам жавоб қайтариши мумкинлигидан ҳам хавотирланмоқда. Аммо Москва ва Теҳрон ўртасидаги ўсиб бораётган ҳамкорликка бошқа томондан ҳам қараш мумкин.
Экспертлар Эрон узоқ йиллардан буён ядровий қуролга эга бўлишни исташидан ташқари, Теҳроннинг яна бир муҳим ҳарбий вазифаси авиацияни кучайтириш ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини такомиллаштириш эканига эътибор қаратмоқда — айниқса Яқин Шарқдаги кескинлик ва Исроил билан қарама-қаршилик кучайиб бораётган шароитда.
2023 йил охирида Эрон Россиянинг Ми-28 русумли зарбдор вертолётлари, Су-35 қирувчилари ҳамда Як-130 ўқув-жанговар самолётлари хариди бўйича келишувга эришганини расман эълон қилганди.
Украинага Ғарб қуроллари етказиб берилишини ушбу мамлакатларнинг можарога аралашуви сифатида баҳолаётган Москванинг ўзи ҳам Теҳрон билан яқиндан ҳарбий-техник ҳамкорлик қилиш орқали Яқин Шарқдаги можаро иштирокчиси деб ҳисобланиши мумкин. Ҳолбуки яқин-яқингача Москва бу минтақада барча кучлардан бир хил масофа сақлашга уриниб келган.
Ҳозирча Россия раҳбарияти минтақада Исроил ва АҚШга қарши курашувчи эронпараст кучларни очиқ қўллашдан эҳтиёт бўлмоқда, аммо бетараф бўлиб кузатиш ва тўлақонли иштирок этиш ўртасида жуда кўп оралиқ босқичлар бор, дея ёзган шарқшунос Никита Смагин Карнеги халқаро тинчлик жамғармаси сайтида.
Аммо сентябрда шарқшунос Руслан Сулейманов ОАВдаги хабарлар ҳамда ҳусийчилар орасидаги ўз манбаларига асосланган ҳолда Россия Бош разведка бошқармасидан бўлган маслаҳатчилар эндиликда гуманитар ташкилотлар ходимлари ниқоби остида Санода ишлаётгани ҳақида хабар берган. Америка нашрлари эса Кремл ҳусийчиларга қурол етказиб бериш имкониятларини кўриб чиқаётгани, аммо АҚШ ва Саудия Арабистони томонидан босим туфайли ҳозирча бу фикрдан воз кечишга мажбур бўлгани ҳақида ёзган.
Мавзуга оид
20:58 / 24.12.2024
Bloomberg: Россияга Эрон қуролларининг чорак қисмини бизнесмен Ҳусайн Шамҳаний етказиб бермоқда
12:20 / 24.12.2024
NYT: КХДР қўшинларини Россияга юбориш ғояси Пхеняндан чиққан
19:15 / 23.12.2024
КХДР Россия—Украина урушида мингдан ортиқ ҳарбийсидан айрилгани маълум қилинди
09:12 / 23.12.2024