Жаҳон | 19:15
3775
2 дақиқада ўқилади

КХДР Россия—Украина урушида мингдан ортиқ ҳарбийсидан айрилгани маълум қилинди

Жанубий Корея Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси КХДР Россия армиясини урушда қўллаб-қувватлаш учун мамлакатга қўшимча ҳарбий техника ва қўшин юборишга тайёргарлик кўраётгани тўғрисида хабар берди.

Фото: EyePress News/REX/Shutterstock

Жанубий Корея Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси КХДР Россия—Украина урушида 1100 нафар ҳарбийсидан айрилганини маълум қилди, деб ёзади Yonhap агентлиги.

Қайд этилишича, КХДР Россия армиясини урушда қўллаб-қувватлаш учун мамлакатга қўшимча ҳарбий техника ва қўшин юборишга тайёргарлик кўраётган бўлиши мумкин.

«Ҳар томонлама ўрганиб чиқилган кўплаб разведка маълумотлари Шимолий Корея Россиядаги қўшинлари сонини оширишга ёки ротация қилишга тайёрланаётганини кўрсатмоқда», — дейилади Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси баёнотида.

Бундан ташқари Сеул маълумотларига кўра, Шимолий Корея Россияга зарба берувчи дронларни етказиб бериши мумкин. Ҳарбийларнинг қайд этишича, КХДР дронлар ишлаб чиқаришга киришгани тўғрисида «айрим белгилар мавжуд» — бу ҳақда илк бор ноябр ойида маълум бўлган.

Жанубий Корея, АҚШ ва Украина маълумотларига кўра, КХДР ҳукумати Россияга шу пайтгача 10-12 минг ҳарбийсини юборган.

Аввалроқ Россия Украинага қарши урушда фойдаланадиган Шимолий Корея аскарларига уларнинг фронтда борлигини яшириш учун сохта гувоҳномалар бераётгани тўғрисида хабар берилганди. Украина Қуролли кучларининг махсус операциялар кучлари руслар «жанг майдонидаги йўқотишларини яшириш ва хорижий куч мавжудлигини яшириш» учун бундай чораларга мурожаат қилмоқда, деб ҳисобламоқда.

Мавзуга оид